Манчестер дербиси... Ҳаммаси тугадими? Икки пешқадам ҳам учтадан ўйин ўтказади, Англияда охиригача бир нарса деб бўлмасди-ку, нега кўпчилик “Манчестер Сити”ни “Олд Траффорд”даги ғалабасидан сўнг чемпионга чиқариб қўймоқда?
Чунки “буюк театрлар уйи”да мўжиза юз бермади, «Ливерпуль»чилар кутган нодир ҳодиса содир бўлмади. Бу ўта муҳим ўйин эди. Сульшер қўлидан келганини қилди. Лекин гап бу ерда мезбонларда эмасди. “Шаҳарликлар”да эди. Йўқ, йўқ, гап фақат уларнинг устозида эди. Пеп Гвардиола ўз услубини яна дунё аҳлига кўз-кўз этди: у доимо давравий тизимда зўр мураббий бўлиб қолаверади.
Гвардиола футболчиларга тактик қарашларини сингдиришда беназир ҳисобланса, “Манчестер Сити” футболчиларига мавсум давомидаги ўйинларда мувозанатни ушлашни ҳам зўр тушунтира олган. Қаранг, Де Брюйнедек футболчиси жароҳат олса-да, ўйини ўзгармади. Бунақа клуб Пепдан бошқасида топиладими?!
Гвардиола узун мавсумни ўтказишда Фергюсондан ҳам зўрроқ десам, «МЮ»чилар хафа бўлишмасин. Зотан, сэр ўз услубига узоқ йиллар ўтибгина эга бўлган, испаниялик мутахассис бу нарсани ишлаган учала жамоасида ҳам тезда амалга ошира олган.
Гвардиола давравий тизимга бардош бера оладиган кучли тактикаси, мустаҳкам стратегияси борлигига клуб мутасаддиларини ишонтира олади, шу боис, у сўраган ўйинчи олиб келинади. Олдиндан нима қилаётганини биладиган мутахассис у.
Пепга интрига ҳам шарт эмас. Чемпионатнинг урфига қараб ўйнайверади: Ла Лига, Бундеслига ва АПЛ... Чемпионлик учун кураш турлича кечадиган чемпионатларда Гвардиола ўша ернинг футболини тез ўзлаштириб олади ва жамоасини мавсум охиригача енгиб бўлмайдиган ҳолатга олиб чиқади.
Ҳар қандай мукаммаллик остида битта камчилик яшириниб ётади. Унинг ютуғи кубок ўйинларидаги камчилигига замин яратиб келмоқда. Гвардиола чемпионлар лигасида икки йилки инглиз клубларидан ўта олмаяпти. Чемпионатда уларни тор-мор қилса-да, плей-оффда негадир қоқилади. Худди шу кайфиятни у “Барселона”га ҳам юқтириб кетган – жамоа ҳатто Пеп кетганидан сўнг ҳам икки марта чемпионатда истаганича ютиб юрадиган “Атлетико”га имкониятни бой берди (“Реал”ни ЕЧЛдан чиқариб юборган мавсуми эса, кўпроқ Мессининг ҳисобига ёзилса тўғри бўларди – Лео 2011 йил жуда қўрқинчли ўйин кўрсатган).
“Бавария” ҳам Пеп даврида ЕЧЛ орзусига етиша олмади. Меҳмонда урилган гол, қандайдир ғалати хатолар ва ўша – 11-йилдан бери Европа шохсупасига чиқа олмаслик...
Чиқа олмаса ҳам керак. Аммо Вальверде айтганидек, бу натижалар Гвардиолани дунёнинг энг яхши мураббийлигидан тушириб қўймайди. Пеп қураётган футболнинг мукаммаллиги остида шу қурбонликлар ҳам шартга ўхшайди. Ҳар ҳолда, плей-офф деган аждаҳо комидан қутула олмай, жаҳон футболидаги насибаларидан айрилиб яшаган Йохан Кройфнинг шогирди у. Устозидан ўтмаган шогирд шогирдми, ахир?!
Юрген Клопп ЕЧЛнинг икки ўйинида “Ман Сити”ни қандай енгганини ўтган мавсум кўрдик, бу йилги Премьер лигада ўзаро ўйинларда бор-йўғи бир очко олди. Демак, германиялик мутахассис ўзи устозлик қилаётган “Ливерпуль” суядиган плей-офф ўйинига кўпроқ тайёрланаверсин, Гвардиоланинг “Сити”си энди қоқилмаса керак...
Хайрулла Ҳамидов