Кириш Регистрация

Токио-2020 Олимпиадаси ташкилий қўмитасининг вице-президенти Тошкентга келди

Баҳо:
+ | -
Бўлим: СПОРТ

Хабар берганимиздек, айни кунларда Токио-2020 Олимпия ўйинларининг ташкилий қўмитаси вице-президенти Тошиаки Эндо юртимизда меҳмон бўлиб турибди.

Кунчиқар юрт вакиллари бошчилигидаги делегация бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов кутиб олди. Ҳар икки томоннинг ўзаро суҳбат жараёнида МОҚ раҳбарияти ва мутасаддилари, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Набуаки Ито, шунингдек, қатор ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди.

Умид Аҳмаджонов кенг доирадаги суҳбат давомида меҳмоннинг юртимизга қилган ташрифидан беҳад мамнун эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Сизни Тошкентда кўриб турганимиздан беҳад мамнунмиз. Токиога қилган ташрифимда Олимпиада ташкилотчиларининг мусобақага олиб бораётган тайёгарлигини кўриб ҳайратда қолган эдим. Биз ҳам 2030 йили Осиё ўйинларини Ўзбекистонда ўтказмоқчимиз. Мусобақани юқори савияда ташкил этишда сизларнинг бу борадаги тажрибангиз бизга керак бўлади. Биз Япония Олимпия қўмитаси ва Япония футбол ассоциацияси билан ўзаро ҳамкорлик борасида меморандум имзолаганмиз ва бу борада изчил ишлар олиб борилмоқда. Олимпия ўйинлари оиласига кирган япон спорт турлари бўйича миллий федерацияларингиз билан ҳам ҳамкорлик қилиш режамиз бор. Албатта, бунда сизнинг кўмагингиз ас қотади. Шуниндек, Олимпиадага олиб борилаётган тайёргарликни ўзбек халқига кўрсатиш мақсадида журналистларимизни Токиога жўнатишни ният қилганмиз. Уларнинг мамлакатдаги мавжуд спорт инфратузилмаси ва Олимпиада учун махсус бунёд этилган объектлар билан яқиндан танишишида ҳам ёрдамингиз керак бўлади. Бизнинг ниятимиз Токиода бўладиган Олимпиада спортимиз тарихида ўчмас из бўлиб қолишини таъминлаш”, – деди Умид Аҳмаджонов.

Ўз навбатида япониялик меҳмон хам сўзи аввалида бундай ташрифдан хурсанд экани ва уни илиқ кутиб олишгани ҳақида гапириб берди.

“Ўзбекистонга яна бир бор ташриф буюрганимдан мамнунман. Бу менинг иккинчи ташрифим. 6 йил аввал Токио ХХХII ёзги Олимпиадага мезбон бўлиши эълон қилинганди. Мана, мусобақа бошланишига ҳам 441 кун қолди. Дарҳақиқат, бутун мамлакатда тайёгарлик жуда ҳам юқори даражада олиб борилмоқда. Бу ҳақда Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳам Токиога келганида алоҳида таъкидлаб ўтди. Дзюдо ва каратэ спорт турларидаги ҳамкорлик бўйича Япония Миллий олимпия қўмитаси билан гаплашаман ва ўйлайманки, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Қолган спорт турларидаги ҳар қандай таклифингиз бўйича элчихонамиз сизга ёрдам беради. Май ойининг охири ва июнь бошларида Олимпиададан аввал қатор объектларида бир нечта спорт турлари бўйича тест мусобақалари ўтказилади. Ўзбек журналистларининг ташрифи учун энг маъқул вақт шу бўлса керак, деб ўйлайман. Синов мусобақалари ва тайёгарлик жараёнини кўздан кечиришда жамоам сизларга ёрдам беришга тайёр. Хусусан, сизнинг ўзингизни ҳам Токиода кутиб қоламан”, – деди Тошиаки Эндо.

Шунингдек, суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳар икки мамлакат терма жамоалари ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, тажриба алмашиш, мураббийлар малакасини ошириш масалаларида ҳам фикр алмашдилар.

 

Суҳбат якунида икки томон вакиллари ўзаро совғалар алмашиб, эсдалик учун суратга тушишди. Шунингдек, мартабали меҳмон МОҚ музейига ташриф буюриб, ўзбек спортинин тарихи билан яқиндан танишди.

Тошиаки Эндо куннинг иккинчи ярмида яқинда қуриб битказилган «Ҳумо» спорт комплексини кўздан кечиради.

Манба: Olympic.uz
Киритилди: 12:14, 10.05.2019.
Ўқилди: 2144 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.