«Атлетико» - «Ювентус» ўйинидан кейин нафақат «матрасчилар»нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабалари, балки Криштиану Роналду ҳамда Диего Симеоне ишоралари ҳам кенг муҳокама қилинди. Қуйида португалиялик юлдуз ва аргентиналик мураббий хатти-ҳаракатига алоҳида тўхталиш баробарида футбол тарихидаги энг эсда қоларли ишораларни эсга олинмоқда.
Роналду ва 5та кубок
«Ванда Метрополитано»даги ўйиннинг биринчи бўлими: Роналду 5та бармоғини кўрсатганча характерли хатти-ҳаракатни амалга оширди. Кейин мухлислар ўртасида топқирлик мусобақаси бошланиб кетди. Яъни унинг ишораси турлича талқин қилинди:
- Роналду «Ювентус» 5 нафар ҳужумчи билан ўйнаши кераклигини билдирмоқда...
- 5-рақамли Пьянични алмаштириш зарурлигига шаъма.
- Бу ЧЛдаги 5та ғалаба ёки 5та «Олтин тўп»га ишора...
Кейинчалик Криштианунинг ўзи бу борадаги баҳс-мунозараларга чек қўйди: «Менда 5та чемпионлар кубоги бор, «Атлетико»да йўқ - 0». Тушунарлики, Роналду шу билан ўзини «ўт»га урди. Дейлик, «Атлетико» президенти Энрике Сересо португалиялик юлдуз сўзларига жавобан дарҳол кескин фикр билдирди: «Кичик тузатиш, Роналду ЧЛда 5 марта эмас, 3 бора ғалаба қозонган. «Атлетико»га қарши 2та финални аслида у ютгани йўқ. Нега? Бу ҳақда келаси сафар гапираман».
Симеоне ва бемаънилик
Энг қизиғи, Сересо ўз жамоаси бош мураббийининг беъмани хатти-ҳаракатини оқлади. «Эль-Чоло»нинг ўзи эса ҳиссиётга берилганини тан олди: «Ҳа, яхши иш қилмадим, бу эҳтирослар маҳсули. Ахир ўйин жуда оғир кечди, биз охиригача қаттиқ курашдик. Эсимда, футболчилик даврида, аниқроғи, «Лацио» - «Болонья» баҳсида ҳам худди шундай ишора қилишдан тийилмагандим. Лекин бу рақибга қаратилган эмас. Агар кимнидир ранжитган бўлсам, узр...».
ФуТБОЛ ТАРИхидаги энг машҳур ишоралар муаллифлари
Штефан Эффенберг. Германиялик футболчи ЖЧ-94 доирасида Жанубий Корея термасига қарши кечган ўйинда алмаштирилгач, майдондан чиқиб кетишда немис фанатларининг эътирозларига жавобан ўрта бармоғини кўрсатган. Оқибатда бош мураббий Берти Фогтс уни Бундестим таркибидан четлаштириб, жамоага бошқа чақирмаслиги ҳақида ваъда берган. Шу тариқа Штефан фаолиятининг энг яхши дамларида ҳам миллий жамоада ўйнамади. Қисқаси, Эффенберг битта бармоғи билан бутун халқаро фаолиятини барбод қилганди.
Гранит Жака ва Жердан Шакири. «Швейцария бургутлари» - ЖЧ-2018да рўй берган можаро. Сербия - Швейцария ўйинида «соатсозлар» айнан этник албанлар - Жака ва Шакири урган голлар эвазига иродали ғалабани тантана қилишди. Футболчилар эса муваффақиятни Албания байроғидаги бургутга нишона тарзда ўзгача нишонлашди. Қисқаси, уларнинг ҳаракати Сербия ва Албания ўртасидаги сиёсий келишмовчиликларга ишора эди. Тўғри, Шакири ва Жака расман узр сўраш билан ФИФА жазосидан қутулиб қолишди.
Робби Фаулер. 20 йил олдинги воқеа. Ўшанда «Ливерпуль» сафида ўйнаган Робби Фаулер «Эвертон» билан учрашувда пенальти ишлаб, уни ўзи голга айлантиради ва тиззалаб ўтирганча майдон чизиғини ҳидлаётгандек ҳаракатланади. Англия футбол ассоциация бу ишорани кокаин истеъмоли намойиши сифатида қоралаб, Фаулерни кескин жазолайди: 4та ўйинлик дисквалификация ва 60 минг фунт миқдорида жарима.