Ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов бугун профессионал боксдаги олтинчи жангини ўтказгани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.
Жанг якунлангандан сўнг ўзбекистонлик боксчининг рақиби Брендан Баррет ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Баҳодир Жалоловнинг кучли зарбасидан сўнг бурни синганини ёзиб қолдирди.
“Афсуски, бу кеча уддалай олмадим. Рақибнинг бўйи баланд бўлгани ва чап қўл услуби имкониятидан фойдалангани менга катта қийинчилик туғдирди.
Бундай улкан рақиб билан ҳар қанча машғулот ўтказсанг ҳамуни йиқитиш қийин бўлади. Бурним биринчи чап қўл зарбасидан синди, вазият ёмонлаша бошлагач, рефери жангни тўхтатди.
Афсусдаман, аммо бурнимдаги жароҳатни тиклаб олгач,машғулотларга қайтаман. Қўллаб-қувватлаганингиз учун яна бир бор раҳмат”, дея ёзган Брендан Баррет.
Маълумот ўрнида, америкалик Брендан Барретга қарши рингга кўтарилган Баҳодир жанг тўлиқ якунига етмасдан, биринчи раунднинг ўзида рақибини нокаутга учратди.
Шу тариқа ўзбекистонлик боксчи ўзининг олтинчи жангини ҳам муддатидан аввал якунлаб, “NABF Junior Heavyweight Title” титул камарини қўлга киритиш билан бирга супер оғир вазн тоифасининг рейтингида янада юқори поғонага кўтариладиган бўлди.
Энди Жалолов 16-27 апрель кунлари Таиландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этиш учун терма жамоа ихтиёрига қўшилади.