Ҳаётда бирор-бир касб ёки ҳунар йўқки, уни осонликча эгаллаш мумкин бўлса. Қайсидир учрашувни томоша қилиш чоғида мураббий қароридан норози бўламиз, унинг ўрнида сал бошқачароқ хулосага келишимизни таъкидлаймиз. Аслида эса, четдан туриб маслаҳат беришдан осонроқ иш йўқлигини яхши биламиз. Ҳатто энг машҳур мураббийлар ҳам ўз фаолиятларини хатоликлар билан бошлашган, лекин таслим бўлмасдан, мақсад сари интилишган. Охир-оқибат, улар шонли зафарларга эришиб, муваффақиятлар хатолардан тўғри хулоса чиқариш орқали қўлга киритилишини исботлашган. Бунга мисоллар етарлича...
Арсен Венгер («Нанси»)
Тинимсиз изланишлар ва метин ирода эвазига омадсизликни муваффақиятга айлантирган, фаолияти давомида шарафли «Профессор» унвонига сазовор бўлган франциялик мутахассис ўз вақтида ёш Тьерри Анрини «Монако»га, кейин икки марта «Арсенал»га олиб келганди. Ота-болага хос самимий ҳамкорлик яна давом этишига шубҳа қилмаймиз, омадсизликка юз тутган шогирдини мураббийликка қайтариш учун «Профессор» қимматли маслаҳатларини аямаслиги аниқ.
Ўзининг янги соҳадаги жиддий қадамини Венгер «Нанси» клубида қўйганди. Ўшанда жамоа молиявий муаммолар гирдобида қолган, таркиб ҳам рисоладагидек эмасди. Мураббийнинг қадрдон дўсти, «Нанси»даги илк хариди бўлмиш Жан-Люка Аррибар 2017 йилда ўтмишдаги бир воқеани ёдга олганди:
«Ўшанда биз «Лен»га 3 ёки 4 тўп фарқи билан имкониятни бой бергандик. Мураббий ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Охир-оқибат, автобусни тўхтатишга мажбур бўлдик. Пастга тушишга аранг улгурган Арсен йўл четида қайт қилиб юборди ва бир неча дақиқадан кейин ўзига келди».
Венгернинг дебют мавсумини жамоа турнир жадвалининг ўртасида якунлади. Бироқ муаммолардан халос бўла олмади. Натижада Арсен «Монако»га йўл олди. Кейинги воқеалар ривожидан яхши хабардорсиз.
Бобби Робсон («Фулхэм»)
ПСВ, «Спортинг», «Барселона» ва Англия терма жамоаларидаги хизматлари туфайли «Сэр Бобби» мақомига эришган мутахассис ҳам фаолиятининг дастлабки босқичида жиддий қийинчиликларга дуч келган. Тўғри, у «Ипсвич» орқали кўпчилик эътиборини қозонди. Лекин чинакам драматик воқеалар айнан «Фулхэм»да юз берди. 11 йил давомида жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилган футболчининг устозлик фаолияти 11 ойга етмай якунланди.
Робсонга бош мураббий ваколати берилган паллада жамоа 21-ўринда бораётганди. Мавсумни эса 22-поғонада якунлади. Оқибатда мураббий ноябрда истеъфога чиқарилди.
Антонио Конте («Ареццо»)
Ҳозирги соч турмагига эга бўлишидан аввал италиялик мутахассис ўз малакасини «Б» серияси вакили - «Ареццо»да синовдан ўтказганди. Тўғри, қуйи лигада тажриба тўплаш Контега насиб этмади - атиги 9 учрашувдан кейин унга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйишди. Жамоа эса Конте ташрифидан аввал мавжуд бўлган очколар танқислигини 6дан 1гача қисқартира олгани билан мақтанишга ҳақли. Хуллас, Антонио ўз ўрнини доимо унинг камчиликларини йўқотишга уриниб юрадиган ватандоши - Маурицио Саррига бўшатиб берди.
Орадан 4-5 ой ўтгач, Маурицио ҳам истеъфога йўл олди, Конте эса... ортга қайтарилди. Бироқ бу «рокировка» ҳам кутилган натижани бермади - шўрлик «Ареццо» қуйи лигага тушиб кетди. Антонио яна ишсиз қолди. Айтганча, мабодо сизни «Челси»нинг 2019 йилдаги тақдири ўйлантириб қўйган бўлса, ташвишланманг - «рокировка» Лондонда ҳам такрорланиши ҳеч гап эмас.
Зайниддин Зидан («Реал Мадрид Кастилья»)
Элитанинг бадавлат грандлари ва провинциялар намояндаларининг ўринбосарлари ўзаро беллашадиган учинчи дивизион Зизудек ёрқин юлдуз учун муносиб жанггоҳ эмасди. Маълум бўлишича, Зидан мураббийлик соҳасида ҳам футболчиликдаги каби шон-шуҳратга эришиши учун «Кастилья» шунчаки, оралиқ марра вазифасини ўтаган экан. Бироқ 2014 йилда бу ҳеч кимнинг хаёлига келган эмасди. Бош мураббий лавозимида (расман техник директор лавозимида, чунки у пайтда тегишли лицензияси йўқ эди) Зидан 6 учрашувнинг 5тасида имкониятни бой берди. Охирги ўйинда унинг шогирдлари «Аморебьета»дан 0:3 ҳисобида енгилишди. Тўғри, жамоа аста-секин қаддини тиклаб олди, аммо ўша лицензия боис Зидан 3 ойга жамоадан четлатилди.
Зизу учун ягона бўлиб қолган мавсумни «Кастилья» 6-ўринда якунлаб, «плей-офф» босқичидан четда қолди. Кейин эса мураббий жамоага қайтишга ва Мартин Эдегор ҳамда Борха Майораль каби ноёб иқтидорларга таълим беришга улгурмади. Бунинг ўрнига 2,5 йил ичида 3 марта ЕЧЛ совринини қўлга киритди.
Рафаэль Бенитес («Вальядолид»)
Ҳа, бу тажрибали мураббий ҳам бир пайтлари «Қироллик клуби» ёшларига устозлик қилган ва Зиданга нисбатан омадлироқ бўлганди. Лекин ундан аввалроқ Рафа «Вальядолид»да «тўлақонли» фаолиятини ўтказганди. Ана шу ибратга лойиқ мавсумни эсга олмаслик адолатсизлик бўларди. Чунки Бенитеснинг дебюти ўта омадсиз чиққанди. Жамоа жадвал тубига чўккан пайтида унинг ҳисобида 23та ўйинда атиги 2та ғалаба бор эди. Элитадаги ўрнини сақлаб қолиши учун жамоа яна 9 очко олиши талаб этиларди. «Вальядолид» бу вазифани уддалади, аммо Бенитес жамоани тарк этганидан кейин. Мураббий эса Сегунда аъзоси - «Осасуна»ни қабул қилди. Бироқ у ерда ҳам омади чопмади. Таажжубки, Бенитес истеъфога чиқарилгач, қуйи лига тараддудини кўраётган «Осасуна» ўзини ўнглаб олди.
Ҳафсаласи пир бўлган мутахассис яхши ниятлар билан «Эстрамадура»да иш бошлади. Аввалига жамоанинг натижалари яхшиланиб борди, кейин пастга шўнғиди. Шундан кейин Бенитес 1 йиллик танаффус олишга қарор қилди.
Буни қарангки, узоқ муддатли таътил ижобий натижаларини бериб, Рафа «Тенерифе»ни элитага олиб чиқди. Кейин «Валенсия»дан таклиф олди. Шу тариқа испаниялик мураббий фаолиятининг ёрқин даври бошланди - Примера, УЕФА кубоги, яна Примера ва «Ливерпуль» билан ЕЧЛ кубоги!
Диего Симеоне («Расинг», Авальянеда)
«Атлетико»нинг амалдаги бош мураббийи 2006 йилда футболчилик фаолиятини якунлади. Ўшанда 35 ёшли футболчи ўз юртида «Расинг» шарафини ҳимоя қилаётганди. Саноқли сониялардан кейин эса устозлик қилишга уриниб кўрди. Ҳа, шунчаки уриниб кўрди. Чунки унинг раҳбарлигида жамоа 19-ўриндан 20-га тушиб қолди. Лекин мавсумни бир амаллаб 18-поғонада якунлади. Ўсишми бу?
Мазкур дебютдан сўнг Симеоне бошқа жамоада ўз омадини синаб кўришга қарор қилди ва «Эстудиантес»ни 23 йиллик танаффусдан сўнг элитага қайтарди!
Витторио Поццо (Италия)
Бу мутахассис итальян футболи ривожига улкан ҳисса қўшган чинакам арбоблардан бири. У Европа футболидаги «тактик инқилоб»нинг отасидир. 1934 ва 1938 йилларда «Мовий гвардия» Поццо раҳбарлигида жаҳон тожини қўлга киритганди. Лекин фаолиятининг дастлабки йиллари Витторио учун жуда оғир кечган. Жумладан, 1912 йилдаги Олимпия ўйинларида фақат бир марта - Финляндияга қарши баҳсда мағлубиятга учраган ва мусобақани барвақт тарк этганди. Финлар эса кейинги учрашувда Голландияга 0:9 ҳисобида имкониятни бой беришди. Поццо кетди, аммо кўп сонли мухлисларига тезда қайтишини айтиб, якунда ваъдасининг устидан чиқди.
Жозе Моуриньо («Бенфика»)
«Беназир» дебютини омадсиз деб бўлмайди. Лекин муваффақиятли дейишга ҳам асослар етарли эмас - унинг етакчилигида «бургутлар» 7-ўриндан 6га кўтарилишди. Бироқ атиги 2,5 ойдан кейин истеъфога йўлланган мураббий хизматига баҳо бериш анча қийин. Хўш, бу қандай юз берди? Ҳаммаси «Бенфика»да қандайдир ўзгаришларни амалга оширишга бел боғлаган Юпп Хайнкеснинг кетиши билан бошланди. Раҳбарият Жезуалду Феррейрани мўлжаллаётганди. Аммо Жозе бунга парво қилмади. Тез орада бошқарув янги президент ихтиёрига ўтди. 37 ёшли мураббий ундан шартнома муддатини узайтиришни талаб қилди. Бу бетгачопарликдан лол қолган Мануэль Вильяринью рад жавобини берди ва Моуриньо жамоани тарк этди.
Роберто Манчини («Фиорентина»)
«Фиорентина»да бош мураббий лавозимини эгаллаш учун Роберто 2001 йилда тин олмай югуриб-елишга мажбур бўлганди. Гап шундаки, ўшанда у «Лацио»дан ижарага олинган ўйинчи сифатида «Лестер»да тўп сураётган, боз устига, мураббийликка лицензияси ҳам йўқ эди. Шу сабабли Манчини Италия ФАнинг тавсиясига муҳтож, қолаверса, «Лацио»да Свен-Ёран Эрикссоннинг ёрдамчиси эди. Қизиқ, шунча оворагарчиликлар эвазига Манчини қандай каромат кўрсата олди? У Флоренцияда ишга киришиши билан турли таҳдидларга дуч келди, клуб соҳибига полиция қизиқиб қолди. Бундан ташқари, ғазна бўшаб қолган, маошлар берилмаётган, футболчилар кета бошлашганди. Шундай вазиятда Манчини мамлакат кубогини қўлга киритишга улгурди, кейин ўзи ҳам аутсайдерлар сафига тушиб қолган жамоани тарк этди.
Гарри Реднапп («Борнмут»)
Бу мутахассис хусусида сўз кетганда «буюк мураббий» иборасига алоҳида урғу беришимизнинг асосий сабаби шундаки, ўз вақтида Англия ва Интертото кубокларига сазовор бўлган Реднапп «Борнмут»даги дебютини шармандали (0:9) мағлубият билан бошлаганди. Олис 1982 йилда АҚШда ўйновчи мураббий вазифасини адо этаётган Гарри вақтинча «Борнмут»га устозлик қилганди. Унинг жамоаси илк учрашувда «Линкольн»дан қақшатқич мағлубиятни қабул қилиб олди. Ана шу омадсизлик ҳанузгача «Борнмут» тарихидаги энг йирик антирекорд бўлиб қолмоқда.