Швейцария аёллар терма жамоаси ва «Янг Бойз» клуби футболчиси Флориана Исмоилийнинг танасини италиялик қутқарувчилар кўл тубидан топишди.
24 ёшли футболчи Комо кўлида йўқолиб қолганидан кейин қидирув ишлари 30 июнь куни бошланган эди. Флориананинг танаси кўлнинг 204 метр чуқурлигидан топилди. Полиция бу ҳақда Исмоилийнинг оила аъзолари ва яқинларига хабар берди.
Исмоилий мазкур кўлда дугонаси билан дам олаётган бўлган. Улар моторли қайиқни ижарага олиб, кўл ичига қараб 700 метр сузиб боришган. Флориана сувга сакраганча қайтиб чиқмаган. Маълумотларга қараганда, футболчининг дугонаси бу ҳолатни ҳазил деб ўйлаган. Орадан бир неча дақиқа ўтиб эса у қутқарувчиларга мурожаат қилган.
Исмоилий ҳужумчи позициясида ўйнар эди. Этник жиҳатдан албан бўлган футболчи Швейцария терма жамоаси шарафини 2014 йилдан бери ҳимоя қилиб келаётган эди.