Кириш Регистрация

Энг яхши сармоя - келажак учун тикилгани!

Баҳо:
+ | -

Биламизки, бугунги ҳаётда келажак, хусусан, ёш авлод равнақига тикилган сармоя энг яхшиси ҳисобланади. Бу тушунча футболга ҳам тобора чуқурроқ сингмоқда. Ҳа, Ҳаёт ва футбол қонуни бир. Эндиликда топ-клублар раҳбарлари ёш ноунеймлар учун миллион-миллион сарфлашдан ҳайиқмаяптилар. Шундай жамоалар қаторида «Реал» ва «МЮ»дек юлдузларга бой грандлар ҳам бор. Лукас Пакета, Браим Диас, Артур, Диого Далот - янги трансфер реаллик. Марказий ҳимоячи учун 80 млн. евро, дарвозабон учун ҳам шунча - бу каби шов-шувли трансферлар 2-3 йил олдин ақлга сиғмасди. Лекин охирги вақтларда жамоаларнинг трансфер сиёсати нисбатан ўзгаргани ҳам айни ҳақиқат. Дейлик, катталар футболида минимал дараджада тажрибага эга ёш иқтидорларга қизиқиш тобора ошмоқда. Ҳар ҳолда, уларнинг нархи анча кўтарилмоқда. Бу энди бозор талаби. Мана, охирги 2та трансферлар даври (ёзги ва қишки болзор)да жамоаларини ўзгартирган энг сара ёшлар рўйхати бу фикрни тўлиқ тасдиқлайди. Диққат қилинг, гап камида 15 млн. еврога баҳоланган ўйинчилар ҳақида кетмоқда. Инобатга олиш керак, бундайлар ўйнаб кетолмаган тақдирда ҳам, клуб катта зарар кўрмайди. Чунки бошқа харидор бор...

 

1. Браим ДИАС (19 ёш)

Янги клуби: «Реал»

Трансфер суммаси: 18 млн. евро

«Манчестер Сити»нинг иқтидорли тарбияланувчиси ўтган мавсум асосий жамоада шуғулланди ва АПЛ доирасидаги бир неча ўйинда захирадан майдонга тушди. Жорий мавсум эса Лига кубогидан ўрин олган 3та учрашувда «Сити»нинг бошланғич таркибига киритилди. Бироқ Диас асосий таркибга кириш учун жиддий даъвогарлик қилолмади, барибир. Бунда ҳужумкор ярим ҳимоячини айблаш ноўрин, ахир Хосеп Гвардиола ихтиёрида ўта кучли ижрочилар йиғилишган, рақобат жуда баланд. Ёш футболчи айни шундай паллада «Реал»дан таклиф олди ва ўйлаб ўтирмай, Мадрид томон ошиқди. Гвардиола эса ушбу келишувдан хафа: «Афсус, Браим озгина сабр қилмади...».

2. Винисиус ЖУНИОР (18 ёш)

Янги клуби: «Реал»

Трансфер суммаси: 60 млн. евро

Аслида «Реал» Винисиус трансфери масаласида «Фламенго» билан анча олдин - 2017 йилиёқ келишувга эришганди. Фақат томонлар ўта тезкор ва важоҳатли иқтидорнинг Испания сафарига тайёр бўлишини кутишди. 2018 йилнинг ёзида эса, якдил хулоса чиқарилди: Жуниор Ла-лигада ўйнашга шай. Қаранг, Бразилия чемпионатида 10та ҳам гол урмаган ҳужумчи учун нақ 60 млн. евро... Бошқа тарафдан қарасак, 18 ёшгача бундан кўпроқ уришнинг имкони ҳам йўқ, ҳисоби. Жуниор гарчи «Реал» сафига клубнинг оғир даврида қўшилган бўлсада, ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Ҳаттоки, айрим ўйинларда етакчиликни қўлга олди. Тўғри, у ҳозирча «Қироллик клуби»ни ўз ортидан эргаштиришга ёшлик қилмоқда, лекин кўриниб турибди, бразилияликнинг ўзгача иқтидорга эга.

3. ПАУЛИНЬО (18 ёш)

Янги клуби: «Байер»

Трансфер суммаси: 18 млн. евро

 «Васко да Гама» сафида кўзга ташланган вингер Европага йўл олишдан олдин Бразилия чемпионатида атиги 1 йил ўйнади. Қолаверса, у «Васко»да етакчи ролда ҳам эмасди, тўғри, асосан захидан майдонга тушсада, 4та гол урганди. Паулиньо Бундеслига ўйинларида ҳам ҳозирча захира кучи ролини бажармоқда. Лекин Европа Лигасида «Байер»нинг бошланғич таркибидан жой олиш ва гол уришга ҳам улгурди. Ўнг оёғи устун саналган футболчи қанотдан марказ томон кўчиб, дарвоза томон зарба йўллашнги хуш кўради.

4. Уильям ЖЕББЕЛЬ (17 ёш)

Янги клуби: «Монако»

Трансфер суммаси: 20 млн. евро

«Монако» охирги икки йил давомида трансфер операцияларидан шу қадар кўп пул топдики, ҳаттоки, «Барселона» таркибини тўлиқ ҳолда сотиб олиши мумкин эди. Лекин князлик жамоаси бунинг ўрнига яна ёш истеъдодларга таянишни маъқул кўрмоқда. Жуда ёш йигитларга ҳам. Ҳа, Жеббель худди кўплаб янги футболчилар каби бирданига натижа беришга тайёр эмас экан. Факт шуки, у таркибдаги энг ёш истеъдоддир. Уильям атиги 17 ёшда, шундай экан, унинг трансферини ҳозирдан омадсиз харидлар рўйхатига қўшиш мутлақо нотўғри. Бошқача айтганда, вундеркинднинг Франция чемпионатида айтарли ўйин амалиётига эга бўлмаётгани вақтинча ҳолат. Ҳар ҳолда, «Монако» вакиллари Жеббелнинг келажакда мегаюлдуз даражасига чиқишидан умидворлар.

5. Матеус КУНЬЯ (19 ёш)

Янги клуби: «РБ Лейпциг»

Трансфер суммаси: 15 млн. евро

Бразилиялик ҳужумчи «Лейпциг»дан таклиф олишига қадар Швейцарияда тўлиқ бир мавсум ўйнади. Асосийси, у 18 ёшида «Сьон» клуби етакчилари қаторига қўшилди: асосий таркибнинг муҳим футболчисига айланиб, 10та гол урди. Айни пайт Германия Бундеслигасига мослашув жараёнини бошдан ўтказмоқда: тез-тез захирадан ўйинга қўшилмоқда. Дарвоқе, Кунья ЕЛда чақнаш эффектини намойиш этишга ҳам улгурди. Гуруҳ босқичида 3та гол - 19 ёшли дебютант учун чакки эмас, боз устига, бир уринишда. Аслида Уильям узатма орқали ўйнашда унча яхши эмас, аммо тўғри позиция танлаши ҳисобига дарвоза томон кўп зарба йўллайди. Демакки, кучли ҳужумчи сифатида шаклланиш учун энг муҳим хислатга эга.

6. Диого ДАЛОТ (19 ёш)

Янги клуби: «МЮ»

Трансфер суммаси: 22 млн. евро

Европанинг жиддий клублари томонидан катта пулга харид қилинган ёш футболчилар орасида айнан Далот алоҳида ажралиб турибди. Португалиялки Жозе Моуриньо ўтган йил ёзда клуб раҳбариятидан келажак учун ҳимоячи сўраган эмасди, аксинча, таркибда мавжуд ижрочилардан салоҳиятлироқ тайёр ўйинчиларга эҳтиёжи борлигини айтганди. Бироқ «МЮ» мураббийга биргина ёш Далот трансферини тақдим этди. Энг қизиғи, Диого ўша вақт 
Португалия олий дивизионида атиги 6 марта майдонга тушганди. Айни пайт йигитчага ҳеч қандай эътироз йўқ: ўта иқтидорли ҳимоячи орқа чизиқда тартибли ишлашдан ташқари, ҳужумга қўшилишни ҳам ўрнига қўймоқда. Ҳар ҳолда, олдинга ўтса, вақтида ортга қайтади. Лекин ҳозирги Далот ўйин нуқтаи назаридан Эшли Янг, Антонио Валенсия ёки Люк Шоудан кучли эмас. Нима дердик, ёш ҳимоячига 22 «лимон» - бу истиқбол учун трансфер.

7. Леонардо БАЛЕРДИ (19 ёш)

Янги клуби: «Боруссия» Д.

Трансфер суммаси: 15 млн. евро

Тушунтириш мушкул саналган яна бир трансфер. «Боруссия» скаутларининг Балердида ўзгача истеъдодни қандай пайқашгани фақат ўзларигагина маълум. Ҳарқайлай, йигитча узоқ Аргентинада «Бока Хуниорс» сафида атиги 5 марта кўриниш берганди. Тўғри, у бунга қадар ёшлар жамоасида етарлича ўйнаган. Эътибор беринг, юқори даражадаги 5тагина ўйин унинг Германия лигасида ўз ўрнига эга клубдан таклиф олишига кифоя қилди. Бироз ғалати, аммо унутмайлик, «Боруссия» иқтидорларни топиб, уларни катта саҳнага олиб чиқишга уста. Эҳтимолки, ёш марказий ҳимоячи «Боруссия»нинг навбатдаги топилмасига айланар...

8. Лукас ПАКЕТА (21 ёш)

Янги клуби: «Милан»

Трансфер суммаси: 35 млн. евро

Пакета ушбу рўйхатга тушган иқтидорлар орасида энг каттаси - 21 ёш. Лекин у «Милан» сафини тўлдиргунига қадар Европа тугул, Бразилиянинг ўзида ҳам вундеркинд мақомини олган эмасди. Мисол учун, 20 ёшигача бирор клубнинг асосий таркибида майдонга тушмаган. Хуллас, Италия жамоаси  ўз мамлакати олий лигасида атиги бир мавсум тўп сурган йигит трансферига нақ 35 млн. евро сарфлади. Бошқа тарафдан олсак, ёш футболчи муҳитни ўзгартиришда босимни имкон қадар ҳис қилмаслиги керак. Эҳтимолки, Пакета олдин катта шов-шув кўтармагани қўл келар.... Мана, таваккалчи Женнаро Гаттузо бразилияликни дарҳол асосий таркиб қўшди ва у аста-секин ишончни оқлашни бошлаб юборди. Мисол учун, Лукас ҳаттоки, Италия суперкубоги учун ўтказилган ўйинда ҳам илк дақиқадан ҳаракатланди.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 00:55, 22.03.2019.
Ўқилди: 1847 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.