Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Вундеркиндлар: Қобилиятли шогирд

Баҳо:
+ | -

«Челси» таркибидаги охирги 7 учрашувда бу йигитча рақиблари дарвозаларини 6 марта забт этди. Ёзда эса Англия терма жамоаси билан ЖЧ-2018 ярим финалида тўп суришга муваффақ бўлганди. Қуйидаги мақола Лондон клуби ҳамда «уч шерлар»нинг янги умиди - Рубен Лофтус-Чикка бағишланган.

Болаликдан футболга ошно

Отаси гайаналик бўлган Лофтус-Чик Лондонда дунёга келди. Унинг оиласи футбол билан чамбарчас боғлиқ. Яъни, укаси ва амакиваччаси ҳам шу спорт турига кўнгил беришган. Рубеннинг ўзи эса ёшлигидан тўп тепиб улғайди. Аввалига шунчаки хурсандчилик учун, албатта.

«9-10 ёшли пайтимда синфдошларим билан кўчада тўп суришни ёқтирардим. Шунингдек, мактаб жамоасида ҳам ўйнардим. 14га чиққач, футболга бўлган муносабатим жиддийлашди. Ота-онам мақсадга эришиш учун астойдил шуғулланишим кераклигини айтишди», - дейди Рубен. Ўша пайт у «Челси»да тўп суриш орзусини яширмас, ўзини фақат кўк либосда тасаввур қиларди. Клуб академиясига ортиқча муаммоларсиз қабул қилинган Лофтус-Чик барча босқичлардан муваффақиятли ўтди. «Кўрикдан ўта олганимдан беҳад бахтиёр эдим. Гуруҳимизда ажо-йиб болалар тўпланишганди. Улар билан дўстлашиб олдим. Биз ҳар бир ўйинда ғалабага интилардик, «Арсенал» ва бошқа жамоалардан доимо устун келардик».

Афсонавий устоз

«Челси»даги илк кунлардан бошлаб Лофтус-Чикни Жон Террига қиёслаб, қачондир бу йигитча буюк сардор ўрнини эгаллашига умид билдира бошладилар. Айнан Жон асосий жамоада Рубенга мададкор бўлди. Афсонавий ҳимоячи билан бўлган мулоқотлар ёш футболчи қалбига ўчмас хотира бўлиб муҳрланди: «Биз, болалар учун бу ҳайратланарли учрашув эди. Жоннинг машғулотларимизга ташрифини, ота-оналаримиз билан мулоқотини ҳеч қачон унутмайман. Кеча ёшлар жамоасида юрган йигитчанинг энди афсона билан ёнма-ён тўп суриши ёқимли эртакдан ҳам лаззатлироқ!»

Қизиғи шундаки, Терри Англия чемпиони унвонига сазовор бўлганида Рубен мактаб ўқувчиси эди. Ўша даврдаёқ тажрибали ҳимоячи ёш иқтидор соҳибига жиддий эътибор қаратган ва қимматли маслаҳатларини аямаганди. Ана шу яқинлик чинакам дўстликка айланди: «Жон Терри билан доимий алоқадаман. Футбол ёки бошқа мавзуда гаплашганимизда, у мендан ёрдамини аямайди, мулоқотдан мамнун эканлигини таъкидлайди. Ўгитларининг яхши-ёмони йўқ, ҳаммаси фойдали ва керакли».

Илк натижалар

Лофтус-Чикнинг ноёб иқтидори хусусида кўп ва хўб гапирилган. Бу бежиз эмас. 2015 йилда Рубенни «Голден Бой» соврини номзодлари рўйхатига киритишганди. Ғолиблик ёш ярим ҳимоячига насиб этмади. Лекин 1 йилдан сўнг уни «Челси»дагилар йилнинг энг яхши ўйинчиси унвонига лойиқ топишди. Унинг ўйинлари чиндан ҳам мухлисларни мафтун этмоқда. Рубен айниқса, тўп узатиш санъатини мукаммал эгаллаган. АПЛ доирасидаги «Ливерпул»га қарши дебют учрашувининг биринчи бўлимида Рубен 27та узатмани 100 фоиз аниқликда амалга оширганди. «Кўклар»нинг ўша пайтдаги устози Гленн Ходдл ёш шогирдини мақташ чоғида талабчанликни ҳам унутиб қўймади: «У қандайдир фантастик ҳаракатни намойиш этгани йўқ. Аммо шу 27 узатмаси билан ўйинни тўла назорат қилди. Майдон тубидан ҳаракат бошлайдиган ўйинчи тўпни қадрлай билиши керак. Ўйлашимча, Рубен ўйинни яхши ҳис этадиган футболчи. У аввал ўнгга, кейин чапга, қўшимчасига ортга ҳам аланглайдиган сусткашлардан эмас».

Дебютдаги кичик муваффақиятга қарамасдан, Лофтус-Чик учун асосий таркибдан жой топилмади. Унга эса ўйин амалиёти сув билан ҳаводек зарур эди. Аввалига «Вест Бромвич» талабгор бўлганди. Бироқ якунда Рубен «Кристал Пэлас»га ижарага берилди ва айнан «бургутлар» сафида ўзини тўла намойиш этди. Иқтидорли ярим ҳимоячи ҳар бир ўйинда ҳеч бўлмаганда битта ҳал қилувчи узатмани амалга оширар ва рақиб узатмасини илиб оларди. Дриблинг ва узатмалар аниқлиги борасида рисоладагидек натижаларни қайд этди. Қизиғи шундаки, айнан «сургун»да тўп сурган даврида Рубен Англия терма жамоасининг илк таклифига сазовор бўлди. Табиийки, энди «Челси» ҳам уни интиқлик билан кутаётган, жамоанинг собиқ ҳужумчиси Крис Саттон Лофтус-Чик маҳорат бобида Сеск Фабрегасдан устунроқ эканлигини таъкидлаганди. Ҳозирда «кўклар»нинг етакчиларидан бирига айланган Виллиан эса Рубенни нима учун ижарага бериб юборишганини била олмай ҳайрон эди: «Лофтус-Чик - ажойиб футболчи, куч-қуввати, савияси талаб даражасида. Уни порлоқ келажак кутмоқда. Қизиқ, нима учун Рубен «Кристал Пэлас»да? Сира тушуна олмаяпман. У албатта қайтиши керак».

Шу йилнинг ёзида Лофтус-Чик фаолиятидаги тарихий воқеа юз берди: ёш иқтидор соҳиби «уч шерлар» сафида Россия мундиали сари йўл олди. Эътиборлиси, бош турнирнинг масъулияти Рубенни довдиратиб қўймади ва у ишончни оқлашга тайёр эканлигини маълум қилди: «Энг йирик мусобақада муносиб тўп суриш учун 100 фоиз шайлигимни маълум қиламан. У ердаги юксак босимни қандай енгиш кераклигини яхши биламан. Ҳеч қандай ўйинчи ёки жамоа-дан тап тортмаган ҳолда тўп сураман. Ўйлашимча, муваффақиятга эришишнинг энг зарур шарти шу. Турнирга кучли иштиёқ ва кўтаринки кайфиятда йўл оляпман. Бизни ҳисобдан чиқариб юборишларини хато деб ҳисоблайман. Йигитларимизнинг машғулотларини кузатган киши ҳайратдан ёқа ушлаши аниқ. Жамоамиз имкониятлари етарли, деб ўйлайман. Навқирон, лекин уюшқоқ ва аҳил. Агар маҳоратимизни етарли даражада ва керакли пайтда намойиш эта олсак, турнирни юксак савияда ўтказамиз. Ёшлар терма жамоасида олган тажрибам менинг бош жамоада ҳам талаб даражасида тўп суришимда қўл келади. Иложи борича юқорироқ босқичга кўтарилиш учун куч-маҳоратимни аямайман».

Дарҳақиқат, «уч шерлар» мундиалда муносиб иштирок этишди ва ярим финалгача етиб боришди. Бронза медаллари Бельгия вакилларига насиб этган бўлсада, инглизлар, хусусан, Лофтус-Чик намойиш этган ёрқин ўйин яхши таассурот қолдирди. «Челси» раҳбарияти эса ярим ҳимоячи жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилишга тайёр эканлигига амин бўлди. Мураббийлик тизгини Маурицио Сарри қўлига ўтгач, Рубеннинг «сургун»и хусусидаги гап-сўзлар бутунлай ғойиб бўлди. «Мавсум бошланишидан аввал унинг кучли ўйинчи эканлигидан хабардор эдим. Ҳозир бунга гувоҳ бўлиб турибман. Рубен менинг услубимга мос ўйинчи. Тўғри, ҳимоядаги ҳаракатларини яхшилаши лозим. Бироқ бу фақат унга эмас, барчага тегишли талаб», - деди италиялик мутахассис. Жорий мавсум Азар билан ёрқинлик бобида баҳслашишни айнан Лофтус-Чик амалга оширмоқда. Яқинда у Европа Лигаси турнирида ҳафтанинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди, БАТЭга қарши баҳсда «хет-трик»ка эришиб, англиялик футболчиларга 4 йилдан бери насиб этмаган натижани такрорлади. Умуман, ҳозир Рубен жамоада Эден Азардан кейин иккинчи тўпурар бўлиб турибди. Қўшимчасига, бельгиялик юлдуз Лофтус-Чикдан ҳайратда эканини яширмаяпти: «Рубен - фантастик ўйинчи. Бунга заррача шубҳам йўқ. Чунки у билан 5 йилдан бери ёнма-ён машқ қиламан. Яъни, болалигидан биргаман. Ҳозир у анча улғайди. Лекин маҳоратини янада ошириши аниқ. Рубен тез орада Англиянинг етакчи ярим ҳимоячилари сафидан жой олади».

Лофтус-Чик келганидан кейин «Челси»нинг ҳимоя чизиғи сезиларли даражада кучайди: Рубеннинг рақибдан тўпни олиб қўйиш фоизи ошди, тўп йўқотишларга барҳам берди, аниқ узатмалар 90 фоизга кўтарилди. Шунга қарамасдан, футболчи кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида ижарага юборишларини сўради, «Кристал Пэлас» ва «Шальке» эса умид билан кутмоқда. Аммо Сарри шогирдларининг «Фулхэм» устидан эришган ғалабасидан (2:0, иккинчи гол Рубенга тегишли) кейин маҳаллий ярим ҳимоячини қўйиб юборишга рози бўлмаслиги ҳам мумкин: «Охирги бир неча ҳафта давомида Рубен бизни анча муаммолардан халос этди, ЕЛдаги ўйи-ни орқали мени хурсанд қилди. Чунки ўшанда Лофтус-Чик тактика нуқтаи назаридан мукаммал ўйинни намойиш этганди». Агар Рубенни Лондонда олиб қолишса, тез орада мураббий унга нисбатан юксак эътирофини АПЛ ўйинларидан кейин ҳам такрорлашига шубҳа йўқ.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 04:55, 25.12.2018.
Ўқилди: 2727 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.