Кириш Регистрация
17/04 00:00 Боруссия Д 4-2 Атлетико
17/04 00:00 Барселона 1-4 ПСЖ
17/04 00:00 Боруссия Д 4-2 Атлетико
17/04 00:00 Барселона 1-4 ПСЖ
17/04 12:00 Вьетнам 1-1 Мьянма
17/04 14:00 Ўзбекистон 3-2 Австралия
17/04 16:00 Таиланд 3-1 Хитой
17/04 18:00 Ўзбекистон 2-0 Малайзия
17/04 19:00 Саудия Арабистони 1-5 Ироқ
17/04 20:30 Вьетнам - Кувайт
18/04 00:00 Бавария - Арсенал
18/04 00:00 Манчестер Сити - Реал Мадрид
18/04 00:00 Бавария 1-0 Арсенал
18/04 00:00 Манчестер Сити 1-1 Реал Мадрид
18/04 12:00 Тожикистон - Жанубий Корея
18/04 14:00 Эрон - Афғонистон
18/04 16:00 Япония - Қирғизистон
18/04 19:00 Кувайт - Баҳрайн
19/04 12:00 Хитой - Вьетнам
19/04 14:00 Австралия - Саудия Арабистони
19/04 16:00 Мьянма - Таиланд
19/04 19:00 Ироқ - Ўзбекистон
19/04 21:30 Женоа - Лацио
19/04 23:45 Кальяри - Ювентус
20/04 00:00 Ницца - Лорьян
20/04 00:00 Атлетик Бильбао - Гранада

Фазлиддин Ғойибназаров : “Америкадан энг зериккан мен бўлсам керак“ Катта интервью

Баҳо:
+ | -1

Бугун ўзбек спортининг номдор намоёндаларидан бири, проффесионал боксда ғалабали одимлаётган қаҳрамонимиз, «Рио -2016» олимпиядасида ғолиб бўлганида унга қўшилиб бутун Ўзбекистон тўлқинланиб йиғлаган ватанпарвар эр ўғлон билан суҳбатлашамиз. Сезганингиздек, бугунги меҳмонимиз «Рио -2016» олтин медальи соҳиби, самимий инсон – Фазлиддин Ғойибназаров!

Ассалому алайкум Фазлиддин ака, вақт ажратганингиз учун раҳмат. Сайтимиз ихлосмандларининг талаб ва таклифларига йўқ демай, биз билан суҳбатлашишга рози бўлганингиз учун, ташаккур. Биламиз, ҳаваскор боксда ҳам, проффесионал боксда ҳам катта тажрибангиз бор. Сизнингича, боксдаги бу икки йўналишнинг  бир-бирига ўхшамайдиган жиҳатлари нимада?

-  Авваламбор, ассалому алайкум.  Саволга келадиган бўлсак, профессионал бокс қўлқоплари анчагина кичикроқ ҳажмда бўлади ва зарбани қаттиқроқ ҳис қиласиз. Шунингдек, вазн ўлчаш маросими жангдан 1, ё бир ярим сутка аввал амалга оширилади. Маросимдан сўнг жанггача овқатланиб, витаминлар истеъмол қилиб йўқотилган кучни тиклаб олиш учун имкон бўлади. Ҳаваскор боксда эса аксинча, рингга чиқадиган кунингизда вазнингизни ўлчашади. Ўйлашимча, ҳаваскор боксда фаолият олиб борган спортчи учун профессионал боксга ўтиш ортиқча қийинчилик туғдирмайди.

Доимо рингга миллий либосда чиқасиз. Ҳатто қўлқопларингизгача миллий кўринишда. Бу имиджни ўзингиз танлаганмисиз?

-  Тўғриси, мен фақат қўлқопни шундай рангларда бўлишини истаганман. Дизайнерларим эса, айнан қўлқопга мос тарзда либосларимни танлаб беришди. Эндиликда имиджимни янада чиройли қилиш устида ишлаяпмиз

Бундан аввал ҳам бизда кучли боксчилар бўлган. Муҳаммад Қодир Абдуллаевнинг Олимпияда ғолиби бўлганлиги сўзимизга исбот бўла олади. Шунга қарамасдан, бирданига ўзбек боксига «олтин авлод» кириб келди. Кетма-кет чемпионликлар, Олимпияда, Жаҳон чемпионатлари, Осиё чемпионатларидаги ғалабалар… Умуман олганда «Олтин авлод» нинг боксимизда пайдо бўлишини сири нимада?

-  Гапингизда жон бор, лекин, биздан олдинги акаларимизни биздан кучсизроқ демаган бўлар эдим. Улар ўз вақтида бизданда кучли бўлишган. Олтин авлодга келадиган бўлсак, фалакнинг гардиши билан бир вақтда иқтидорли спортчилар йиғилиб қолди. Буёғига эса, устозларимиз ўгитлари, ота-онамизнинг бизга берган тарбияси ва дуолари билан шу даражага етишдик деб ҳисоблайман. Олтин авлоднинг сири менимча бизнинг аҳиллигимизда бўлса керак. Нафақат 10 та вазндаги йигитлар, ҳатто  ҳар бир вазндаги иккинчи ва учинчи рақамли боксчиларимиз ҳам аҳиллик билан бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишмоқда

Бугун мухлислар назарида ҳаваскор боксдаги тезкор Фазлиддин Ғойибназаровнинг ўрнини профессионал боксда зарба кучига кўпроқ эътибор қаратадиган Фазлиддин Ғойибназаров эгаллагандек таассурот уйғонмоқда, ёки профессионал боксда тезлик муҳим эмасми?

-  Тўғриси, билмадим. Балки ташқаридан шундай кўринаётган бўлса керак. Тезкор бокс, албатта фойда келтиради, аммо профессионал боксда жисмоний ҳолатга ҳам катта эътибор қаратишингиз керак. Бу ерда жанглар 3 раунд эмас. Балки шу сабаб тезлигим пасайгандек кўринаётган бўлса керак.

Фаолиятингизни АҚШда ўтказаётганингиз сабабли кўпинча уйдан узоқда бўлишингизга тоғри келади. Жангдан олдин, жангдан кейин тикланиш вақтида юрт соғинчи қийнайдими?

-  Америкадан зерикиб кетган одамлардан бири мен бўлсам керак (Кулади) Тўғриси юртимни, оиламни жуда соғинаман. Уйимдагиларни, айниқса фарзандларимни кўргим келади… Келажагим, яқинларимни ўйлайманда ўзимга-ўзим : «Кел, энди озгина чидай, бир нарсага эришиш учун бир нарсадан воз кечишим керакку» , - дейманда ўзимни овутаман. Тўй, туғилган кунларда уйга кетгим келади, лекин…Тартиб ва Интизомсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини билиб, ўзимни қўлга оламан. Ҳаётда баъзи нарсалар бўлади, улар учун айрим нарсаларни қурбон қилсанг арзийди. Менга қўйиб берса, ҳозироқ уйга кетар эдим (Кулади)

Қайси боксчиларни жангини томоша қилиб катта бўлгансиз? Ёқтирган боксчингиз ким?

-  Ёшлигимдан дадам раҳматли билан биргаликда ҳафтанинг  ҳар якшанба куни Россия каналларида бериладиган боксларни мунтазам кўриб борардик. Дадам ётиб кўрсам, «ўтириб томоша қил, бу сенга керак бўлади»,- дея жиддий ёндашар эдилар. Бокс бўладиган куни тунда ҳам мен дадам ва ойим - учаламиз биргаликда бокс томоша қилардик. Ёшлигимдаги энг ширин хотиралардан бири сифатида доимо ёдимда сақланиб қолган… Менга Тайсоннинг бокс услуби ёқарди. Ҳозир ҳам унинг жангларини мириқиб томоша қиламан

Ҳар қандай спортчининг кариерасида пасайиш, мағлубиятлар, руҳий тушкунлик холати кузатилади. Айнан шундай паллаларда кўпчилик спортга қўл силтаб кетади. Сизнинг фаолиятингизда шундай вазиятлар бўлганми?

-  Айрим боксчилар боксдан зерикмаганман деса, демак у бокс билан шуғилланмаган. Исталаган боксчидан сўранг, албатта,  гапларимни маъқуллайди. Шундай вазиятлар бўладики,  бокс қўлқопини кўрганингизда юрагингиз безиллайди, машғулот залига киргингиз келмай қолади, боксдан зерикасиз… Ёшлигимдан ғалабанинг ҳам , мағлубиятнинг ҳам таъмини кўп бор тотиб кўрганман. Ёшлик пайтларимда машғулот залимиздаги катта болалар мағлубиятга учраса, ёки зерикса бўлди ҳаммасини ташладим дердида, 2 кундан сўнг яна ҳеч нарса бўлмагандек залга кириб келишарди. Балки, акаларимизни кўриб, ёки ғалабага бўлган чанқоқлик сабабли боксни ташлаш ҳақида бирон маротаба ўйламаганман.

Сизнингизча яхши инсон қандай бўлади?

-  Ҳали ёшмиз (ўйланиб),  лекин шахсий фикрим – яхши инсон тўғри сўз   ва ҳалол бўлиши керак. Ҳаммамиз мусулмонмиз , ибодатни ўз вақтида бажариб, оиласини, Ватанини севиши керак.

Ватанни севиш деганда нимани тушунасиз? Оддий мисол билан тушунтиринг?

-  Ҳа… Ватанини севадиган инсон кўчада музқаймоқ еса, уни қоғозини кўчага ташламайди! Биладики , кўчаларимиз озодалигини сақлаш учун қанчадан-қанча инсонлар меҳнат қилишади. Ватандошларини ҳурмат қилган инсон, албатта, Ватанини ҳам севади. Шу кичик кўринган муаммони тўғри ҳал қилган инсон эса, эртага катта муаммоларга дуч келмайди.

Рио олимпиядасига қайтамиз. Олтин медальни қўлга киритган кунингиз тунни қандай ўтгазгансиз? Уйғонганингизда сиз Ўзбекистон фахрига айланган эдингиз. Ичингиздан қандай ҳислар ўтган?

-  Тўғриси мен ўша куни ухламаганман( кулади), ухлолмаганман!  Профессионал  боксда ҳам жанг олдидан негадир тунда уйқим келмайди. Биламан, бу яхши одат эмас, лекин қанча ҳаракат қилсам ҳам ухлай олмадим. Ўша кунни ҳам аниқ эслайман,  мижжа қоқмадим. Тун бўйи яқинларим билан телефон орқали суҳбатлашиб чиққанман. Кейин эртаси куни тушда юртимизга қараб учдик. Самолиётда ҳам ухлай олмадим. Тошкентда бизни қандай кутиб олишганидан хабарингиз бор. Байрамни кўриб ҳамма чарчоқларим эсимдан чиқиб кетганди, ўшанда… Орадан анча вақт ўтгач, тонгда уйғониб юрагим ширин ҳислар билан тўла бошлади. Сиз айтганингиздек, ёқимли ҳис… Балки орузусига эришган инсонлар  шундай ёқимли ҳисни туюшар, яна ким билади дейсиз?!

 Ҳозирги кунда Ўзбекситондаги энг кучли техника эгаси ким?

-  Шахсан мен учун уларнинг ҳар бирини ўз техникаси ва жанг услуби бор! Ҳеч бирини техникасини алоҳида кўрсата олмайман. Сабаби, ҳаммаси кучли спортчилар. Ҳозирда таркиб яна янгиланмоқда. Янги боксчиларимиз ҳам аввалгиларидан сира қолишмайди деб бемалол айта оламан.

Шоҳжаҳон Эргашев билан Шахрам Ғиёсов рингга кўтарилса ўзбек бўкси учун фойда бўладими? Ёки зарар?

-Тўғриси фақат зарар бўлади. Мени фикримча иккаласи бор эътиборини ўз вазнидаги рақибларни ўрганишга сарфласа, кўпроқ фойда бўлар эди. Агар иккаласи дўстона тажриба алмашмоқчи бўлса марҳамат, залга киришсинда ҳоҳлаганича спаринг тушишсин аммо, рингда эмас!

Сўнгги савол. Сўнгги йилларда ўзбек футболидаги омадсизликлар, ҳар сафар ЖЧга чиқа олмаётганимиз, аламли мағлубиятларлар мухлисларимизнинг кайфиятларини тушурган бўлсада, боксчиларимиз томонидан эришилаётган ғалабалар кишини қувонтиради. Ҳозирда аста-секинлик билан Ўзбекистондаги 1-рақамли спорт тури саналган футбол боксга ўз ўрнини бўшатиб бераётгандек туюлмаяптими?!

-  Бу гапингизга қўшилмаган бўлардим. Ўзим ҳам сўнгги йилларда терма жамоамиз ўйинларини мунтазам кўриб бораман. Баъзида наҳот, ютишнинг иложи бўлмаса деб, ўйлаб қоламан. Тўғриси, Ўзбекистонда футбол доим 1-рақамли спорт тури саналади ва доим шундай бўлади. Қолган ҳамма спорт тури бизда 2-рақамли. Бу ҳолат ҳеч қачон ўзгармайди. Аввалари бизда теннис ва гимнастика 2-рақамли эди ҳозир эса, бокс… Терма жамоага келсак, тўгриси, ақл ўргатмоқчи эмасман. Уларни неча йиллардан бери танқид қилиб келишмоқда ва бу фақат зиёнимизга ишламоқда. Ўйлашимча, уларнинг руҳий ҳолатларини яхшилаш керак. Ўзларига бўлган ишончни ортга қайтариш лозим. Футбол ва боксни солиштиришнинг иложи йўқ. Футбол жамоавий спорт. Унда бир киши яхши ўйнасада қолганлар жон куйдирмаса, натижа бўлмайди. Раҳматли Хожибой аканинг гаплари бор эдику: «Битта Миржалол ўйнагани билан қолганлар ўйнамаса, чатоқда!»
  Терма жамоамиз натижа кўрсатиши учун улардаги аҳилликни, жамоанинг ички муҳитини яхшилаш зарур. Агар ўз устиларида қаттиқ ишлашса, бир кун, албатта, ёруғ кунларга чиқишларига ишонаман.

Фазлиддин ака, вақт ажратиб биз билан суҳбат қурганингиз учун раҳмат. Стадион.уз мухлислари учун тилакларингиз бўлса, марҳамат

-  Авваломбор, ҳаммага Ассалому алайкум! Ҳаммангизга соғлик-саломатлик ,  оилавий бахт ва ишларингизга ривож тилаб қоламан.

Ўзбекистон фахри, юртимизнинг байроқдор спортичиси, ҳақиқий ўзбекнинг эр ўғлони  - Фазлиддин  Ғойибназаровга суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди

Манба: stadion.uz
Киритилди: 14:06, 15.03.2019.
Ўқилди: 6361 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.