Кириш Регистрация

«Сурхон» Суперлигага даъвогар…ми?

Баҳо:
+1 | -

Айни пайтда унинг жойи Про “А”га ҳам “тортиши” қийин, аммо бошланган ишлар кўлами ижобий баҳога ҳам лойиқ кўрилмоқда.  

Кейинги пайтларда Термизнинг “Сурхон” жамоаси билан боғлиқ шов-шувлар кўпайса кўпайяптики, камаяётгани йўқ. Тажрибали мутахассис Илҳом Мўминжоновнинг бош мураббий бўлиши, кейин маълум муддатга четлаштирилиши, жамоа Анвар Солиев қўлга ўтиши, таркибнинг тобора кучайиб бориши, жамоа кун ёки ҳафталаб эмас, балки ойлаб пойтахтда ўқув-машғулот йиғини ўтказиши, ҳаммасидан ҳам жамоанинг Супер лигага даъвогарлик қилиши шов-шувларнинг бош сабабчиси бўлиб келди.  

Ростдан ҳам Сурхондарё вакили ҳисобланган жамоа январь ойидан буён машғулотларини пойтахтда ўтказяпти. Таркибга келиб қўшилган футболчиларга эътибор беринг - Асилбек Омонов, Шерзод Каримов, Аъзам Алиев, Азамат Алланиёзов, Дилшод Жабборов, Забихилло Ўринбоев, Владимир Бубанья, Дарко Станоевич... Келган ва келаётганларнинг ўзи бир жамоа. Бугун “Сурхон” “лагерида” яна бир таниқли инсон жамоага таништирилди. Илҳом Мўминжонов ўрнига вақтинчалик бош мураббий вазифасини Анвар Солиев бажариб турганди, бугун клуб мутасаддилари уни спорт директори лавозимига ўтказишди. Жамоа бош мураббийи деб эса асли келиб чиқиши сурхондарёлик бўлган, 2016-2018 мавсумларда Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида бош мураббий ва ёрдамчи мураббий лавозимларида фаолият юритган, “ПРО” мураббийлик лицензиясига эга Андрей Микляев таништирилди.   Таркиб-ку кучайтириляпти, машғулотлар, ўртоқлик учрашувлари Суперлига даражасида амалга ошириляпти. Лекин “Сурхон”нинг манзили – Термиз шаҳридаги шароитлар Супер лига талабига жавоб бера оладими?

    Снимок3.PNG 

Яқинда Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг махсус гуруҳи вазиятни ўрганиш мақсадида Термизга ташриф буюрди. Маълум бўлишича, барча эътибор Тошкентга – таркибни кучайтиришга қратилган-у, бу ерда – Термизда деярли иш қилинмаган. Шароит Суперлигага эмас, ҳатто Про “А”га ҳам жавоб бера оладиган даражада бўлмаган.

Тўғри, клуб ЎзПФЛ томонидан Супер ва Про “А” лига клублари зиммасига юклаётган талаблар сифатида биринчилардан бўлиб футбол академиясига эга бўлди – вилоят футбол академияси билан ҳамкорлик шартномаси тузди, янги таъмирдан чиққан стадион ва унинг чими юқори тоифадаги мусобақа ўтказиш талабига жавоб бера олади. Аммо шундан бошқа талабларга эътибор қаратилмаган.

Айтайлик, муҳим талаблардан бири стадионнинг ёритгич масаласи ҳал этилмаган, қад ростлаб турган эски ёритгичларнинг қуввати анча паст, стадион ўриндиқлари ўтган йили замонавий ўриндиқлар билан алмаштирилиши бошланган-у, чала қолиб кетган. Стадионни таъмирдан чиққан дедик, бироқ жиҳозланмаган, футболчиларнинг кийим алмаштириш, матбуот анжумани ўтказиш хоналари, умуман, ҳали жиҳозлар харид қилинмаган. Яна бошқа камчиликлар ҳам талайгина.  

 Снимок1.PNG 

Бу кечанинг манзараси эди, бугун эса Термизда, айнан “Сурхон” спорт мажмуасида бутунлай бошқача манзара. ЎзПФЛ вакилларининг сўроқ-сўроғи таъсир қилдими ёки вилоят ҳокимияти-ю клуб мутасаддиларининг иш бошлаши бўйича режаси шу муддатга белгиланганмиди, хуллас бугун Термизда катта кўламдаги ишлар бошланиб кетди.

Аввалига клубнинг тўрт-беш кишилик вакиллари, стадион директоридан иборат катта гуруҳ қурилиш тизими бўйича бирхилликка эга бўлган АГМК стадионига ташриф буюрди ва у ердаги шароит билан яқиндан танишди. Кўп ўтмай, барча эътибор “Сурхон” спорт мажмуасини ҳам АГМК даражасига келтириш ҳаракатларига қаратилди. Шу тариқа айни пайтда Термизда чинакам тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.  

Иш шу тарзда давом этадиган бўлса, ким билади, “Сурхон”нинг Суперлигага даъвогарлик уринишлари ҳақиқатга айланадими? Клуб Суперлигадан жой оладими-йўқми, рухсат берилса кимнинг ўрнини тўлдиради ёки Про “А”да фаолият юритадими, энди бу бошқа масала... 

Манба: UZA
Киритилди: 13:14, 16.02.2019.
Ўқилди: 5304 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.