Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Эктор Купер: «Терма жамоа услубига янгилик олиб киряпман»

Баҳо:
+ | -

Таниқли спорт журналисти Хайрулла Ҳамидов Анталияда йиғин ўтказаётган Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббий Эктор Купер билан суҳбат уюштиришга муваффақ бўлди. Суҳбатнинг видеошаклида ЎФАнинг телеграмдаги расмий каналида танишиб олишингиз мумкин. Биз эса эътиборингизга интервьюнинг матн кўринишини ҳавола қиламиз.

— Жаноб Купер. Туркиядаги йиғинга 27 нафар футболчи таклиф этилган. Осиё кубогига йўл оладиган 23 футболчини танлаб олишда нималарга эътибор қаратяпсиз?
— Ўзбекистонда мавсум яқинда якунига етди. Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёнида юзага келиши мумкин бўлган турли ҳолатларни инобатга олган ҳолда кўпроқ футболчини Туркиядаги йиғинга олиб келган эдик. Аввалги йиғинлар орқали терма жамоа негизи шаклланиб бўлганди. Бу сафар эса янада кўпроқ футболчиларга имкон бериш орқали ўйинчилар ўртасидаги рақобатни оширишни кўзладик. Рақобат бор жойда улар ўзларини яхши томондан кўрсатишга ҳаракат қилишади. Натижада терма жамоанинг баъзи позицияларига янги футболчиларни ҳам кашф қилишимиз мумкин.

Йиғин ҳақида тўхталадиган бўлсам, машғулотларимиз аъло даражада ўтмоқда. Туркияга келганимиздан кейин дастлабки 2-3 кунда Анталияда кучли ёмғир ёғди. Шунга қарамай, биз машғулотларни тўхтатиб қўймадик.

— Терма жамоа сафида Осиё кубогига йўл олмаслиги аниқ бўлган футболчиларни танлаб олишда асосан нималар роль ўйнади?
— Туркияга 4 нафар дарвозабонни олиб келган бўлсак, ҳозирда улар ўзларининг энг яхши формаларида. Фақатгина Элдор Суюнов жароҳати туфайли бу йиғинда иштирок эта олмади. Иван Нагаев бизга боғлиқ бўлмаган сабаб туфайли сафдан чиқди. У машғулот жараёнида жароҳат олди. Бундан афсусдаман.

Фозил Мусаев яқинда жароҳатдан тикланганига қарамай, уни йиғинга жалб қилгандик. У ўз жамоасида эндигина 1-2та ўйинларда майдонга тушганди. У Ўзбекистон терма жамоаси учун фойдали ўйинчи эканини билганимиз учун унинг индивидуал маҳоратига ишонган ҳолда, ҳали ўзининг юқори формасига чиқиб улгурмаган бўлса-да, Фозилни йиғинга олиб келдик.

— Мухлислар узоқ йиллар давомида терма жамоа сафида ўйнаган футболчиларни кўриб ўрганиб қолишган. Шу боис, Виталий Денисов ҳақида сўрамасам бўлмайди. Унинг Осиё чемпионатига борадиган таркибга киритилмаганига сабаб нима: Эрон билан ўйиндаги хатоларми, унинг ҳозирги формаси яхши эмасми ёки Виталийнинг ўйин услуби Купернинг фалсафасига тўғри келмайдими?
— Футболчига баҳо берганди, биз унинг бир нечта жиҳатларига аҳамият қаратамиз. Биринчи йиғинда у иштирок этди. Ундан кейин ҳам унинг Россия чемпионатидаги ўйинларини кузатиб бордим. Унинг таркибга киритилмаганини асосий сабаб — унинг ҳозирги ҳолатидир. Ҳозирда чап қанот ҳимоясида ихтиёримизда икки нафар жуда яхши футболчилар бор. Улар — Фаррух Сайфиев ва Олег Зотеев. Агар Денисовни чақирганимдан улардан бири Осиё кубогидан четда қоларди. Агар мухлислардан сўрасак, кимдир Олегни танлайди, бошқа мухлис Сайфиевни айтади. Якуний қарорни эса мураббий қабул қилиши керак. Шуни ҳам таъкидлашим лозимки, мураббийнинг қарори ҳамиша тўғри бўлмаслиги мумкин. Агар бу борада мен хатога йўл қўяётган бўлсам, айб фақат менда бўлади. Бу билан Виталийни терма жамоага бошқа чақирилмайди, деган фикрдан йироқман. Уни ЖЧ саралаш босқичида Ўзбекистон миллий жамоасига таклиф қилишим мумкин. Ҳозирга босқичда эса мен эътиборни Сайфиев ва Зотеевга қаратишга қарор қилдим. Шуни айтишим мумкинки, футболчилар терма жамоада ўйнаш учун ҳамиша шай бўлиши, керак бўлса, ўзидаги баъзи нарсаларни қурбон қилишга ҳам тайёр бўлиши керак. Шундагина у терма жамоага лойиқ бўлади.

— Ҳозирги таркибга қандай хусусиятга эга бўлган футболчи етишмаяпти?
— (кулади). Агар бу саволга жавоб берсам, футболчиларга нисбатан ҳурматсизлик бўларди. Шунинг учун ихтиёримда бор футболчилардан келиб чиқиб жамоани шакллантиришда давом этаман. Бир мураббийнинг фикрини такрорлаб ўтмоқчиман: “Мен учун энг кучли таркиб — ҳозирда қўлостимда ўйнаётган таркибдир”. Мен бу фикрга доимо амал қилиб келаман. Ихтиёримда бор футболчилардан фойдаланиб, доимо максимал натижага эришишга ҳаракат қиламан.

— Ўзбекистонга келишдан олдин 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатидаги жамоамизнинг ўйинини кузатганингизни ва уларнинг иқтидорига ишонган ҳолда юртимизга келганингизни эшитгандим. Мана келдингиз. Тахминларингиз ўзини оқладими? Бу савол орқали шуни билмоқчиманки, Ўзбекистон учун аввалдан тузил қўйган стратегия асосида ишлаяпсизми ёки футболчиларнинг ҳолатидан келиб чиқиб бошқа режа тузишга тўғри келдими?
— Олимпия терма жамоаси ҳамиша катталар жамоасига энг яқин терма ҳисобланади. Ҳа, 23 ёшли футболчиларнинг ўйинларини кўрганман. Улар яхши савиядаги футболчилар. Аввал кўрган нарсаларимдан ҳозир ҳам кўнглим тўқ. Аммо битта муаммо бор: олимпия термаси сафида ўйнаган футболчиларнинг миллий жамоага мослашиб кетиши қийин кечяпти негадир. Боиси, бу икки хил тоифа. Уларни тушунаман. Футболчи ўзидан катталар билан бирга ўйнаганда, аввалгидек ўзини кўрсата олмайди. Жаҳон футболида баъзи истиснолар бор. 18-19 футболчининг ўзининг шахсий хусусиятлар эвазига катталар орасида ҳам йўқолиб қолмайди.

Бундан ташқари, мен Ўзбекистоннинг U19, U16 терма жамоаларини ҳам кузатдим. У ерда ҳам миллий жамоада ўйнаб кетиши мумкин бўлган футболчилар бор. Аммо улар аввало миллий терма жамоа футболчилари билан бирга яшаб, бирга машғулотларда иштирок этиши лозим. Шунда улар асосий жамоага тез мослашишади. Шунингдек, кўпчилик ўйлайдики, ўйинчи 30 ёшдан ошса, ундан воз кечиш керак. Аммо мен доим бугунги кун билан яшайман. Қайсидир футболчи терма жамоа талабига мос келса, у 35 ёшда бўлса ҳам уни йиғинга таклиф қиламан.

— Энди ўйин услубига мурожаат қилмоқчиман. Ўзбекистон Осиё кубогига рақиб танламайдиган ўзининг аниқ ўйин услуби билан кетяптими ёки рақибларга қараб туриб турлича ўйин услубини қўллайсизми?
— Аввало, тўрт ойлик фаолиятимдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, бу давр мен учун ўзбек футболи билан танишув жараёни бўлди. Ҳар бир мамлакатнинг ўз урф-одатлари, ўзининг футбол фалсафаси бўлади. Шундан келиб чиқиб, терма жамоада баъзи янгиликларни амалга оширяпмиз. Бу жорий қилаётган янгиликларим футболчиларга ёқаётгандек тасаввур уйғотяпти. Шу боис, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу йиғин давомида ўзининг янги услубига эга бўлиб боряпти. Осиё кубогида бизнинг аниқ ўйин услубимиз бўлиши керак. Рақибдан келиб чиқиб услуб танлайдиган бўлсак, қисқа вақт ичида биз кўп нарсани ўзгартира олмаймиз. Бу нотўғри ҳисобланади. Тўғри, биз кучли рақибларга қарши майдонга тушганимизда баъзи ўзгаришларни қилишимиз мумкин. Аммо услубни тубдан ўзгартира олмаймиз. Мисрда ишлаганимда ҳам шундай қилганмиз. Нигерия ва Гана каби кучли жамоаларга қарши ўйинларда ўйин услубимизга жузъий ўзгартиришлар киритганмиз. Натижаларимизга қараб, биз киритаётган баъзи ўзгаришлар қанчалик самара келтиришини билиб оламиз. Ҳамма хато қилиши мумкин, жумладан, мураббий ҳам хатолардан ҳоли эмас.

— Сиз ҳам клубда, ҳам терма жамоада ишлагансиз. Сиз учун қайси жойда ишлаш қийинроқ?
— Терма жамоада ишлашнинг қийин жиҳати мен учун шундан иборатки, унда ишлаш учун кам вақт бўлади. Мисол учун, клубда 1 ой давомида ўргатишим керак бўлган нарса терма жамоада 4-5 кун ичида ўргата билишим керак. Бу жуда ҳам қийин. Бундан ташқари, ўйинчилар ўз клубида бошқача функцияларни бажаришга ўрганиб қолган бўлишади, терма жамоада эса мен улардан умуман бошқача нарсани талаб қилишим мумкин. Улар миллий жамоа сафида бутунлай бошқача ўйнай олишлари керак. Термада қисқа вақт ичида икки баравар кўп меҳнат қилишимиз керак бўлди. Меҳнат деганда мен нафақат жисмоний машқларни, балки ақлий томондан ҳам улар кўпроқ ишлашлари лозим.

— Мураббий сифатида сизга қайси услубга қарши ўйнаш осонроқ. Мисол учун: юқори прессингга асосланган Клоппнинг ўйинига қарши, ёки Гвардиоланинг “тики-така”сига ўхшаган услубга қарши, ёхуд қаттиқ ҳимояланиб, олис паслар билан ҳужумга ўтадиган Моуриньонинг услубига қарши?
— (кулади). Қайси услубга қарши ўйнаш осонроқ деган саволга жавоб бериш жуда ҳам қийин. Боиси, мураббий ҳеч бир услубга паст назар билан қарамаслиги керак. Масалан, “Манчестер Сити” ўзининг сўнгги ўйинида 2:3 ҳисобида ютқазди. Гвардиола эса ўйиндан кейинги матбуот анжуманида: “Рақиб бутун жамоа бўлиб ҳимояланиб, барча голларни қарши ҳужумда урди”, — деб айтиб ўтди. Демак, биз Гвардиола жамоасига қарши ўйнайдиган бўлсак, биз ҳам қарши ҳужумда ўйнашимиз керак. Умумий қилиб айтадиган бўлсам, мен кучсизроқ жамоаларни бошқариб, ўзимиздан кучли бўлган жамоаларга қарши ўйинларда тўғри тактика танлаш орқали уларни ютганмиз. Шунинг учун мен учун энг муҳими футболчиларимнинг ўзига бўлган ишончи. Мен ҳозир қандай тактика ўйнашимиз мумкинлигини айтмайман. Бу — сир. Ўйинчилар мен талаб қилаётган нарсани юракдан тўғрилигини ҳис қилиб, 100 куч билан ҳаракат қилишлари шарт. Шундагина ҳар қандай рақиб, ҳар қандай тактикага қарши муносиб ўйин кўрсатишимиз мумкин. Барча мураббийнинг ўз фалсафаси бор, барчани ҳурмат қиламиз, ҳеч кимни камситмаймиз. Мен қайсидир жамоани осонроқ ютамиз десам, у рақиб бизга қарши сюрприз танлаб, бизни мағлуб этиб қўйиши мумкин. Бу мураббийни ёмон ҳолатга тушириб қўйиши мумкин. Биз барча рақибларга қарши бирдек тайёргарлик кўрамиз.

— Ажойиб суҳбат учун раҳмат. Кейинги суҳбатни 2 февраль куни — Осиё чемпиони бўлганимиздан кейин уюштирамиз, деган умиддамиз.
— (кулади). Раҳмат.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 12:12, 25.12.2018.
Ўқилди: 9745 марта.
Фикрлар: 15 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.