Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Наврўз” байрамига бағишланган I Тошкент халқаро ярим марафонини ўтказиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига жойлаштирилди.
Қарор лойиҳасида 22-24 март кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган ярим марафон трассаси чизмаси ҳам кўрсатилган.
Ҳаваскорлар учун 5 километр, профессионаллар учун эса 21 километр масофада ўтказиладиган марафон Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасидан бошланиб, Афросиёб, Нукус, Абдулла Қодирий, Мустақиллик шоҳ кўчалари бўйлаб метронинг Буюк ипак йўли бекатига, кейин Мирзо Улуғбек, Тараққиёт кўчалари орқали Амир Темур майдони, Ўзбекистон кўчаси, Мустақиллик майдони, Абдулла Қодирий ва Абай кўчаси орқали бошланган жойига қадар бўлган масофада бўлиб ўтади.
Шунингдек, лойиҳада мутасадди ташкилотларга марафонни маҳаллий ва хорижий телеканаллар ҳамда интернет тармоғи орқали HD форматда ёритиш, жумладан, тўғридан-тўғри трансляция қилиш вазифаси топширилган.
Марафон ғолиб ва совриндорлари (1-8-ўринлар) 3 миллиондан 12 миллион сўмгача, 5 кмлик масофада 1-6-ўринлар учун 500 минг сўмдан 2 миллион сўмгача пул мукофоти билан тақдирланадилар.
Харажатлар ҳомий ташкилотлар, корхоналар, шунингдек хорижий компаниялар ва хайрия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан қопланади.
Халқаро ярим марафон пойтахтимизнинг диққатга сазовор ҳудудлари, марказий кўчалари бўйлаб ташкил этилиб, бошланиш ва якунланиш жойида “Наврўз” умумхалқ байрамига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтади.
Марафонда хорижлик меҳмонлар ва юртдошларимиз, жами 3000 нафарга яқин киши иштирок этиши кутиляпти.