Шу йилнинг апрелида ОФК президентлигига сайловлар бўлиб ўтади. Бу 2019 йилдаги қитъа футболидаги энг катта воқеликлардан бири бўлиши кутилмоқда.
Сайлов айниқса Эрон учун аҳамиятли, деб ёзади Эрон нашрлари. «Farsnews» ва «Mashregh News» каби нашрларда ёзилишича, номзодлар орасидаги бир собиқ амалдор Осиё футболига раҳбар бўлса, бу Эрон футболи учун яхши янгилик бўлмайди.
ОФК президентлигига уч нафар номзод қайд этилган. Биринчиси, амалдаги президент - баҳрайнлик шайх Салмон, иккинчиси қатарлик Сауд Ал Муҳаннадий, учинчиси ва ҳозирда жуда кўп муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлаётган номзод - БАА вакили, генерал Муҳаммад Халфан Ал-Румайсийдир.
Генерал-майор Муҳаммад Халфан Ал-Румайсий Абу Даби полициясининг собиқ раҳбари ва ҳозирда БАА спорт бошқармалари раиси (мамлакат спорт вазири) ҳисобланади. ОФК президентлигига номзод бўлган Ал-Румайсий Осиё футболига айирмачилик ғояларини олиб келиши мумкинлиги иддао қилинмоқда. Эрон нашрлари агар ОФК президенти курсисини Румайсий эгалласа, барча масалаларга ҳарбий-сиёсий, ҳамда нореалликка асосланган ёндашув бошланишидан хавфсирашмоқда.
Ал Румайсий Абу Дабида бир неча кун аввал бўлиб ўтган ўзининг биринчи матбуот анжуманида ранг-баранг ваъдалар берди. Биринчиси, Осиё футболи тараққиёти учун 320 миллион доллар инвестиция киритиш. Эрон нашрларининг ёзишича, бу жуда катта маблағ ва амалга оширилиши қийин бўлган ишдир.
Румайсийнинг сайлов дастурида креативлик йўқ ва у ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг дастурини шундайлигича кўчириб олган. Масалан, Осиёда аёллар футболини кўтариш каби бир қатор ваъдалар Инфантинонинг сайловолди дастурида ҳам келтирилганди.
Ал-Румайсий ОФКда иш бошласа, Эрон ва бутун Осиё футболига айирмачилик ғоялари билан таҳдид солиши мумкин. Чунки, у Эрон билан боғлиқ масалаларга доим негатив қарашда бўлган. Масалан, Румайсий БАА клублари Осиё Чемпионлар Лигаси ўйинларини ўтказиш учун Эронга боришига ҳам қарши бўлган. Лекин ОФК Румайсийнинг талабларига қулоқ солмасдан БАА клубларига Теҳронда ўйнашга рухсат берган.
Мана шундай жиҳатлари учун ҳам ҳозирда Эрон Ал-Румайсийнинг ОФК раҳбарлигига келишини истамаяпти. Бошқа сўз билан айтганда, БАА ва Қатар ўртасидага зиддиятга ўхшаш можаро футболга қандай зарар келтираётган бўлса, Румайсийнинг келиши ушбу можарога ўхшаш янги муаммоларни пайдо қилиши мумкин, деб ёзади Эрон нашрлари.