Англия премьер-лигасида нафақат Boxing Day'нинг, балки мавсумнинг энг учрашувларидан бири бўлиб ўтди. Мағлубият нималигини билмай келаётган "Ливерпуль" клуби, сафарда "Манчестер Сити" меҳмони бўлганига қарамай, ўйинда фаворит ҳисобланаётган эди.
Мерсисайдликлар баҳснинг 19-дақиқасида ҳисобни очишга яқин келишди. Салоҳнинг узатмасидан кейин Мане дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб, зарба берди. Тўп устунга тегиб қайтди. Қайтган тўп учун футболчилар кураш олиб бориши натижасида тўп дарвоза томон кета бошлади. Сўнгги паллада Стоунз "Сити"ни голдан қутқариб қолди.
Биринчи бўлим тугашига 4 дақиқа қолганида Гвардиола шогирдлари ҳисобни очишди. Давид Сильва чап қанотдан дарвозанинг яқин устуни томон узатма берди. Агуэро Ловренга нисбатан чаққонроқ ҳаракат қилиб, ўткир бурчак остида кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди.
Иккинчи бўлим ўрталарига келиб, меҳмонлар ташаббусни ўз қўлларига олишди ва мувозанатни тиклашди. Александер-Арнольд ўнг қанотдан диагонал пас билан жарима майдончасининг олис томонига узатма берди. Робертсон тўпни ерга туширмасдан нариги устун томон етказди. Фирмино бош билан бўш қолган дарвозага тўпни жойлаб қўйди.
Орадан кўп ўтмасдан "шаҳарликлар" яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Стерлингдан узатма қабул қилган Лерой Сане ўзининг чап оёғи билан 12 метрлардан аниқ зарба билан дарвозани забт этди. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларда "Манчестер Сити" қарши ҳужумда камида 2та ажойиб имкониятларга эга бўлди. Аммо мезбонларга бу вазиятларда омад етишмади.
Шунга қарамай, "Ман Сити" муҳим ўйинда ғалабани қўлга киритди. Энди "Ливерпуль" асосий таъқибчисидан 4 очко олдинда бормоқда. АПЛда ҳали ҳаммаси олдинда!
АПЛ, 21-тур
Манчестер Сити – Ливерпуль 2:1 (1:0)
Голлар: 1:0 – 40 Агуэро, 1:1 – 64 Фирмино, 2:1 – 72 Сане.
Манчестер Сити – Эдерсон, Компани (Отаменди, 88), Данило, Стоунз, Лапорт (Уокер, 86), Сильва (Гюндоган, 65), Фернандиньо, Стерлинг, Бернарду Силва, Сане, Агуэро.
Ливерпуль – Алиссон, Ловрен, Робертсон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Вейналдум (Старридж, 86), Хендерсон, Милнер (Фабиньо, 57), Мане (Шакири, 77), Салах, Фирмино.
Огоҳлантиришлар: Ловрен (20), Компани (31), Вейналдум (38), Лапорт (45), Бернарду Силва (89), Эдерсон (90).