Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Андрей Шипилов: «Жепаровга футбол ўйнашни тақиқлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ»

Баҳо:
+ | -

“Металлург” жамоаси бош мураббийи Андрей Шипилов Суперлига-2019 мусобақаси учун қуръа ташлаш жараёнидан кейин мухлисларимизни қизиқтирган баъзи саволларга жавоб қайтарди.

— Андрей Сергеевич, мана ниҳоят 2019 йилги миллий чемпионат баҳсларига ҳам қуръа ташланди. Қуръа натижаларидан қониқиш ҳосил қилдингизми?
— Қуръа – бу ҳамиша кутилмаган жараён. Кимга қарши, қаерда мусобақани бошлайсан, олдиндан билиб бўлмайди. Ростини айтсам, 2019 йилги мавсумга қуръа ташлаш жараёни биз учун ёмон бўлмади. Суперлиганинг янги жамоалари, ўтган мавсум Про-лигада тўп сурган коллективларга қарши ўйинлар билан бошлаймиз. Аммо биз рақибни ҳамиша ҳурмат қиламиз. Уларнинг кучига тўғри баҳо бермаслик кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу нарсани унутмаган ҳолда, насиб бўлса, шогирдларни илк турданоқ ҳам жисмонан, ҳам руҳан учрашувларга пухта ҳозирлаймиз.

— Суперлиганинг бу йилги мавсумидан нималарни кутаяпсиз?
— Биз ўтган мавсум клуб тарихидаги энг яхши кўрсаткични такрорлагандик. Бекобод жамоаси 2002 йилда бешинчи ўринни эгаллаган бўлса, орадан 16 йил ўтиб яна кучли бешликка кирди. Бу йил эса ўтган йилги кўрсаткичдан паст натижа кўрсатишга ҳаққимиз йўқ. Мухлисларимиз жуда талабчан, янада юқорироқ поғоналар учун курашишимизни исташади. Шу сабабдан ҳам 2019 йилги мавсум арафасида селекция ишларига жиддий эътибор қаратдик. Иқтидорли ёшлар билан бир қаторда тажрибали, маҳоратли ўйинчиларга ҳам алоҳида урғу қаратдик. Жумладан, ўз вақтида икки карра Осиёнинг, икки марта мамлакатимизнинг энг яхши футболчиси деб топилган Сервер Жепаровни жамоага жалб этдик. Кўп марта совриндор бўлган Камолиддин Тожиев, Шавкат Муллажонов ҳам ёшларимизга ҳар томонлама ўрнак бўлишига, уларни ўз ортида эргаштиришига ишонаман. Қолаверса, Станислав Андреев, Акбар Исматуллаев, Аббос Отахонов, Александр Лобанов сингари ўйинчилар билан шартнома имзоладикки, бу футболчиларнинг тажрибаси ҳам юксак натижаларни кўзлашимизга асос бўла олади.

— Аммо шу ўринда Сервер Жепаров мавсум олди тест натижаларидан ўта олмади, у чемпионатда иштирок этмайди деган гап сўзлар кўпайди, буни қандай изоҳлайсиз?
— Футболчи тез югура олмаса ёки қандайдир норматив тестни топшира олмаса, бу унинг футбол ўйнай олмайди, дегани эмас. Айниқса, Сервер мисолида унга бундай тамғани ёпиштиришларига мутлақо қаршиман. У аллақачон ўзбек футболи тарихига ўз исми шарифини зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйган. Нафақат мамлакатимизнинг, балки Осиёнинг энг яхши футболчиси деб тан олинган. Ундан яна нимани талаб этаяпмиз. Менга Жепаров тез югуриши билан эмас, тиниқ боши, аниқ тўп узатмалари, жамоани ўз ортидан эргаштира олиши билан керак. Сервер 40 ёшида ҳам исталган жамоага наф келтиришига ишонаман. Буни Туркиядаги ўқув машғулот йиғини доирасида ўтказилган назорат учрашувларида исботлади. Битта ўйин давомида 11-13 километргача масофани босиб ўтди. Куни кеча “Бунёдкор”га қарши ўтказилган кўрик ўйинида ҳам тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. Жисмоний тайёргарлигидан нолимайман. Ўша куни ҳам у 11 км масофани босиб ўтди. Яна нима керак? Қолаверса, ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч ким Жепаровга футбол ўйнашни тақиқлашга ҳаққи йўқ! Керак бўлса, 36 ёшида ҳам 20 ёшлилар учун мўлжалланган тестини қайта топшира олади, бунга шубҳа қилмайман.

— Бу йилги чемпионат Регламентида жамоалар олдига бир қатор янги талаблар қўйилган. Улардан бири жамоалар ҳар бир ўйинда 1997 йил ва ундан кейин туғилган ёшларни майдонга тушириши талабидир. Бу масалага фикрингиз?
— Бу йил мамлакатимиз футболи учун жуда масъулиятли йил саналади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2020 йили Токиода ўтказиладиган Олимпиада мусобақасининг саралаш ўйинларида иштирок этади. Шу боисдан ҳам ЎФА ҳамда ПФЛнинг чемпионат Регламентига киритган ўзгаришларини қўллаб-қувватлайман. Менга қолса, 1997 йил у ёқда турсин, 1999-2000, ҳатто 2001 йилда туғилган футболчини ҳам ўйнатишга тайёрман. Фақат у шу ишончга муносиб эканлигини исботласин. Шу маънода Олимпия терма жамоаси йиғинига жалб этилаётган ўйинчилар ҳам ўз клублари асосий таркибида ўйнашга лойиқлигини исботлаши керак, деб ҳисоблайман. Мисол учун, “Металлург”дан Ўзбекистон ОТЖга чақирилган Суҳроб Нуруллоевни олайлик. Мен уни 100 кундан буён кўрмадим. Бу йил ҳисобидан Нуруллоев жамоамнинг биронта ҳам машғулотида иштирок этмади. Мен қандай қилиб уни асосий таркибга қўяман, у бунга лойиқ бўлмаслиги мумкин. Менинг тактикам, ўйин услубимдан бехабар, тўсатдан йиғиндан келиб, жамоам ўйинини бузиб қўймаслигига ким кафолат беради. Лекин мен Суҳробнинг ҳам жамоамга ёрдам беришини, асосий таркибда ўйнашини ҳохлайман. Терма жамоага номзод ўйинчиларнинг кўпайишини истайман. Биласизми, клуб раҳбарияти мураббийлардан ҳамиша натижани сўрайди. Мураббий эса талаб этилган натижага эришиш учун айни пайтда қўл остида, кўриб, билиб юрган футболчисини майдонга туширади, албатта. Исталган футболчи асосий таркибдаги ўрнини пешона тери, меҳнати билан қозониши лозим. Узоқ чўзилиб кетадиган йиғинлар шуниси билан клубларнинг ҳам, ўйинчиларнинг ҳам зарарига ишлайди.

— 2019 йилги мавсумда жамоа олдига қандай вазифалар қўйилган?
— Юқорида таъкидлаб ўтдим, биз ўтган йилдагидан паст натижани кўрсатишга ҳаққимиз йўқ деб. Асосий вазифамиз саноат шаҳри бўлган Бекобод аҳлига мазмунли, ҳужумкор футболни тортиқ этиш. Ишдан ҳориб чиққан ҳамшаҳарларимизни ғалабали ўйинлар билан хурсанд қилиш. Нафақат миллий чемпионат баҳсларида, балки Ўзбекистон кубоги ўйинларида ҳам муваффақият қозонишдир.

— Бу йўлда Сизга ва шогирдларингизга омад ёр бўлишини тилаймиз. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Киритилди: 23:17, 26.02.2019.
Ўқилди: 3942 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.