Тажрибали ҳужумчи Баҳодир Насимов фаолиятини яна Ўзбекистонда давом эттиради. Наманганнинг «Навбаҳор» клуби билан келишувга эришган самарқандлик футболчининг сўнгги жамоаси Озарбайжон олий лигаси иштирокчиси «Кешла» бўлганди. Насимов ўтган йили мазкур клуб билан бир йиллик шартнома имзолаган, лекин келишув икки томоннинг розилиги билан бекор қилинганди. Бунга ҳамюртимизнинг мураббий томонидан майдонга туширилмаётгани, асосан захирада қолиб кетаётгани сабаб бўлган. Маълумот учун, Баҳодир ўз вақтида Озарбайжон футболи байроқдори - «Нефтчи» таркибида чемпионликка эришган. Энди эса «лочинлар» шарафини ҳимоя қилади.
@LOCHINLAR- Баҳодир, Озарбайжон жамоасини шартнома якунига етмай тарк этдингиз...
- Жамоанинг захира ўриндиғида қолиб кетганим бунга сабаб бўлди. Охирги пайтларда мураббий умуман майдонга туширмай қўйди. Натижада ўйин амалиётисиз қолиб кетдим. Клуб раҳбарияти билан учрашганимдан кейин кетишга қарор қилдим.
- Сизнинг майдонга туширилмаётганингиз бош мураббий билан ўртадаги келишмовчилик сабаб юзага келган ҳолатмиди?
- Олти ой ичида уч марта мураббий алмашди. Энг ёмони, клуб раҳбарияти мураббийларнинг ишига аралашарди. Кўпинча таркибни ҳам раҳбарлар белгилашарди. Менга 5-10 дақиқа, кўпи билан бир бўлим майдонда тўп суриш имкони тақдим этиларди. Охири бунга чидай олмадим ва клуб раҳбаридан шартномани бекор қилишни сўрадим.
- Клубнинг қарзи бормиди?
- Йўқ. Келишимдан олдин ҳамма пулимни беришди. Шартнома бекор бўлгани ҳақидаги ҳужжатларни олдим.
- Бу сафарги Озарбайжон сафари ҳам ўзингиз кутгандек якунланмади. Қандай хулоса чиқардингиз?
- Очиғи, жамоага мослаша олмадим. Боз устига, «Кешла» мен кутганчалик кучли эмас экан. Тўғриси, бу саволингизга қандай жавоб қайтаришга ҳам ҳайронман. Агар мураббий ҳеч бўлмаса, 4-5та ўйинда имконият берганида, ўзимни кўрсатардим. Акс ҳолда, гол талаб қилиш тўғрими? Бошқа томондан, футболчи айбни ўзидан ҳам излаши керак. Хуллас, бу галги сафарим омадсиз якунланди.
- Озарбайжоннинг бошқа клубида қолиш варианти йўқмиди?
- Таклиф бўлмади. Ўйлашимча, «Кешла» билан ҳали амалда ярим йиллик шартномам бўлгани учун ҳам агентлар мурожаат қилишмади.
- «Навбаҳор» йиғинларида иштирок этдингиз, ўртоқлик учрашувларида гол ҳам урдингиз. Умуман, Наманган клубидан таклиф қачон ва ким томонидан бўлди?
- Бош мураббийнинг чорлови билан «Навбаҳор»га келдим. Озарбайжондалигимда Андрей Канчельскис қўнғироқ қилиб, «Жамоага ёрдам беришга тайёрмисан?», деб сўради. Барибир, озар клубида ўйнамаётганим учун ҳам бу таклифга рози бўлдим. Ўз голларим билан наманганлик мухлисларга қувонч улашишни мақсад қилганман.
- «Навбаҳор» машғулотларида иштирок этдингиз. Таассуротлар қанақа?
- Кўтаринки кайфиятда шуғулланяпмиз. Сўнгги хориж йиғинимиз Анталияда ўтказилди. Асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилди. Умуман олганда, таассуротлар кутганимдек бўлиб чиқди.
- Канчельскисни футболчи сифатида яхши биламиз. У мураббийликда қандай экан? Алоҳида ажралиб турадиган жиҳатлари борми?
- Фақат куч ва тезликка асосланган машғулотларга эътибор қаратаркан. Бир жойда туриб қолишингиз керак эмас. Доимий равишда ҳаракатда бўлишингиз лозим. Футболчилик даврида Англия чемпионатида ўйнагани учун ҳам тезкор футбол тарафдори. Дам олишга фурсат берилмайди. Машғулотлари шу билан ҳам ажралиб тураркан. Шахсан менга Канчельскис қўл остида шуғулланиш жуда ёқди.
- «Навбаҳор» билан қанча муддатга шартнома имзолайсиз?
- Бир йиллик битим тузиш бўйича келишиб олганмиз. Агар ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, келишув узайтирилиши мумкин.
- Нима деб ўйлайсиз, «Навбаҳор» чемпионлик учун кураша оладими?
- Нима учун йўқ? Жамоа ўтган йили ҳам чемпионлик пойгасида иштирок этган. Бу йил ҳам клуб раҳбарияти чемпионлик вазифасини қўймоқда. Ҳозирги таркиб ва мураббийлар штаби билан бу мақсадга эришиш мумкин, деб ўйлайман. Қолаверса, клуб раҳбарлари ҳам барча шароитларни яратиб беришяпти.
- Терма жамоамизнинг Осиё кубогидаги ўйинларини кўрдингизми?
- Ҳа, албатта. Олдинлари Япония ва Австралия билан ўйинларимиз жуда мураккаб кечарди. Йирик ҳисобларда ютқазардик. Ҳозир вазият анча ўзгарибди. Австралия билан ўйинда ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Японияга кичик ҳисобда ютқазган бўлсак-да, йигитлар ўзларидан жуда яхши таассурот қолдиришди. Шахсий фикрим, Эктор Купер термамиз ўйинини ўзгартира олган. Аргентиналик мутахассис жамоамизни мундиалга олиб чиқишига ишонаман.