Янги мавсумда ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган Наманганнинг “Навбаҳор” клуби тайёргарликнинг сўнгги босқичини Тошкентда олиб бормоқда.
“Лочинлар”нинг пойтахтимиздаги навбатдаги машғулотлари ўз якунига етгач, биз “Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскисдан интервью олдик.
- Андрей Антанасович, янги мавсум бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Айтингчи, Суперлиганинг бўлажак мавсумига тайёргарлик қандай ўтди, ундан қониқиш ҳосил қилдингизми?
- Янги мавсумга тайёргарликни Наманган, Қрим ва Туркияда олиб бордик. Мана энди сўнгги ўқув-машғулот йиғинини Тошкентда олиб боряпмиз. Умуман олганда, тайёргарликдан қониқиш ҳосил қилдим, аммо жамоамиз ўз уй учрашувларини ўтказадиган майдоннинг тайёр эмаслиги бироз кўнгилни хижил қилади.
Майли, Худо хоҳласа, майдон сифати анча яхшиланади ва футболчилар ҳам сифатли майдонда яйраб тўп суришади ҳамда мухлисларимизга ўз ғалабалари билан қувонч улашишади, деган ниятдамиз.
- Жамоа таркибини ўзингиз хоҳлагандек, шакллантира олдингизми?
- Менимча, ҳеч қайси мураббий ўз қўл остидаги таркибдан қониқиш ҳосил қилмаса керак. Лекин жамоамиз сафига тажрибали, шунингдек, келажаги порлоқ ва маҳоратли, бундан ташқари, жамоа учун жон куйдирадиган футболчиларни жалб эта олдик. Мазкур шогирдларим билан янги мавсумда олдимизга қўйилган мақсадни амалга оширамиз, деган умиддаман.
- Ўтган йилги мавсумда Суперлига учрашувлари 12та клуб иштирокида “олтин очколар” тизимида ўтказилганди, бу йил эса жамоалар сони 14 тага етказилиб, ўйинлар 2 даврали тизим асосида ўтказиладиган бўлди. Бунга қандай муносабат билдирасиз?
- Шотландияда 12та жамоа иштирок этади ва ушбу мамлакат чемпионати 4 даврали тизим асосида ўтказилади. Кўплаб давлатларда эса чемпионат баҳслари 2 даврали тизим асосига қурилган. Ўзбекистонда ҳам шу тизимга қайтилгани ижобий ҳолат бўлди.
- Янги мавсумда “Навбаҳор”нинг олдига қандай вазифа қўйилган?
- Ўтган йили клубимиз бронза медали соҳибига айланди. Янги мавсумда эса маррани янада баландроқ олиб, ундан-да юқорироқ ўринлар учун кураш олиб бориш ниятидамиз. Буни амалга ошириш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламиз.