Шу кунларда Халқаро оғир атлетика федерациясининг яна бир қатор тадбирлари ҳам бўлиб ўтмоқда. Ташкилот ижроия қўмитаси мажлисида ушбу спорт турини ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинди, навбатдаги йирик нуфузли мусобақалар қаерда ўтказилишига аниқлик киритилди.
Ижроқўм мажлиси иштирокчилари 2021 йилги ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатини ўтказишга даъвогарлик қилган мамлакатимиз тақдимотини кўтаринки кайфиятда кўриб чиқишди. Тақдимот якунлангач бирорта саволга ҳожат қолмагани диққатга сазовор. Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Тамаш Аян 2018 йилги ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати Тошкентда юксак савияда ўтказилгани учун Ўзбекистонга миннатдорлик изҳор қилди ва мамлакатимизда йирик нуфузли мусобақаларни ўтказиш борасида катта тажриба тўпланганини таъкидлади. Дунё оғир атлетикаси раҳбарини ижроқўм мажлисигатурли қитъалардан ташриф буюрган мутахассислар фаол қўллаб-қувватлашди.
Шу тариқа, 2021 йил апрель ойида Тошкент ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатини қабул қиладиган бўлди.
- Ушбу мусобақалар муҳим аҳамият касб этади. Чунки турнир ғолиб ва совриндорлари медаллар билан бирга навбатдаги IV ўсмирлар олимпия ўйинларига йўлланмалар билан ҳам мукофотланади. Турли миллий федерацияларда ишлаётган ҳамкасбларимиз Тошкентдаги чемпионатнинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишгани бежиз эмас. Ўтган йили мамлакатимиз баҳорда Урганчда ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатини, ёзда Тошкентда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатини юксак савияда ташкил қилишга эришди. Биз жаҳон оғир атлетика ҳамжамияти ишончини оқлаш учун барча чораларни кўрамиз. Шунингдек, уйдаги мусобақада муносиб қатанаша оладиган жанговар таркибни шакллантиришга ҳаракат қиламиз, – деди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, халқаро оғир атлетика федерацияси ижроқўми аъзоси Шаҳрилло Маҳмудов.
Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг диёримиз катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ҳам қабул қилиш ҳуқуқига эришса айни муддао бўлади.
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев,
Лас-Вегас, АҚШ