Суперлига 1-тури доирасидаги «Динамо» - «Насаф» (1:1) учрашувидан кейин дастлаб “Динамо” бош мураббийи Даврон Файзиев журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
- Даврон ака, авваламбор ўйин борасидаги фикр ва мулоҳазаларингизни билдирсангиз...
- Авваламбор, баҳор фасли билан бирга футбол мавсуми ҳам кириб келди. Фурсатдан фойдаланиб баҳор айёми, 8-март хотин-қизлар куни ва келаётган Наврўз байрами билан табриклайман. Ўйин тўғрисида гапирадиган бўлсам, учрашувдан олдин барча қизғин дерби бўлишини кутаётгани интернет нашрларида кўп эълон қилинди. Чинданам ҳам кутилганидек ўйин икки томон учун ҳам осон ўтмади. Ўйин яккакурашларга бой ўтди. Баҳс адолатли дуранг билан тугади.
- Даврон ака, ўйиннинг кульминацион нуқтаси дарвозабонларнинг алмашиши бўлди. Жароҳат олган Эшбўтаев ўрнига Ботирали Эргешевнинг майдонга тушиши нега бунча чўзилиб кетди? (Шуҳрат Шокиржонов, kun.uz)
- Авваламбор, ушбу вазият ва ўйин вақти чўзилиши сабаб узр сўрайман. Ўша вазиятда дарвозабонимиз Эшбўтаевнинг жароҳати кутилмаганда содир бўлди ва ўша пайтда захирадаги дарвозабонимиз Ботирали Эргашев Аср намозини ўқиш учун ичкарига кирган экан. Вақтнинг чўзилгани боис барчадан узр сўрайман.
- Даврон ака, «Динамо» захирасида бугун биз кўрмаган ўйинни кучайтирадиган футболчи борми? Яна бир савол, мавсум олди барча чизиқларни кучайтира олдим деб ҳисоблайсизми? (Дилмурод Дўстмуродов, “Самарқанд ТВ”)
- Менимча, ҳеч бир мураббий бундай дея олмаса керак. Чунки ҳар бир мураббий ҳар чизиғида янада кучлироқ футболчилар бўлишини истайди. Икки кун олдин Фомин ва Ҳамроев қўшилди. Дарвозабонимиз Ботирали Эргашев ҳам кеча қўшилди машғулотларга. Бу йил “Динамо” таркибида фақат Эргашев “Пахтакор”дан ижарага олинган, қолган барча футболчилар билан 2 йиллик шартнома қилинган. Захирамиздаги футболчилар ўйинимизни кучайтира олишларига ишонаман. Аслида ижарага футболчилар олишга қаршиман. Асосий мақсадим Самарқандда маҳаллий футболчиларга эътибор қаратиб, улар асосида жамоа ташкил этишдир.
- “Насаф” жамоаси сизга қандай таассурот қолдирди? (Зиёдулла Сафаров, Қашқадарё)
- Тан олиш керак, "Насаф" жамоаси ўйин жиҳатидан, тўп назорати ва вазиятлар яратиш борасида "Пахтакор" билан тенгма-тенг бўлиб турибди. Ўйиндан олдин менда ҳаяжон кучли бўлганди. Нимага? Чунки жамоамиз Суперлигага чиққани охирида маълум бўлди. Биз эса режаларни тезкорлик билан ўзгартирдик. Мазкур баҳсга имкон қадар тезроқ ва яхши тайёргарлик кўришга интилдик. Мақсад мухлисларни хурсанд этиш эди. Бугунги баҳс жанговор, якка курашларга бой бўлди. "Насаф" биринчи бўлимда, биз эса иккинчи таймда яратилган вазиятдан фойдаландик. "Динамо" учун ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур. Шу боисдан ҳам бугунги бир очконинг қадри баланд. Камчиликларимиз мавжуд ва бу бугун яққол кўзга ташланди. Иккинчи турга қадар олдимизда танаффус бор. Айнан шу танаффусдан унумли фойдаланиб, мазкур хато ва камчиликларни бартараф этишга уринамиз. Жамоавий ўйин, ўзаро ўйин кўникмаси ва футболчиларда ўзаро тушунча пайдо бўлиши учун озгина вақт керак. Мухлислар бугун бизнинг ҳақиқий 12-футболчимизга айланишди. Уларнинг қўллаб-қувватлови бизга қўшимча куч берди. Биз хоҳ уйда, хоҳ сафарда Самарқанд шаъни учун курашамиз.
- Клуб олдига қандай вазифалар қўйилган? (Жаҳонгир Файзуллаев, Championat.Asia)
- Жамоа олдига бу йилги мавсумда камида 10ликдан жой олиш қўйилган. Буни очиғини айтиш керак. Лекин генералликни орзу қилмаган солдат, солдат эмас. Мен эса мураббий сифатида олтиликка қараб мақсад қиламан. Трансфер ойнаси ёпилиб қолди. Дедлайн куни кеча тугади. Биз легионерларни рўйхатдан ўтказишга улгурмадик. Шу боисдан ҳам кўпроқ маҳаллий футболчиларга ишонч билдираман.
- Жамоанинг ўтган йилги энг яхши футболчиларидан бири Жасур Азимов нега асосий таркибга киритилмади?
- Жасур Азимов бир ой аввал "Навбаҳор"га кетганди. Биз эса қўл остимиздаги Бобур Қосимов билан янги мавсумга тараддуд кўргандик. Жасур яқинда жамоага қайтди ва бирдан биз йўлга қўйган ўйинга мослашиб кетиши учун барибир вақт керак бўлади. Шунингдек, бу йилдан регламентда камида битта ОТЖ ёшидаги футболчи ўйнатиш шарт этиб белгиланган. Шу боисдан ҳам уни захирадан майдонга туширдик. Баратовга келадиган бўлсак, жамоада ҳозир 5 та ҳужумчи бор. Биз барча қатори унга ҳам имконият берамиз.