«Барселона» бош мураббийи Эрнесто Вальверде Испания кубоги ярим финал босқичи доирасида «Реал»га қарши бўлиб ўтган ўйин (1:1) борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Мессининг аҳволи қанақа?
— Барчаси жойида. Лекин бугунги ўйинда биз таваккал қилишни истамадик. Унинг оёғида кичик оғриқ бор эди. Шу боис, уни асосий таркибда туширмасликка қарор қилдим. У иккинчи бўлимда майдонга тушганида ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин эди. Ҳар сафар у тўпни қабул қилганида, рақиб дарвозаси олдида хавфли вазият яратишига ишонамиз.
— Бугунги натижани қандай баҳолайсиз?
— Албатта, рақиб тезкор гол урар экан, сен ҳисобни тенглаштирсанг — бу яхши. Ўйин бошида "Реал" узоқ вақт тўпни назорат қилди. Кейин эса рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар ярата бошладик. Барчаси бизнинг қўлимизга ўтганидан кейин эса ҳисобни тенглаштирдик.
— Жавоб ўйини олдидан устунлик ким томонда?
— Ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмади. Шу боис, фаворит йўқ. Жамоалар қандай кучга эга эканини инобатга олсак, ҳозирча бирор нарса дейиш қийин. Учрашув оғир бўлишини билгандик.
— Малком ва Семеду ҳақида нима дея оласиз? Нелсон рақобатда Сержи Робертодан устун келмоқдами?
— Биз улардан кўп нарса кутяпмиз. Семедунинг ўйинига ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Бугунги гол эса Малкомга ёрдам беради, деб умид қиламиз. Имкониятлар ҳамиша мавжуд.
Жамоамизга янги қўшилган футболчилар учун ўйинимизга киришиб кетиш ҳеч қачон осон бўлмайди. Боиси, биз майдоннинг кичик қисмида ҳаракатланишимиз лозим. Семедунинг салоҳияти улкан. У тезкор ва уни алдаб ўтиш қийин.
Мен рақибдан келиб чиқиб футболчи бажариши керак бўлган ишларни чамалайман ва шу асосда футболчи танлайман. Каттароқ бўш зонага эга бўлганимизда Семедунинг фойдаси кўпроқ тегади, деб ҳисобладим. Бор гап шу.
— Месси «Атлетик» билан ўйинда майдонга тушадими?
— Билмадим. Аммо бунга умид қиламан.
— Артур ва Коутиньонинг ўйинига баҳо берсангиз.
— Артур тўпни назорат қилишда бизга ёрдам беради. Шунингдек, вазият яратишда ҳам унинг фойдаси тегади. Бугунги ўйинда бизга катта куч ва босим керак эди. Шу боис, Артурни танладим.
Коутиньо ҳақида кўп ўйладим. Чунки ундан кўп нарса кутишмоқда. Унга эътибор юқори. Ўйлашимча, у ўсишда давом этмоқда. У 2-3та вазиятга эга бўлди. Барча ҳам хато қилади.