"Манчестер Юнайтед" Уле-Гуннар Сульшер бошқарувига ўтганидан кейин кетма-кет учинчи ўйинда ишончли ғалабани қўлга киритмоқда. Манкунианликлар Англия чемпионатининг 20-тури доирасида "Борнмут"ни қабул қилиб, йирик ҳисобда ғалабани тантана қилишди.
Ўтган ўйинда бўлгани каби бу сафар ҳам Поль Погба учрашув қаҳрамонига айланди. Франциялик футболчи 5-дақиқадаёқ ҳисобни очган бўлса, 33-дақиқага келиб Погба ҳисобдаги фарқни иккитага етказди.
Биринчи бўлим сўнгида Рэфшорд ҳисобни йирик кўринишга келтирган бўлса, таймга қўшиб берилган дақиқаларда Натан Аке "Борнмут"нинг дастлабки голига муаллифлик қилди.
Иккинчи бўлимда Погбанинг узатмасидан кейин Лукаку яккама-якка вазиятга чиқиб, ундан самарали фойдаланди. Ўйин тугашига 11 дақиқа қолганида Байи қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. "МЮ" эса тўпни назорат қилиб, рақибга ҳужум қилиш имкониятини бермади.
Шу тариқа, "қизил иблислар" ўз очколарини 35тага етказиб олишди. Жамоа энди 5-ўриндаги "Арсенал"дан бор-йўғи 3 очко ортда қолмоқда.
АПЛ, 20-тур
Манчестер Юнайтед – Борнмут 4:1 (3:1, 1:0)
Голлар: 1:0 – 5 Погба, 2:0 – 33 Погба, 3:0 – 45 Рэшфорд, 3:1 – 45 Аке, 4:1 – 72 Лукаку.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Байи, Шоу, Янг, Линделеф, Погба, Матич, Лингард, Эррера (Перейра, 76), Марсьяль (Жонс, 82), Рэшфорд (Лукаку, 70).
Борнмут – Бегович, Аке (Мингз, 82), Дэниэлс, Рико, Кук, Серман, Айб, Станислас, Брукс (Муссе, 66), Кинг, Уилсон (Фрэйзер, 66).
Огоҳлантиришлар: Янг (36), Эррера (51).
Четлатиш: Байи (79).