Акмал Эшонхонов
Ал-Айн шаҳридан махсус
Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида Японияга қарши ўйин учун иккинчи машғулотини ўтказди.
Машғулот маҳаллий БАА вақти билан соат 17:00 да “Халифа бин Зайд” стадионининг 3-майдонида бошланди. Машғулотнинг 15 дақиқаси ОАВ учун очиқ бўлди.
Ўзбекистон терма жамоасининг машғулотларига ҳатто, япониялик журналистлар ҳам ташриф буюриб, жамоамиз машғулотини диққат билан кузатдилар.
Мураббий Эктор Купер асосан тезликни ошириш ва диққат-эътиборни жамлашга қаратилган машғулотларга урғу берди. Футболчилар икки гуруҳга бўлинган ҳолда, ердаги фишкани ким биринчи бўлиб олиш, таёқчаларни қўйиб юбориб, кейин ерга тушгунча илиб олиш машқларини ўтказишди.
Сўнгра икки гуруҳга бўлинган ҳолда футбол ўйнашди. Дарвозабонлар билан эса Денис Иванков алоҳида машқ олиб борди.
Эртага Японияга қарши ўйинолди расмий машғулоти бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни “Халифа бин Зайд” стадионида Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинида Япония билан ўйнайди.