«Миллий спорт мукофоти-2018» маросимида «Халқаро майдонларда ўзбек спортини тарғиб қилгани учун» йўналишида жаҳон гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитина ғолиб бўлди. Спортчи МОҚ матбуот ва медиа департаменти вакилларига берган интервьюсида ортда қолаётган йил якунлари ва режаси билан ўртоқлашди.
«Спортчи доимо «бунданда яхшироқ натижа кўрсатишим мумкин эди» деган фикрда бўлади. Умуман олганда, йил ёмон ўтмади. Менга овоз берган, қўллаб-қувватлаган мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шуни айтишни истардимки, ўз ҳаракати ва хизматлари сабаб ҳар бир спортчи эътирофга лойиқ. Бу сафар омад менга кулиб боқди.
Муваффақиятларингни қадрлаб, мукофот беришлари жуда ёқимли. Биз аёллар совғаларни жуда яхши кўрамиз. Совға биз учун байрам. Ушбу эсдалик соврини кубок ва медалларим жамланмасини безаб туради. Ҳар бир ғалаба мени олдинга чорлайди. Худо хоҳласа кейинги йил бунданда яхшироқ ҳаракат қиламан ва 2019 йил охирига бориб ўзим учун саккизинчи бўлган Олимпия ўйинларида иштирок этишим ҳақидаги саволга жавоб оламиз. Аввалдан хеч нарса дея олмайман. Барчани яқинлашиб келаётган байрам билан муборакбод этаман», – деди Оксана Чусовитина.