"Пари Сен-Жермен" клуби Европа чемпионлар лигасининг нимчорак финал босқичидан чиқиб кетганидан кейин парижликлар ҳужумчиси Неймар ўзининг Инстаграмдаги саҳифаси орқали ҳакам Дамир Скоминани ҳақорат қилганди.
Словениялик ҳакам ўйин сўнгида тўп Кимпембенинг қўлига теккани боис "ПСЖ" дарвозасига пенальти белгилаганди. Рэшфорд эса 11 метрли жарима зарбасини аниқ амалга оширди ва "ПСЖ" мусобақани тарк этди.
"Бу шармандалик! Видеотакрорни кузатиш учун футболни тушунмайдиган 4 одамни қўйишган. Ҳеч нарса бўлмаган эди. Футболчи бундай пайтда қандай қилиб қўлини олиб қочиши мумкин эди?", — дея ёзган эди Неймар.
УЕФА эса бу ишни кўриб чиқиб, бразилиялик футболчини еврокубокларнинг 3та ўйинига дисквалификация қилиш ҳақида қарор чиқарди.
Шу тариқа, Неймар ЕЧЛнинг келаси мавсумидаги гуруҳ босқичининг дастлабки 3та ўйинида майдонга туша олмайди.