Футболда ғалаба қозониш доим ёқимли холат аммо, ҳисобда орта қола туриб ўйинни ўз фойдасига ҳал қилиш бу икки хисса ёқимли. Бугун айнан шундай тарзда қўлга киритилган энг машхур ўйинлар ҳақида сўз боради.
Қайтиш
2005-йил.Европа Чемпионлар Лигаси. Финал. Истанбул
«Ливерпул» 3 : 3 «Милан»
Ўша учрашув футбол оламини ларзага солган эди. «Ливерпул» ўшанда шунчаки мўъжиза кўрсатган эди. «Ливерпул» биринчи бўлимда 3 тўп ўтказиб юборгач, иккинчи бўлимда қандайдир 10 дақиқа ичида 3 та гол уришини ҳеч ким тасаввурига ҳам сиғдира олмаган бўлса керак. Стивин Жерардга: « Кариерангиздаги энг муҳим гол қайси?» - дея савол берилганида, футболчи ўйлаб ўтирмай: «Истанбул финалидаги голим», - деб жавоб берган эди. Ёдингизда бўлса, пеналтилар сериясида ғолиб чиққан инглиз мухлиси стадионда севимли клубининг кубок кўтараётганини кўриб, кўз ёшларини тия олмай қолганди.
Ўша учрашувни шарҳлаган Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг ажойиб жумласи бутун умр қулоқларим остида жаранглаб турса ажаб эмас…
«Ливерпул» мухлиснинг кўзларидаги ёшни кўрдингизми? Бу севинч кўз ёшлари! Ахир, шу мухлислар эмас эдими биринчи бўлимдан сўнг аламли нигоҳлар билан «шалпангқулоқ»қа қараб қўйган? Ахир, шу мухлислар эмасмиди 1-тайм сўнгида ўз севиклиларининг охиригача кураш олиб боришларига ишонган? Ахир, шу мухлислар эмасмиди 1 соат олдин мағлубиятнинг таъсирида кўз ёш тўкаётган?! Иродали ғалаба муборак «Ливерпул»!”
Фантастика
2011-12-йилги мавсум. АПЛ. Сўнгги тур.
Манчестер Сити 3 : 2 ҚПР
Бу учрашув мухлислар қалбида бир умр қолган. Учрашувнинг асосий вақти якунланаётганида таблода ҳисоб 1 : 2 кўринишида эди ва Сити чемпионликни бой бериш арафасида турган бир паллада аввалига Джеко, сўнг Агуэро гол киритиб ҳисобни 3 : 2 кўринишига келтиришади ва 44 йил кутилган чемпионликни азалий рақиблари «Манчестер Юнайтед»дан тортиб олишади. Бу учрашувдан сўнг АПЛ шайдолари ер юзида бир неча миллионга ортган бўлса, ажаб эмас. Ўша ғалаба ҳақида нима дея оласиз? Дея Агуэрога савол берилган бир журналист шундай жавоб олган экан: « Бу мен кўрган ўйинлар орасида энг ёдда қоларлиги бўлди. Ушбу ўйинда киритган голимни ҳалигача тушларимда кўраман. Шунчаки фанстастика!»
Дарҳақиқат, ушбу ғалаба бутун дунёга АПЛда янги гранд пайдо бўлганини кўрсатиб қўйди. Шайх Мансур томонидан молиялаштирилаётган клуб ўзининг илк мевасини айнан ўша куни берди ва футбол тарихидан муҳим жой эгаллади!
100 сония
1999-йил. Чемпионлар Лигаси. Финал.
«Ноу Камп» стадиони. «Бавария» 1 : 2 «Манчестер Юнайтед»
Ферги тайм атамасини бутун дунёга машхур қилган тарихий учрашув «Бавария» учун аламли мағлубият билан якунланган эди. Ўйиннинг катта қисмида ҳисобда олдинда борган «Бавария» асосий вақтда ғалабага яқин турган эди. Фергуссон жангга ташлаган Шерингем ва Сулшер «Бавария»нинг бурни тагидан кубокни юлқиб олишди. Бекҳам томонидан ижро этилган иккита бурчак тўпи вазиятни тубдан ўзгартириб юборди ва афсонавий ғалаба сифатида ҳамманинг ёдида қолди!
Даҳшатли тўқнашув
2016-йил. Эвропа Лигаси.
«Энфилд» стадиони. «Ливерпул» 4 : 3 «Боруссия Дортмунд»
Бу икки клуб «Европа Лигаси» мусобақасининг плай-офф босқичида тўқнаш келишади. Дортмунд шаҳрида кечган учрашув 1 : 1 ҳисобида якунланади. Жавоб ўйини олдидан бир қарашда «Ливерпул» фоворитдек кўринган бўлишига қарамасдан, рақиблар жавоб ўйинини тезкор голлар билан бошлашади ва танаффусга 0 : 2( голларни Миҳитариян, Абомиянг киритади) ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетади.Иккинчи бўлим бошидаёқ Ориги ҳисобни қисқартиради ва «Ливерпул» мухлислари қалбида умид учқунини алангалатади. Кутилмаганда қарши ҳужумга ўтган Ройс ҳисобни 1 : 3 холатига келтиради ва деярли ўйин тақдирини ҳал қилгандай туюлади. Буёғига эса, ҳаммаси ҳудди киноларда бўладиган сенарий бўйича кетади. Коутино ва Сакҳо ҳисобни тенглаштирган бўлса, 91-дақиқада Ловрен ғалаба тўпини киритади ва «Ливерпул» кейинги босқичга йўл олади. Кейинчалик интернет орқали мухлислар томонидан ўказилган сўровномада ушбу ўйин «Йилнинг энг томошабоп учрашуви» дея эътироф этилади. Ўша оқшом ушбу учрашувни жонли томоша қилган мухлисларнинг ёдларидан ҳеч қачон чиқмаслиги аниқ!
Я. У.