Спорт соҳасида рўй бераётган воқеликларни халққа етказишда оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Миллий олимпия қўмитаси йил давомида кўплаб ОАВлар билан ҳамкорлик қилди. «Миллий спорт мукофоти-2018» доирасида ўзини ҳар томонлама кўрсата олган оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам тақдирланди.
«Йилнинг энг яхши спорт журналисти» йўналишида «Спорт» телеканали муҳбири Марина Якубова ғолиб бўлди.
«Мени ёрқин ҳислар қамраб олган. Ушбу муваффақият мен учун кутилмаган бўлди. Шуни айтиб ўтишни истардимки, биз ўзбек спортини ёритиш орқали унинг ривожига ҳисса қўшиш учун ишлаяпмиз. Мусобақалар давомида биз ҳам спортчилардан кам бўлмаган ҳолда қайғурамиз ва уларнинг чиқиши вақтида ҳаяжонда ўтирамиз. Биз бундан кейин ҳам спортчиларимизнинг иштирокини ёритиб, энг яхши репортажларни тайёрлаймиз ва Ўзбекистонда спорт ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшамиз», – деди 15 йилдан буён спорт журналистикаси соҳасида фаолият олиб бораётган Марина Якубова.
«Энг яхши ижтимоий ролик» йўналишида эса «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов мукофотланди.
«Ортда қолаётган йил «Спорт» телеканали учун тарихий бўлди. Чунки, биз HD форматга ўтдик. Миллий олимпия қўмитаси билан тизимли ҳамкорлик ўрнатдик. Бунинг эвазига бизда мусобақаларни мухлисга воқеа жойидан, жонли равишда етказиб бериш имконияти пайдо бўлди. Биринчи навбатда, ёқори савияда ёритиб берилган Осиё ўйинларини қайд этган бўлардим. Ўйлайманки, мухлисларимиз ўзбек спортчиларининг Индонезиядаги ғалабасини, уларнинг хурсандчиликларини ҳис қила олдилар. Умид қиламанки, ушбу ҳамкорлик узоқ давом этади. Ва албатта, камтаргина меҳнатимизни ана шундай тақдирлаган Миллий олимпия қўмитасига миннатдорчилик билдираман. ОАВ ходимларига ана шундай эътибор қаратилаётгани жуда ёқимли. Келажакда бундан ҳам қаттиқроқ иш олиб борамиз», – деди Зоҳид Каримов.
Шунингдек, «Спорт соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» «УзРепорт» телеканали директори Равшан Жўраев, «Энг яхши спорт тарғиботчиси» йўналишида эса МОҚнинг Матбуот ва медиа департаменти директори Зафар Имомхўжаев тақдирланди.