Испания чемпионатининг 18-тури доирасида "Барселона" сафарда "Хетафе" клуби меҳмони бўлди. Ушбу турда каталонияликларнинг таъқибчилари — "Атлетико", "Севилья" ва "Реал Мадрид" очко йўқотишганди. Каталонияликлар эса ғалабани қўлга киритиб, рақиблардан илгарилаб кетиш имкониятидан фойдаланиб қолишди.
"Хетафе" номдор рақибни анча қийнади. Учрашувнинг 9-дақиқасидаёқ мезбонлар ҳисобни очишди. Аммо ҳужумда фол ишлатилмаганида гол инобатга олинган бўларди. Баҳснинг 20-дақиқасида Месси ҳимоячиларнинг бироз эътиборсизлигидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. Бўлим тугашига 6 дақиқа қолганида Лионель жарима тўпини ўйинга киритди. Ҳимоячи бош билан қайтарган тўпга Суарес 18 метрлардан шундай зарба бердики, дарвозабон уни қайтара олмади. Орадан 4 дақиқа ўтиб "Хетафе" ҳисобдаги фарқни биттага қисқартирди.
Иккинчи бўлимда майдон эгалари анча фаол ҳаракат қилишди. Кўп вазиятларда уларга омад кулиб боқмади. Акс ҳолда улар "кўк-анорранглилар"ни очколардан маҳрум қилиб қўйишлари мумкин эди.
Шу тариқа, "Барса" қийин, аммо муҳим ғалабани қўлга киритди. Натижада жамоа "Атлетико"дан 5, "Реал"дан эса 10 очколик фарқ билан олдинга ўтиб кетди.
Испания Ла лигаси, 18-тур
Хетафе – Барселона 1:2 (1:2)
Голлар: 0:1 – 20 Месси, 0:2 – 39 Суарес, 1:2 – 43 Мата.
Хетафе – Сория, Кабрера, Даконам, Антунеш, Фулькье (Молина, 57), Арамбарри, Максимович, Портильо (Ибаньес, 84), Суарес, Анхель (Сайс, 74), Мата.
Барселона – тер Штеген, Пике, Альба, Серджи Роберто, Лангле, Артур (Аленья, 88), Ракитич, Видаль (Бускетс, 70), Дембеле (Коутиньо, 84), Месси, Суарес.
Огоҳлантиришлар: Артур (12), Альба (15), Фулькье (15), Суарес (61), Видаль (65), Кабрера (69), Максимович (77).