«Барселона» ва «Реал» клублари ўзгаришлар остонасида турибди. "Қироллик клуби"да Криштиану Роналду даври якунига етган бўлса, вақти келиб Лионель Месси ҳам «кўк-анорранглилар» сафида фаолиятини якунлайди.
Табиийки, бу икки буюк футболчи ўрнини бошқа ўйинчилар эгаллашади. Ҳозирги кунда Усмон Дембеле ва Винисиус Жуниор мазкур жамоаларнинг бўлажак юлдузлари сифатида эътироф этилмоқда.
Усмон ва Винисиус учун ўз жамоаларидаги дебют мавсум осон кечмади. Франциялик футболчи ўтган мавсумда жароҳат туфайли мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборган бўлса, иккинчи мавсумда интизомсизлик Дембелега қимматга тушишига оз қолди. Бразилиялик футболчи эса «Кастилья» сафида ўйнаб, асосий жамоада имкон берилиши кутди.
Иккала ҳужумчининг ўйин услуби ўхшаш: улар рақиб футболчиларини алдашга ҳаракат қилади. Улар тезкор ҳамда ўйин суръатини ўзгартира олади. Клубларда Бускетс ва Модрич майдон марказини назорат қилишса, Дембеле ва Винисиус ҳеч нарсани кутиб ўтирмасдан рақиб дарвозаси томон босим уюштиришади.
Дембеле ушбу мавсумда кичик сенсацияни юзага келтирмоқда. У рақобатда Коутиньони енгиб ўтиб, асосий таркибда Месси ва Суарес билан бирга ҳужум учлигини юзага келтирмоқда. Усмон ушбу мавсумда 13та гол урди ва 6та голга узатма берди.
"Мадрид"га Солари келганидан кейин Винисиус жамоанинг асосий таркиб ўйинчисига айланди. Тўғри, унинг ҳисобидаги голлар сони ҳозирча кўп эмас (Ла лигада 2та, Испания кубогида 2та), аммо бразилиялик футболчи 8та голга узатма бергани эътиборга молик.
Дембеле яқин кунларда 21 ёшга тўлса, Жуниор ҳозир 18 ёшда. Уларнинг иқтидорига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Улар яқин келажакда ўз клубларининг юлдузига айланишади. Аммо Жуниор ва Дембеле бугуноқ ўзларини яна бир марта кўрсатиш имкониятига эга. "Эл-класико" бизни кутиб турибди. Тошкент вақти билан — 01:00.