2019 йил кириб келиши билан Kun.uz Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан интервью уюштирди. У Ўзбекистон Суперлигасининг янги мавсумдаги формати ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.
–– 2018 йилги мавсумда тажриба кўринишида бўлган Суперлига формати кўп эътирозларга сабаб бўлди. Мавсум давомида ҳатто клублар мураббийлари ҳам қоидаларни яхши тушунмагани маълум бўлиб қолди. Тажриба ўзини оқладими? Янги мавсумда ҳам шу формат сақлаб қолинадими?
— Ким чемпионат стартидан кейин форматга осилган бўлса, мағлубиятга чидамас экан. Чунки, чемпионатни ҳамма 0 очкодан бошлади ва ҳаммада имконият тенг бўлди. Ўйна, ют ва чемпион бўл, ким халал беради сенга. Шундай одамлар учун ҳам форматни ўзгартириб берамиз. Қани кўрайликчи, энди нима дейишаркин? Ҳамма муаммо форматда деб ўйлаётган одам борки, ё футболни тушунмайди ёки шунчаки форматдан бошқасига осилишга ақли етмайди.
— Ўзбекистон чемпионати ўйинлари телевидениеда жонли узатилиши қандай келишув бўйича амалга оширилади? Бунда қайси томоннинг қандай манфаатлари кўзда тутилади?
— Аслида трансляцияни сотиб, пул қилиш керак. Бироқ бунинг учун талаб кучли бўлиши, 2-3 телеканал ўртасида рақобат бўлиши шарт. Биз чемпионат ўйинлари жонли эфирда кўрсатилишидан манфаатдормиз. Шунинг учун керак вақтда «Спорт» телеканали учун молиявий ёрдам берган вақтимиз ҳам бўлди. Ва шу ўринда МТРК раҳбариятига ҳам тарихда бўлмаган ишларни уддалай олишгани учун миннатдорчилик билдираман.
Биз ўзаро ҳамкорликни давом эттирамиз. Шу жонли эфирлар сабаб ҳакамлар ҳам Суперлигада етти ўлчаб, бир кесишга ҳаракат қилди. Энди секин-аста Про-лига «А» учрашувларини ҳам эфирга олиб чиқиш устида ўйламоқдамиз. Умид қиламанки, «Спорт» янада енг шимариб ишлай олади. Бизга жонли эфирлар керак. Бу бу йўлда қўлимиздан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.
— Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё ўйинларида киядиган либоси мухлислар ва журналистлар танқидига учради. Шундан келиб чиққан ҳолда келгусида қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?
— Танқид бўлгани яхши. Аммо биз ҳам терма жамоага сифатсиз либос кийдириб қўймаймиз. Фақат ташқи кўринишга баҳо бермай, келишсин, ушлаб кўришсин, кийиб кўришсин ва баҳо беришсин. Аввалги ҳомий билан солиштириш учун ҳам имконият бўлади.
Ҳа, дизайни соддагина. Бироқ бундан нега уялиш керак, агар либоснинг ўзи сифатли бўлса?! Марк Цукерберг ҳам оддий кийимларда юради, бироқ ақли, пули ҳақида гап кетганида биз уни ерга ура оламизми? 1994 йилда терма жамоамиз Осиё ўйинларига биттагина либосда кетиб, чемпионликни қўлга киритганди. Футболчилар терма либосини кийишни орзу қилади, унинг ҳар қандай матосида ҳам жонини бериб ўйнайди, ватан шаъни турибди-ку? Билмаганлар эса кўрганига ишониб гапираверади. Бугунга келиб ҳукумат ҳеч бир спортчини кимдандир кам қилаётгани йўқ. Осиё ўйинларига бордик, бошқа мусобақаларда қатнашдик, бирортасида ҳам ҳеч кимдан кам жойимиз бўлмади. Бундан кейин ҳам бўлмайди. Бунинг учун давлатимизга ва унинг раҳбарига алоҳида ташаккур айтаман.
Кимлардир орзу қилаётган ўзгача дизайн эса албатта бўлади. Шу вақтгача айтган ишларимизни қилиб келяпмиз, бундан кейин ҳам шунга ҳаракат қиламиз. Машҳур хорижлик мураббий келишига ишонмаганлар Куперни кутиб олганидек, бугун формат ёки формадан норози бўлаётганлар ўша махсус дизайнли формани ҳам кўришади. Фақат сабр керак озгина.