«АЯКС» ВИНГЕРИ ДАВИД НЕРЕС БИЛАН БОҒЛИҚ ҒАРОЙИБ ҲОДИСА. Маълум бўлишича, Бразилия миллий жамоаси бош мураббийи Тите Голландия Эредивизионида ўйнаётган ёш футболчи билан боғланолмаган. «Реал»нинг ЧЛ тахтидан тушишини англатган «Сантьяго Бернабеу»даги ўша ўйин таъсири жуда кучли бўлди. «Қироллик клуби» раҳбарияти айни шу мағлубиятдан кейин Сантьяго Солари «Мадрид»ни олға бошлолмаслигини тушунди ва Зайниддин Зиданни ортга қайтарди. Иккинчи томондан, «Аякс»нинг сенсацион натижаси янада кучлироқ эффект берди...
Испанияда Зайниддин Зиданнинг «Реал» бошқарувига қайтганига ҳамма бирдек ижобий муносабат билдиргани ўз-ўзидан тайин. Мамлакат ОАВда бу асосий мавзуга айлангани ҳам рост. Иккинчи томонда нима гаплар? Давид Нерес - бу «Бернабеу»да «Реал»ни карахт аҳволга солган ўша гол муаллифи. Бразилиялик 22 ёшли тезкор вингер 2 йилдан ошдики, Голландия Эредивизионида тобланмоқда, дам-бадам ўзини кўрсатмоқда. Маълумотларга кўра, Хитойнинг «Гуанжоу Эвергранд» клуби шу йил январь ойида Нерес трансфери учун «Аякс»га нақ 45 млн. евро таклиф қилган. Чин юрти вакиллари шунингдек, футболчининг ўзига катта миқдорда маош беришга тайёр эканликларини билдиришган. Бироқ ёш иқтидор келажагини еврофутбол марказида кўриб, моддий томондан ўта манфаатли таклифдан юз ўгирган.
«Аякс»нинг Мадриддаги ажойиб ғалабасидан кейин бразилиялик футболчининг қўл телефонига таниш-нотанишлар тинимсиз қўнғироқ қилишади. Хусусан, бир «нотаниш»дан қайта-қайта қўнғироқ бўлсада, у жавоб беришга эринади. Бу ҳақда Давид Голландиянинг De Telegraaf газетасига берган интервьюси сўз очди: «Жума кунининг ўзида ўша нотаниш рақам орқали икки марта қўнғироқ қилишди. Бироқ жавоб бермадим, чунки одатга кўра, агар рақамлар менга таниш бўлмаса, гўшакни кўтармайман. Тўғриси, мени Бразилия терма жамоасига чақириш юзасидан алоқа чиқишаётганини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Ке-йинроқ ойдинлашича, бош мураббий Тите қўнғироқ қилган экан. Буни эшитганим заҳоти дарҳол алоқага чиқдим».
Аслида Тите томонидан эълон қилинган ва 23 нафар футболчидан иборат дастлабки рўйхатда Давид Нерес йўқ эди. Бироқ айнан «Бернабеу»даги ўша баҳсда «Реал» вакили Винисиус Жуниорнинг жароҳатлангани оқибатида мураббий терма жамоа таркибига ўзгартириш киритишга мажбур бўлди. Яъни «Мадрид» футболчиси ўрнига Нересни чақирди. «Аякс» вингери Бразилия миллий жамоаси йиғинига илк марта жалб этилганини ҳам айтиш жоиз. Айтганча, Нерес жароҳат туфайли четга чиққан ҳамюртига тезроқ тикланишини тилади. У шунингдек, Хитойга йўл олишдан бош тортиб, тўғри йўл тутганидан хурсанд эканлигини яширмади. Нерес қувонишга ва ўз қарори билан фахрланишга ҳақли. Ахир у моддий манфаатни биринчи ўринга қўйиб, «Гуанжоу» сафига қўшилганида, «Реал»ни мағлубият кўчасига киришига ҳисса қўшолмасди ва тушунарлики, Тите эътиборига тушмасди. Демакки, Бразилия терма жамоасидан таклиф ҳам олмасди...