Профессионал бокснинг биринчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев (5-0, 4КО) WBA жаҳон чемпионлиги учун рингга чиқиши лозим. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашрига маълум қилди.
Муроджон Аҳмадалиев ва мазкур йўналиш бўйича чемпион, америкалик Даниэл Роман (26-2-1, 10 КО) промоутерлари жангни ташкил қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Жанг бўйича келишув учун сўнгги муддат 6 февралгача деб белгилаб қўйилган. Агар томонлар 48 соат давомида келиша олишмаса, WBA штаб-квартираси саналган Панамада жангни ташкил қилиш учун очиқ савдо бошланади.
Савдонинг биринчи шарти жанг мукофот жамғармасининг минимал қиймати 120 минг долларни ташкил этиши керак бўлади. Бунда амалдаги чемпион соврин жамғармасининг 75 фоизини қўлга киритса, даъвогар 25 фоиз пулга эгалик қилади. Бу дегани жанг ташкил қилинса, Муроджон Аҳмадалиев энг камида 31 250 доллар миқдорида мукофотга эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Муроджон Аҳмадалиев WBA Intercontinental чемпионлик камари соҳиби саналади. У сўнгги марта 2018 йил 24 ноябрь куни Айзек Саратени (16-4-3, 2КО) 9-раундда техник нокаут эвазига мағлубиятга учратганди. Шу жангдан сўнг у рейтингда биринчи ўринга кўтарилиб олган. Февраль ойидаги рейтингда ҳам у биринчи ўринни сақлаб қолгач, Роман билан титул жанги учун биринчи рақамли даъвогар номини сақлаб қолганди.