2019 йил 14 май санасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида»ги 401-сон қарори қабул қилинди. Бу қарор ўз номи билан ўзбек спортида янги саҳифа очиб бериши лозим.
Ўзбекистонда футбол ва спортнинг бошқа турлари бўйича кўплаб халқаро спорт мусобақалари бўлиб ўтган. Лекин уларнинг географик кўлами бир шаҳар доирасидан чиқмаганлиги, спорт турлари кўплиги ва унда иштирок этадиган атлетлар сони бўйича ҳам ҳақиқий халқаро мусобақалар билан беллаша олмасди.
Осиё Олимпия Кенгашининг қарорига мувофиқ, XIX ёзги Осиё ўйинлари - Ханчоу шаҳри (Хитой), XX ёзги Осиё ўйинлари - Нагоя шаҳри (Япония)да бўлиб ўтиши белгиланган.
2030 йилги XXI ёзги Осиё ўйинлари учун мезбон ҳозирча аниқланмаган. Ўзбекистон Республикасида даъвогар сифатида Осиё Олимпия Кенгашига буюртма бериш имконияти мавжуд. Ушбу Ўйинлар мезбонлигига, Ўзбекистондан ташқари Қатар, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Малайзия, Таиланд ва Филиппин ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш орқали Ўзбекистоннинг нуфузи, бренд сифатида мамлакат тўғрисидаги маълумотлар орқали меҳмонларнинг хабардорлигини ошириш, мамлакат инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни тараққий эттириш ва чет эл инвестицияларини жалб қилиш, нафақат пойтахт, балки мамлакатнинг бошқа ҳудудлари қиёфасини яхшилаш натижасида мамлакатнинг ички қиёфасига ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатади.
Айни пайтдаги мавжуд муаммолар
Халқаро талабларга жавоб берадиган спорт инфратузилмаси, шу жумладан, олимпия шаҳарчаси яратилмаган.
Йирик халқаро комплекс мусобақа ўтказиш учун халқаро талабларга тўлиқ жавоб бера оладиган логистика, транспорт инфратузилмаси мавжуд эмас.
Ташкилий ишлар
Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш учун муносиб инфратузилмани яратишга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ва шу масалага бевосита масъул ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди.
Дастурга кўра қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган:
Осиё Олимпия Кенгашига Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири номидан имзоланган мурожаат хати 2019 йил 30 июнга қадар юборилади;
Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинлари ва турли даражадаги халқаро нуфузли мусобақаларни ўтказишни ўз ичига олган жамғарма ташкил этилади;
Осиё ўйинларини ўтказиш тажрибасини ўрганиш бўйича вазирлик ва идоралараро ишчи гуруҳ 2017 йил 12-28 сентябрь кунлари Ашхободдаги ёпиқ спорт иншоотларида бўлиб ўтган жанг санъатлари ва V Осиё ўйинлари, 2018 йил 14 август - 3 сентябрь кунлари Индонезияда бўлиб ўтган XVIII ёзги Осиё ўйинлари тажрибалари 2019 йил июль-август ойларида ўрганилади;
Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинларининг 30 минг иштирокчисини қабул қилиш, маиший шарт-шароитларни ўз ичига олган Олимпия шаҳарчаларини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида қуриш белгиланди.
Молиявий таъминот
Мусобақаларни ўтказиш бўйича ташкилий масалалар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси маблағлари, хорижий инвесторларнинг маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;
Мусобақаларни ўтказиш учун танловга буюртма бериш, бадал пули, кафолат депозити ҳамда Ўзбекистонда мусобақаларни тарғибот (реклама) қилиш учун маблағларни Осиё Олимпия кенгашига ўтказиб бериш Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва хорижий инвесторларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
«Еттинчидан, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш яна бир долзарб вазифадир.
Спортни жадал ривожлантириш, халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга бундан буён ҳам катта аҳамият берамиз.
Ёш авлодимиз ўртасида спортни оммалаштириш мақсадида энг чекка туманларда ҳам болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ташкил этамиз.
2020 йилда Токиода ўтказиладиган ёзги Олимпиадага пухта тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз лозим.
Яна бир муҳим масала - мамлакатимизда қишки спорт турлари бўйича халқаро талаблар даражасида спортчилар тайёрлаш самарали тизимини яратиш керак.
Пойтахтимизда барпо этилаётган «Ҳумо» муз спорти саройи, шунингдек, яқинда Тошкент вилоятининг Амирсой дам олиш масканида ишга тушириладиган замонавий мажмуа ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилади.
Афсуски, ҳозирга қадар юртимизда Олимпия ёки Осиё ўйинлари каби нуфузли спорт мусобақалари ўтказилмаган.
Шу боис яхши ният билан келгусида ёзги Осиё ўйинларидан бирига мезбонлик қилиш бўйича истиқболли режа ишлаб чиқишни бошлашимиз керак.
Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда бу масала бўйича тегишли дастур лойиҳасини тайёрлаш топширилади».
(Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан).
Факт ўрнида. 2000 йили Сидней шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларини ўтказишга Тошкент шаҳри даъвогар бўлган. Бу ҳақда ҳатто «Los Angeles Times» нашрининг 1992 йил 24 май сонида махсус мақола ҳам чиққан. Лекин Ўзбекистоннинг эндигина мустақил бўлганлиги, бу ерда катта миқёсда спорт мусобақалари ўтказилмаганлиги шаҳримизнинг якуний саватчадан жой олишига йўл қўймаганди. 1993 йил 23 сентябрда Сидней 45та овоз билан ғолиб деб топилганди. Пекин, Манчестер, Берлин ва Истанбул бу ўзига хос мусобақада ғолиб чиқолмаганди.