Кириш Регистрация
04/11 00:45 Интер 1-0 Венеция
04/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-1 Бетис
04/11 19:00 Ал-Васл 1-1 Ас-Садд
04/11 21:00 Ал-Аҳли (СА) 5-1 Аш-Шорта
04/11 21:00 Персеполис 1-1 Ал-Ғарафа
04/11 22:30 Эмполи 1-0 Комо
04/11 22:30 Парма 0-1 Женоа
04/11 23:00 Ал-Ҳилол 3-0 Истиқлол
05/11 00:45 Лацио 2-1 Кальяри
05/11 01:00 Сельта 1-0 Хетафе
05/11 01:00 Фулхэм 2-1 Брентфорд
05/11 13:00 Сентрэл Кост - Шангхай Шенхуа
05/11 15:00 Кавасаки Фронтале - Шангхай Порт
05/11 15:00 Виссел Кобе - Квангжу
05/11 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим - Ульсан Хёндэ
05/11 19:00 Пахтакор - Ар-Райян
05/11 23:00 Ан-Наср (СА) - Ал-Айн

«Ҳозир Шомуродов Дзюба, Азмун, Смолов ва Чаловдан кучсиз эмас». Россиялик мутахассисларнинг Элдор ҳақидаги фикрлари

Баҳо:
+ | -

«Ростов» ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россия премьер-лигасининг 8-туридан кейин 7та гол билан тўпурарлар баҳсида пешқадамлик қилмоқда. Хўш, ўзбекистонлик футболчи ҳақида россиялик мутахассислар қандай фикрда?

«Ростов» клуби менежер-селекционери Игорь Гамула, «Ростов» клуби собиқ футболчиси ва собиқ мураббийи Дмитрий Кириченко ва «Ростов» клуби собиқ спорт директори Александр Шикунов ҳамюртимиз ҳақидаги бир нечта саволларга жавоб беришди.

Савол: — Шомуродовнинг устунлиги, ўзига хослиги нимада? Ушбу мавсумдан ундан ёрқин ўйин кутганмидингиз?

Игорь Гамула, «Ростов» менежер-селекционери:

— Клуб раҳбарияти уни кузатиб, ҳали ёш пайтида «Ростов»га олиб келишди ва аста-секин асосий таркибга тайёрлаб келишди. Умуман, уни яхши савиядаги ҳужумчига айлантиришди. Унинг ўзи ҳам яхшигина меҳнат қилди. Ўзбекистон терма жамоасидаги ўйинлари орқали у кўп скаутлар — асосан осиёликларнинг қизиқишига сабаб бўлди. Унга Хитой клубидан қизиқиш бўлганини биламан. У жамоамизда ўсиб бораётгани жуда яхши ҳолат. Валерий Карпинга ҳам қойил қолиш керак. У футболчини яхши тайёрлаб келди.

Ҳозир Элдор Сигурдарссон билан рақобатда енгиб чиқди. Ҳаммаси ҳаққоний. Камтар, маданиятли, тарбияли йигит. Унинг устун жиҳати? Юқоридан узатилган тўп учун яхши ҳаракат қилади. Ерда ҳам ажойиб ўйнайди. Яккама-якка вазиятда алдай олади, тезлиги юқори ва яхши дриблингга эга. Умуман олганда, Европа савиясидаги ҳужумчига айланиши учун барча хислатларга эга. Энг муҳими, у мақсад сари интилувчи инсон. Унинг дарди-фикри фақат футбол!

Дмитрий Кириченко, «Ростов» клуби собиқ ҳужумчиси ва собиқ мураббийи. Россия чемпионатининг 2002 ва 2005 йиллардаги энг яхши тўпурари:

— У кенг қамровли футболчи. Катта ҳажмдаги қора меҳнатни амалга оширади. Тутган жойини кесадиган йигит. Сўнгги вақтларда унинг вазиятлардан фойдаланиш самарадорлиги юқори бўлмоқда. Ўзига бўлган ишончи юқори экани сезилиб турибди. Ҳужумчи учун бу энг муҳим хислат.

Александр Шикунов, «Ростов» клуби собиқ спорт директори:

— Ўтган мавсумдаёқ у иқтидорли, қобилиятли ҳужумчи экани кўриниб турганди. У жамоага ва чемпионатимизга мослашиб олиши керак. Ҳозир эса ҳаммаси жойига тушди. Элдор тезлик, голни ҳис қилиш, доимо хавфли вазият марказида бўлиш каби керакли хислатларга эга. Қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, у катта ҳажмдаги ишни амалга оширади. Бу ҳужумчилар учун камёб ҳодиса. «Ростов» ўз тактикасини ўзгартирди. Ҳужумкор футбол туфайли олдинда кўп имкониятлар юзага келмоқда.

Савол: «Ростов»нинг бундай марказий чизиғи билан Шомуродов тўпурарлар пойгасида ғолиб чиқиши мумкинми?

Гамула: — Шомуродовнинг жамоадошлари ҳозир жуда кучли. Биргина Рома Ерёменко нималарга қодирлигини яхши биламиз. Бундан ташқари, Ивелин Попов ҳам бор. Бу йигитлар исталган пайтда, майдоннинг исталган жойига узатма бериши мумкин. «Ростов» қанотлари — Алексей Ионов ва Хорик Байрамян ҳам яхши ишламоқда..

Шомуродовни узатмалар билан таъминлаш қийин эмас. Унинг ўзи ҳам яхши очилади, вазиятни яхши ҳис қилади. Карпин «стандарт»лардан, қанотдан бериладиган узатмалардан яхши фойдаланмоқда. Ўйин пайтида бундай "уй вазифа"лари яхши ишламоқда.

Кириченко: — Ҳа, Элдор чемпионатнинг энг яхши тўпурари номига асосий номзод. Лекин олдинда ҳали ўйинлар кўп.

Шикунов: — Ерёменко Шомуродов учун кўп вазиятлар яратиб бермоқда. Роман ҳужумчини нозик ҳис қилади. Яратганинг ўзи ҳам Элдорга тўпурарлик қобилиятини берган. Ёдингизда бўлса, 1996 йилда «Ростельмаш» ҳужумчиси Александр Маслов чемпионат тўпурари бўлганди. Ўшанда Дмитрий Лоськов уни узатмалар билан таъминлаб турган эди. Нобоа пайтида Азмун кўп гол урган, Жано пайида — Дзюба. Ҳозир эса Ерёменко бор. Майдон марказида бундай ижрочилар билан тўпурарга айланиш учун имконият бор. «Ростов» ярим ҳимоя чизиғи кучли.

Савол: — Шомуродов ушбу мавсумда нечта гол уради?

Гамула: — Аниқ айтиш қийин. Буни ёлғиз Худо билади. Кўз тегиб қолишини истамайман. Қанча гол урса ҳам, уларнинг барчаси бизники (кулади). Умид қиламан, у чемпионат тўпурарига айланади.

Кириченко: — Шундай руҳда давом этса, бемалол 20та гол уриши мумкин.

Шикунов: — Барчаси ҳозиргидек кетса, 20тадан кўпроқ гол уриши мумкин.

Савол: — Шомуродов Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаётгани учун сизда ачиниш ҳисси борми?

Гамула: — Бизда ҳам яхши ҳужумчилар бор. Смолов, Дзюба, Чалов. Ачинишга ҳожат йўқ. У Ўзбекистонда туғилган ва ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилмоқда. Бу ерда барчаси тушунарли. Элдор «Ростов» сафида эканидан хурсанд бўлишимиз керак. Мухлислар уни яхши кўришади. Шомуродов ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Кириченко: — У Россияга Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси сифатида ташриф буюрди. Бу мавзуда гапиришдан маъно йўқ. Шомуродов ҳозирги ҳолати билан Россия терма жамоасига тўғри келар эди. Ўз навбатида Черчесов Ионовни йиғинга чақирди. Алексей ва Элдорнинг вазифалари ўхшаш. Иккаласи ҳам тезкор.

Шикунов: — Месси Аргентина фуқароси эканидан афсуланиш керакми (кулади)? Ҳеч нарса қила олмайсан. Ўзбекистонлик ҳужумчи бизда, Россияда очилгани жуда яхши.

Савол: — Станислав Черчесов Россия терма жамоасига Дзюба, Смолов, Комличенкони чақирди. Ҳозирги Шомуродовни ушбу ҳужумчилар билан таққослаш мумкинми?

Гамула: — Бир хил ҳужумчилар бўлмайди. Ҳар бирининг кучли томонлари бор. Шомуродов — ўзига хос замонавий ҳужумчи. У ҳам юқорида, ҳам ерда самарали ўйнай олади. Мен уни ҳеч ким билан таққосламаган бўлардим.

Кириченко: — Шомуродов услуби бўйича Дзюба ва Комличенкога ўхшамайди. Элдор бошқача ҳужумчи. У кўпроқ Смоловга яқин. Ҳозирда Элдор савия борасида Премьер-лигада ўйнаётган шундай услубдаги исталган футболчи билан тенглаша олади.

Такрорлайман, уни Дзюба ва Комличенко билан таққослаб бўлмайди. Азмун? Ҳозир Шомуродов ундан кучсиз эмас. Лекин Сардор исталган пайтда гол уриш қобилиятига эга. Эронлик футболчи бир киришиб қолса, голлар сериясини амалга ошириши мумкин. Шунинг учун уни ҳам тўпурарлар пойгасида сафдан чиқариш керак эмас. Чалов ва Шомуродов бир-бирига ўхшаш. Уларнинг антропометрик кўрсаткичлари тахминан бир хил. Савия борасида уларни таққослаш мумкин.

Шикунов: — Мен уларни таққосламаган бўлардим. Шомуродов, «Крилья»даги Соболёв каби ҳозир энди порламоқда. Бу футболчилар очилганига энди 2 ой бўлди, Смолов ва Дзюба — тажрибали йигитлар. Шомуродовни олис давом этадиган мусобақа давомида кузатиш лозим. Июль ёки августдан кейин бу футболчи йўқолиб қолишини истамасдим.

Савол: — «Ростов» ҳозир пешқадамлар сафида бормоқда. Бу қанча вақт давом этиши мумкин?

Гамула: — «Ростов» ёрқин, ҳужумкор ўйин намойиш қилмоқда, кўп гол урмоқда. Лекин кўп гол ўтказяпти ҳам. Бундай футбол мухлисларга ёқади. Қайси аскар генерал бўлишни истамайди? Иштаҳа тановул пайтида келади.

Кириченко: — «Ростов» ўтган мавсумни ҳам яхши бошлаган эди. Ҳозир жамоа ўйин услубини ўзгартирди. «Локомотив» устидан сафарда қозонилган ғалаба ўйинчиларга ишонч бағишлайди. Ўйлашимча, ростовликлар еврокубок йўлланмалари учун кураш олиб боришади. Аниқ ўрин ҳақида тўхталмайман.

Шикунов: — Олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Энг муҳими, ҳозирги «Ростов» сифатли ва чиройли футбол намойиш этмоқда!

Манба: sport-express.ru
Киритилди: 08:53, 05.09.2019.
Ўқилди: 13308 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.