Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу борада ташкилот билан қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Ҳамкорлик доирасида сентябрь ойида Ўзбекистонда этноспорт бўйича катта фестиваль ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бугун конфедерация вакилларидан иборат делегация Туркиядан Тошкент шаҳрига ташриф буюрди.
Мазкур делегация вакиллари билан Миллий олимпия қўмитасида ҳам учрашув ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси Отабек Имамов, шунингдек, Туркиядан ташриф буюрган мутасаддилар Кунейт Озтан, Ёсин Тутюнжу, Нурулла Аслан ва Фотиҳ Йилдиз иштирок этди.
Учрашув давомида меҳмонларга Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қўмитаси, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси фаолияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, делегация вакилларига Ўзбекистон спорт йўналишида Туркия билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги таъкидланди. Бундан ташқари сентябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган фестиваль юзасидан музокаралар олиб борилди. Учрашув якунида меҳмонларга эсдалик сифатида миллий либосимиз – чўпонлар ҳадя этилди.
Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси вакиллари 5 мартга қадар юртимизда бўлишади. Улар мазкур ташриф давомида Хива ҳамда Бухоро шаҳарларига боришлари кутилмоқда.