Бугун, 15 февраль куни Гимнастика бўйича Республика болалар-ўсмирлар спорт мактаби мажмуасида Марказий Осиё қиличбозлик Конфедерациясининг кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги I Очиқ чемпионати бошланди. Мусобақада Конфедерацияга аъзо мамлакат қиличбозлари – Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон вакиллари иштирок этишмоқда. Беллашувлар олдидан турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Конфедерацияга аъзо мамлакатларнинг қиличбозлик федерациялари раҳбарлари, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ мутасаддилари, Тошкент шаҳри ҳокимияти вакиллари иштирок этишди.
Маросим давомида иштирокчи мамлакатлар маданиятига оид видеоролик намойиш этилди, шунингдек миллий рақслар ижро этилди. Эстрада хонандалари ўз чиқишлари билан йиғилганларни хушнуд этишди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов сўзга чиқар экан, ушбу мусобақа кучли қиличбозларни кашф этиб бериши ҳақида гапирди.
«Юртимиз яна бир маротаба муҳим мусобақага мезбонлик қилмоқда. Спортга, ҳусусан қиличбозликка кўрсатилаётган бундай эътибор келажакда албатта ўз самарасини беради. Ана шундай турнирлар орқали минтақамизда кучли қиличбозлар кашф этилади деб умид қиламиз», – деди Жасур Матчанов.
Маросимга ташриф буюрган бошқа мартабали меҳмонлар ҳам ўзларининг самимий тилакларини билдириб ўтишди. Шундан сўнг Ватанимиз мадҳияси янгради ва мусобақа расман очиқ деб эълон қилинди.
Маълумот учун, мусобақа қиличбозликнинг ҳар уччала йўналишида ташкил этилмоқда. Турнир 17 февраль куни якунланади. Баҳслар соат 10:00 да старт олади.