Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг вазирлик тизимидаги спорт-таълим муассасаларида иш юритиш бўйича меъёрий ҳужжатларни тартибга солиш тўғрисида буйруғи қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Жорий йилнинг 13-14 декабр кунлари Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ушбу буйруқда белгиланган вазифалар ижроси таъминлашга қаратилган “Вазирлик тизимидаги спорт-таълим муассасалари фаолиятига оид ҳужжатларни ҳамда спорт ҳаками фаолиятини тартибга солиш” мавзусида ҳудудий ўқув семинар ўтказилди.
Семинарда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида фаолият олиб бораётган 139 нафар болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари директорлари, спорт федерация (ассоциация)лари мутасаддилари иштирок этишди
Урганч давлат университети маданият саройида ташкил этилган семинарнинг биринчи кунида жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Ш.Мўминжонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида батафсил маълумот берди. Тадбирда, шунингдек, таълим муассасаларида юритилиши лозим бўлган ҳужжатлар номенклатураси, давлат таълим стандартлари, дарсликлар, ўқув қўлланма ва ўқув-методик адабиётларни яратиш ҳамда оммавий спорт тадбирларини ўтказиш мавзуларида маърузалар тингланди.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари Урганч ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернати ҳамда “Ёшлик” спорт мажмуасидаги ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари фаолияти билан танишдилар.
Тадбирнинг иккинчи кунида иштирокчиларга таълим муассасаларини ободонлаштириш, наъмунавий йўриқнома асосида безаш ва жиҳозлаш, молия-хўжалик фаолиятини юритиш, юридик хизмат, спорт ҳакамлиги фаолиятига доир малака талабалари, иш юритиш бўйича меъёрий ҳужжатларни тартибга солиш тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шу куни семинар иштирокчилари Хива шаҳар “Дўстлик” маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 октябрь “Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида қурилган “Grand Abdumalik” спорт мажмуасининг тантанали очилиш маросими иштирок этишди.
Спорт мажмуасининг очилиш маросимида жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Ш.Мўминжонов, Хива шаҳри ҳокими, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Мадаминовлар сўзга чиқиб, республикамизнинг турли ҳудудлардан ташриф буюрган спорт-таълими муассасалари директорларига давлат-хусусий шериклиги асосида спорт мажмуаларини ташкил этишнинг шартлари ва афзалликлари ҳақида маълумот беришди.
Якунда иштирокчиларга ушбу семинар давомида олган билим ва кўникмаларини ўз муассасаларида амалиётга жорий этиш вазифаси юкланди.