Кириш Регистрация
19/12 01:30 Вильярреал 1-1 Райо Вальекано
19/12 01:30 Эспаньол 1-1 Валенсия

Саудия Арабистонида Ўзбек кураши бўйича халқаро турнир ташкил этилди

Баҳо:
+ | -
Турнирда 20 дан ортиқ давлатдан полвонлар мутлақ вазнда ғолибликни қўлга киритиш учун гиламга тушди.   Ўзбекистон шарафини жаҳон ва Осиё чемпиони, Индонезияда ўтган Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов ҳимоя қилди.   Халқаро мусобақа Подшоҳ Абдулазиз номидаги “Туялар фестивали” (King Abdulaziz Camel Festival) дастурига биринчи марта киритилган “Кўчманчилар олами” (Nomad Universe) халқаро этнофестивали доирасида ўтказилди.   Фестиваль мамлакат пойтахти Ар-Риёд шаҳридан 120 километр узоқликдаги чўл ҳудудида жойлашган Ал-Саёҳид қишлоғида ташкил этилган. Бу қишлоқ юз йиллар давомида Арабистон ярим оролининг турли нуқталаридан йўлга чиққан туя карвонлари учрашадиган тарихий ҳудуд ҳисобланади.   “Туялар фестивали” бир ой давом этади. Бу ерга ҳар куни 25-30 минг томошабин келмоқда. “Кўчманчилар олами” халқаро фестивали эса 9-19 март кунлари ўтказилмоқда. Этнофестиваль турли халқлар ва миллатларнинг бетакрор анъаналари намойиш этиладиган йирик анжуман, деб баҳоланяпти. Бу ерда кураш ва яккакураш турлари, анъанавий интеллектуал ўйинлар бўйича мусобақалар, камондан ўқ узиш, қушлар билан ов қилиш, улоқ ва бошқа турдаги миллий қадриятлар бўйича кўргазмали чиқишлар ташкил этилмоқда.   Кураш бўйича турнир фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотган мусобақалардан бири бўлди.   - Кураш бўйича мусобақа фестивалимизга ўзгача руҳ бағишлади, - дейди, Жаҳон этноўйинлар конфедерацияси президенти Асхат Акибаев. – Унда 20 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашгани ушбу спорт турининг обрўси халқаро кўламда салмоқли эканидан далолат бермоқда.   - 2018 йил Индонезияда ташкил этилган Осиё ўйинлари доирасида кураш бўйича мусобақалар бўлиб ўтгач, дунёда, хусусан, Осиё мамлакатларида ушбу спорт турига бўлган қизиқиш янада ошди, - дейди Осиё ва Океания кураш конфедерацияси вице-президенти Мирзақули Қурбонов (Туркманистон). – Энди ташкил этилаётган ҳар бир мусобақани дунё полвонлари малака ва маҳорат ошириш учун қулай имконият, деб билмоқда.   - Монголия бир марта кураш бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилганидан фахрланамиз, - деб ўз фикрларини билдирди Монголия кураш федерацияси президенти Бегз Ганбатар. – Бугун бизнинг мамлакатимизда кураш бўйича ўнлаб тўгараклар фаолият юритмоқда. Ишончимиз комилки, уларда бўлажак жаҳон ва Осиё чемпионлари, Осиё ўйинлари ғолиблари тарбияланмоқда. Бугунги мусобақада ҳам энг кучли курашчиларимиздан бири - Серик Берйедмурат муносиб қатнашиб, учинчи ўринни эгаллади.   Ишқибозларнинг қизғин ҳайқириқлари остида ўтган беллашувларда дунёнинг турли мамлакатлари полвонлари кураш сирларини пухта ўрганиб, ғолибликни қўлга киритишга интилаётганини кўрсатди. Кураш Ватани – Ўзбекистон вакилига Монголия, Қирғизистон, Болгария, Конго, Уганда, АҚШ каби давлатларнинг спортчилари кучли рақобат кўрсатди.   Асосий беллашув – финалда Муҳсин Ҳисомиддинов ва туркманистонлик Гилич Жумаев ғолиблик учун куч синашди. Унда бугун жаҳон рейтингида пешқадамлик қилаётган ўзбекистонлик полвоннинг қўли баланд келди.   - Мен Муҳсин полвонни ғолиблик билан табрикладим ва, шунингдек, энди мусобақаларда ўзбекистонлик курашчиларга осон бўлмаслигини ҳам айтдим, - дейди Гилич полвон. – Чунки дунёда курашга меҳр қўйган ва унинг сирларини ўрганиб, маҳоратини ошириб бораётган полвонлар сафи кенгайиб бормоқда. Хитойда 2022 йил бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида курашчилар 15 вазн тоифасида ва жамоалар ўртасидаги беллашувларда гиламга тушиши қитъамиз полвонлари учун хушхабар бўлди ва хурсанд қилди.   “Туялар фестивали” доирасида кураш бўйича халқаро турнирнинг ташкил этилиши ўзбек халқининг бебаҳо қадриятига бўлган халқаро қизиқишнинг янада ошаётганидан далолатдир.
Манба: UZA
Киритилди: 15:21, 17.03.2019.
Ўқилди: 2066 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.