17 январь куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида енгил атлетика бўйича мусобақа бўлиб ўтади. Ушбу турнирнинг аҳамиятли томони шундаки, унда терма жамоамизнинг Токио 2020 Олимпиадасида иштирок этиш учун номзод бўлган аъзолари ҳам қатнашадилар.
Қайд этиш лозимки, қишда енгил атлетиканинг улоқтириш йўналишлари бўйича мусобақалар ҳар доим ҳам ўтказилавермайди. Чунки, бундай баҳслар очиқ ҳавода ташкил қилинади. Аммо, Токио 2020 Олимпиадасида мақсадлар улкан. Шу сабабли, вақтни йўқотиб қўймаслик учун қиш фаслида ҳам ушбу мусобақа бўлиб ўтади. Турнир орқали терма жамоамиз аъзоларининг жисмоний ҳолати синовдан ўтказилади. Қолаверса, йил давомида спортчиларимизни кўплаб халқаро мусобақалар кутиб турибди. Ўтказилаётган турнир олдиндаги масъулиятли мусобақаларга тайёргарлик вазифасини ҳам бажаради.
Таъкидлаш жоизки, спортчиларимизни синовдан ўтказиш учун мўлжалланган турнирлар йил давомида ташкил этилиши кўзда тутилган.