Хабар берганимиздек, бугун Тошкентда триатлон бўйича ҳаваскорлар ўртасида Республика турнири бўлиб ўтди. Ушбу мусобақани ташкил қилишдан кўзланган мақсад терма жамоа учун заҳира спортчиларни саралаб олишдан ташқари, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва уларни спортга кенг жалб қилишдан иборатдир. Май ойи Ўзбекистон МОҚ ташаббуси билан юртимизда “Спорт ойлиги” деб эълон қилинган. Ушбу мусобақа ҳам мана шу ойлик доирасида аҳолини оммавий спортга жалб қилишда ўз аҳамиятига эга. Мазкур мусобақа Ўзбекистон триатлон федерацияси, “I Love Supersport” Халқаро спорт мактаби ва “Cоcа-Cоlа” компанияси томонидан ташкиллаштирилган бўлиб, унда Республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган иштирокчилар ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
Маълумки, триатлон ўзида спортнинг 3 йўналишини қамраб олган. Беллашувлар ҳаваскорлар ўртасида ўтиши инобатга олиниб, иштирокчилар 750 метрга сузиш, 20 километрга велопойга ва 5 километрга югуриш бўйича баҳс олиб боришди. Мусобақа якунига кўра, Андрей Шарипов эркаклар ўртасида марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди. Унинг қайд этган натижаси 1 соат, 5 дақиқаю 21 сонияни ташкил қилди. Аёллар ўртасида 1 соат, 30 дақиқа, 53 сония натижа кўрсатган Ольга Панкратова ғолибликни қўлга киритди. Таъкидлаш жоиз, ушбу турнир июль ойида Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида ўтувчи “IRONMAN 70.3 Astana” турнири олдидан саралаш вазифасини ҳам ўтаб берди.