Чунончи, у яқинда Португалиянинг «Насьонал» жамоаси билан шартнома тузди. Бошқача айтсак, Криштиану Роналдуга ҳавас қиладиган футболчимиз ўз кумирининг ватанида тўп сурадиган бўлди. Европадаги ўйинлари қандай чиқиши Сардорнинг ўзига боғлиқ. Лекин факт шуки, у Осиё кубоги гуруҳ босқичида биз кутганчалик ҳаракат қилолмади. Шунга қарамай, умид қилишдан тўхтамаймиз ва Япония термасига қарши кечган учрашувдан сўнг Ал-Айндаги «Халифа бин Зайд» стадиони микст-зонасида Сардорни суҳбатга тортдик...
- Аслида мағлубиятдан кейин гапириш осон эмас. Аммо айтингчи, шахсан сиз салбий натижа сабабларини нималарда кўряпсиз?
- Ўйин биз учун қийин кечди, дея олмайман. Чунки иккала жамоа ҳам гурущдан чиқиш вазифасини бажариб бўлгани учун очиқ футбол намойиш этди. Бизни дуранг натижа қониқтирса-да, ҳимояга ётиб олганимиз йўқ. Аксинча, ҳужумкор футбол кўрсатдик. Бунинг натижасида биринчи бўлиб ҳисобни очдик. Лекин японлар кейинчалик биздан фарқли равишда, юзага келган хавфли вазиятлардан унумлироқ фойдаланишди. Айниқса, иккинчи бўлимдаги ҳужумлари хавфли чиқди. Биз ҳам ҳаракат қилдик, афсуски, ҳужумда омадимиз келмади. Дейлик, Даврон Ҳошимовнинг кучли зарбаси голга айланганида, гуруҳ ғолиби сифатида нимчорак финалга чиқардик. Шунда Қатар ёки Саудия Арабистони термаси билан тўқнашардик ва эҳтимолки, бу икки рақиб билан эркинроқ ўйнардик. Лекин ишончим комил, Австралия термаси билан баҳсда ҳам камида бугунги ўйинимизни намойиш этсак, ғалабани ўз томонимизга оғдиришимиз мумкин. Умуман, кўнглим сезиб турибди, кейинги учрашувда бундан-да яхшироқ ўйнаймиз.
- Рақибнинг ҳаттоки, иккинчи таркибига ҳам ютқазиб қўйганимиз Австралия термаси билан ўйин олдидан бироз хавотирни оширяпти...
- Ҳамма кўрди, бугун Япония термасининг захира футболчилари ҳам чакки эмасликларини амалда исботлашди. Балки асосий таркибимизнинг 3-4 футболчиси майдонга тушганида, ғалаба қозонармидик... Лекин бугунги ўйин билан ҳам камида дурангга ҳақли эдик.
- Эктор Купер ўйиндан аввалги матбуот анжуманида «плей-офф»да қайси жамоанинг рақиб бўлиши аҳамиятсиз эканлигини таъкидлади. Бироқ одатда араб жамоалари билан яхшироқ ўйнаймиз. Қатар ва БАА чемпионатларида тўп сурган футболчи сифатида бу масалада нима дея оласиз?
- Йўқ, Қатар ёки Саудия Арабистони термаси «соккеруз»дан кучсиз эмас. Биламизки, араб жамоалари техник-тактик томондан кучли футбол намойиш этади. Қолаверса, бугунги Австралия термаси дейлик, 5-10 йил олдингидек даҳшатли эмас. Хуллас, агар ўйинимиз чиқса, бу рақибни бемалол мағлуб этамиз.
- Австралиялик футболчилар жисмоний томонлама анча кучли ҳисобланадилар. Сизнингча, «яшил қитъа» вакилларининг яна қайси жиҳатлари эътиборга лойиқ?
- Шахсий фикримча, Австралия термаси ҳозирги ҳолатда фақат жисмоний томондан кучли кўриняпти. Қолган барча жабҳалар бўйича бизда устунлик бор. Фақат бу устунликни майдонда исботлаш керак.
- Австралияликларнинг гуруҳ босқичидаги баҳсларини кўрдингизми?
- Фақат биттасини. Унда бўлажак рақибимиз Иордания термасига имкониятни бой берди. Кейин эса жамоа ўзини ўнглаб, кетма-кет 2та баҳсда ишончли ғалабага эришди.
- Хўш, «соккеруз»нинг 1-турдаги мағлубиятини тасодифга йўйиш мумкинми?
- Менимча, йўқ. Чунки иорданияликлар учрашувда кучлироқ кўринишди ва ҳақли равишда 3 очко олишди.
- Биз Австралия термасини айнан ниманинг эвазига енгишимиз мумкин - кучли прессингми, қарши ҳужумми ёки биринчи рақам остида ўйнаш билан?
- Ҳозир Эктор Купер «Барселона» услубини қўллашга уринмоқда. Яъни битта-иккита қисқа тўп узатиш билан ҳужумни ривожлантириш тактикасини. Агар рақибни тўпсиз ҳаракат қилишга мажбур этишни уддаласак, ғалаба қозониш имкониятимиз анча ошади.
- Энди мавзуни бироз ўзгартирамиз. Куни кеча Португалиянинг «Насьонал» клуби билан шартнома туздингиз. Бу трансфер қандай амалга ошди?
- «Насьонал»га ўтишим қандайдир 10 кун ичида ҳал этилди. Ҳаммаси оддий: музокара жараёни ижобий якунланганидан сўнг шартномага имзо чекдим.
- Келишув вақтида агентлар ёрдамидан фойдаландингизми?
- Йўқ. Аниқроқ айтсам, отам агент вазифасини бажардилар. Европаликлар телефон орқали дадам билан тўғридан-тўғри алоқага чиқишибди. Очиғи, «Насьонал»дан ташқари, Жанубий Корея, Саудия Арабистони ва Қатар клубларидан ҳам таклифлар олгандим. Лекин еврофутболдан баҳраманд бўлиш учун, қолаверса, отамнинг маслаҳатлари билан барча жамоаларга рад жавоби бердим.
- Ўша клублар номини айта оласизми?
- Жанубий Кореянинг «Сувон Блюуингз», Саудия Арабистонининг «Ал-Фотиҳ» каби бир қатор жамоалар...
- Роналдунинг ўйинига ҳавас қилишингизни биламиз. Ниҳоят, орзуларингиздан бирига эришибсиз-да...
- Ҳа, шундай. Бироқ Португалияга бориб, ҳамма кутган даражада ўйнолмасам, орзу орзулигича қолади. Сир эмас, Европа футболи Осиёникидан фарқ қилади. У ерда талаб жуда кучли. Ўйинингизда пасайиш кузатилса, захира футболчисига айланиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Ниятларим катта. Бироқ «Насьонал»да узоқ қолиш ниятим йўқ. Аниқроғи, ўз олдига катта вазифаларни қўйган гранд жамоаларга ўтишни хоҳлайман.
- Шартнома Дубайда имзоланди, шундайми?
- Ҳа. Осиё кубоги давом этаётгани боис, Португалияга боришнинг иложи йўқ эди. Лекин келишувга бундан бир неча кун аввал эришгандик ва фақат шартномага имзо чекиш қолганди, холос.
- Келишув қанча муддатга мўлжалланди?
- 2,5 йилга.
- Омад ёр бўлсин!