“Локомотив” жамоаси PEPSI Суперлига-2018 якунларига кўра чемпионликни қўлга киритди.
Чемпионатни у қадар муваффақиятли бошлай олмаган “темирйўлчилар” жамоаси мавсум аввалида бир қатор ўйинларда кутилмаганда очколарни бой бериб қўйди. Натижада кўпчилик “Локомотив”ни олтин медаллар учун даъвогарлар сафидан чиқара бошлаган эди.
Лекин “Локомотив” мавсум ўрталарига келиб, яна ўз ўйинини намойиш эта бошлади ва чиройли ғалабалар билан ишқибозларини хушнуд этди. Якунда эса олтин медаллар кетма-кет учунчи марта “Локомотив”га насиб этди.
“Темирйўлчилар” жамоаси сафига мавсум аввалида Сербиядаги 4 йиллик фаолиятидан сўнг келиб қўшилган маҳоратли ҳужумкор ярим ҳимоячи Ҳусниддин Ғофуров мавсум-2018 якунлари хусусида ПФЛ расмий сайтига ўз тассуротлари билан ўртоқлашди.
- 2018 йилги мавсумдан бир олам таассуротлар қолди. Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, мавсум бошида бир қатор ўйинларда муваффақиятсизликка учрадик. Аксарият ўйинларда катта ташаббусга эга бўлсак-да, кутилмаганда муҳим очколарни қўлдан чиқардик. Натижада баъзилар хатто жамоамизнинг кучли олтиликдан ўрин олишига ҳам шубха қила бошлашди.
Лекин мавсум ўрталарига келиб ўз ўйинимизни топиб олдик ва яна мухлисларимизга ёқадиган ўйин кўрсата бошладик. Якунда эса жамоамиз навбатдаги чемпионликни тантана қилди.
Суперлига-2018 жуда қизиқарли тарзда ўтганини айта оламан. Жамоалар ҳар бир очко учун жиддий кураш олиб боришди. Рақобат анча кучли бўлди, дея оламан.
Ўзбекистон чемпионати Сербия чемпионатидан қолишмайди. Ўртадаги тафовут асло катта эмас. Ўзбекистон Суперлигасида ҳам чемпионликка эришиш жуда-жуда қийин вазифа. Лекин “Локомотив” буни уддалай олди ва мен ҳам ушбу ғалабага ўз хиссамни қўша олганимдан бахтиёрман.
Тўғриси фаолиятим давомида илк марта чемпион бўлишим. Шу боисдан мазкур ғалаба мен учун ўзгача тарзда аҳамиятли. Насиб этса, ҳали яна кўплаб чемпионлик унвонларини қўлга киритишга ҳаракат қиламан, - деди футболчи.
“Локомотив” матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди