Мино Райола - 21-асрнинг энг машҳур агентларидан биридир. У ҳақда эшитмаган бўлсангиз ҳам, унинг келишувларидан хабардорсиз: Златан Ибрагимович, Марио Балотелли, Павел Недвед ва Деннис Бергкампларнинг трансферлари шулар жумласидандир.
Райола Италияда туғилган. Аммо анчадан буён Голландия паспорти билан яшайди. Бу унинг иш жараёнига таъсир ўтказган. У Италия «А» серияси ва Эредивизиондаги барча йирик трансферларни назорат қилади.
Айнан у «Аякс»нинг 19 ёшли сардори Матейс де Лигт ва «Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Поль Погбаларнинг агентидир. Икки футболчи ҳам жорий ёзнинг энг йирик трансферларига номзодлардан ҳисобланишади. Голландиялик футболчини «Барса», францияликни эса «Реал» ўз сафига қўшиб олмоқчи. Лекин айни пайтда иккита келишув ҳам амалга ошмаслиги мумкин.
9 май куни Райолага уч ой Италияда фаолият олиб бориши учун тақиқ қўйилди. Орадан бир кун ўтиб, ФИФА бу тақиқни бутун жаҳонга тааллуқли қилиб қўйди. Трансфер бозори очилишига эса кўп қолмади.
Райолани нега четлатишди?
Ҳеч ким аниғини билмайди. Италия спорт агентлари иттифоқи ҳам, ФИФА ҳам четлатиш сабабларини маълум қилмади. Унинг укаси Винченцони эса икки ойга четлатишди. Райола бунга сиёсий тус бермоқда. Унинг фикрича, ҳаммасига шу баҳорда Италияда бўлиб ўтган ирқчилик можароси сабаб экан. «Афсуски, бу мени ҳайрон қолдирмади. Бунга сиёсий қарашлар сабаб деб ўйлайман. Умид қиламанки, текширувлардан сўнг ҳақиқат рўёбга чиқади. Менимча, Италия футбол федерацияси уларнинг вакилларини танқид қилганим учун кечирмаган», - деди Райола.
Шу тариқа Мино бошқа бир мижози Мойзе Кин билан юз берган вазиятни эсга олмоқда. «Болонья»га қарши учрашувда 19 ёшли италияликка нисбатан ҳуштакбозлик қилишганди. Шундан сўнг «Ювентус» футболчиси трибунага қараб, номақбул қилиқ қилганди. Ўшанда Бонуччи Кин ноҳақлигини айтганди. Шунингдек, мухлислар ҳам унинг фикрига қўшилишди. Райола ўз мижозининг тарафини олиб, ҳақиқий италиялик расист бўлмаслигини айтганди.
Де Лигт ва Погба трансферлари Райола қўлидами?
19 ёшли де Лигт келажаги борасида ўзи бир қарорга кела олмаслигини айтиб ўтганди. «Турли клублардан қизиқишлар бўлаётгани рост. Аммо айни пайтда мен «Аякс» футболчисиман. Келажагимни Мино Райола ҳал қилади», - деганди футболчи март ойи-да.
Гап-сўзларга қараганда, «Барселона» ва «Аякс» ўртасидаги музокаралар айнан Райола туфайли бузилган. Агент келишувнинг 20 фоизини ўзиники қилмоқчи бўлган. Яъни, 14 миллион еврони. Натижада «Аякс» музокараларни тўхтатиб қўйди. Чунки амстердамликлар кўпроқ суммага эга чиқмоқчилар.
Умуман олганда, шу ёзда де Лигт борасида келишиб олиш учун имконият бор. Чунки Голландия ва Испанияда трансфер дарчаси Райоланинг дисквалификацияси тугаганидан уч ҳафта ўтгач якунига етади. Погба трансфери борасидаги вазият эса бироз оғирроқ.
Гап шундаки, Англияда трансфер ойнаси 9 август куни ёпилади. Яъни Райоланинг четлатилиши якунланиши билан бир хил вақтда. Шунда ҳам «МЮ» Погбани сотиш имкониятига эга. Лекин инглизлар унинг ўрнига бошқа футболчи харид қилишга улгуришмайди.
Юқоридаги вазият де Лигт ва Погбанинг трансферига қандай таъсир ўтказишини вақт кўрсатади. Райола дисквалификациясини судда ҳал қилишга ваъда берганди. Лекин ФИФАнинг қароридан сўнг ҳаммаси издан чиқиб кетди. Кўрамиз, бу жараён нима билан якун топар экан...