Болаларни ҳимоя қилиш халқаро кунига ҳам жуда оз вақт қолмоқда. Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси соғлом ҳаёт тарзи учун курашаётган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳайрия акциясини бошлаган эди.
Муборак Рамазон ойида ЎзПФЛ саратонга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш акциясини ўтказиш бўйича ташаббусни илгари сурди. Қувонарли жиҳати шундаки, мазкур ташаббус барча клублар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Буакциядавомида Coca Cola Суперлиганинг 9 ва 10-турбеллашувларидажамоаларқатортадбирлардаиштирокэтишди.
Дастлаб Профессионал Футбол Лигаси мазкур акциянинг биринчи босқичини бошлаб берди. Ташкилот ходимлари 2 май куни мамлакатнинг энг тажрибали ҳаками Равшан Эрматов билан биргаликда Республика онкология илмий марказининг болалар бўлимига ташриф буюрди. Кўзни қувнатадиган даражада ширин болажонларга турли совғалар, футбол либослари, тўплар улашилди. Шунингдек, марказга моддий ёрдам кўрсатилди.
Шундан сўнг мазкур акцияга бирин-кетин CocaColaСуперлига клублари қўшилишди. Қатор клублар ҳудудлардаги ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказларига ташриф буюришди ва ушбу ҳасталик билан курашаётган болажонлар ҳолидан хабар олиб, уларга меҳр улашишга интилишди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, эркаклар жамоалари билан бир қаторда “Андижанка” футболчи қизлари ҳам “Саратондан соябон бўл” номли хайрия акцияси доирасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалига ташриф буюриб, мазкур дардга қарши матонат билан курашаётган болалар ҳолидан хабар олишди.
Шунингдек, CocaColaСуперлиганинг 9 ва 10-тур беллашувларида жамоалар мазкур акция доирасида қатор тадбирларда иштирок этдилар. Ҳар бир клуб камида бир нафардан саратонга қарши курашаётган болани ўз уй учрашувига таклиф этди. Ўйин куни стадионларда ҳайрия қутилари ўрнатилди. Учрашув олдидан эса саратон ҳасталиги билан оғриган болалар майдонга профессионал футболчилар билан биргаликда чиқиб келдилар. Ўйин олдидан эса ушбу болакай ва қизалоқларга ЎзПФЛ ҳамкори – “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан 3 миллион сўмлик чеклар ҳам тақдим этилди.
Афсуски, “Бухоро” жамоаси дардига шифо излашда кўмак бермоқчи бўлган М. Мустафоев бу оламни тарк этди. Шу боисдан “Бухоро” – “Динамо” ўйини 1 дақиқалик сукут билан бошланди.
Мазкур акция давомида барчани хушнуд этувчи ҳолатлар кўп бўлганини ҳам қайд этиш жоиз. Зеро “Навбаҳор” жамоаси ўз уй учрашувига таклиф этган Саидкамол ўйин олдидан жамоалар билан биргаликда умумий суратга тушди ва учрашувдан кейин ҳар икки жамоа устозлари билан ўтказилган матбуот анжуманида ҳам иштирок этди.
“Саратондан соябон бўл” номли акция доирасида кўмак кўрсатилган болакай ва қизалоқлар:
Локомотив – Шаҳзода Рўзибоева
Сурхон – Комилжон Тўраев
Сўғдиёна – Ғайратжон Қўчқоров
Навбаҳор – Саидкамол Олимжонов
Насаф – Севинч Шарипова
Динамо – Азимхон Абдулазизов
Металлург – Муҳаммаджон Эркинжонов
Қизилқум – Шоҳруҳ Мирзо Исматуллаев
АГМК – Азизбек Жуманов
Бухоро – М. Мустафоев
Қўқон-1912 – Раҳматилло Умаров
Пахтакор – Полина Гарифулина
Уй учрашувини энди ўтказадиган “Андижон” ва “Бунёдкор” жамоалари эса мазкур акция доирасидаги тадбирларини яқин вақт ичида ўтказиши кўзда тутилган.