Ўзбекистон U-16 терма жамоаси бугун БААлик тенгқурларига қарши иккинчи ўртоқлик учрашувини ўтказди. Қизиқарли тарзда кечган мазкур беллашувда кучлар тенг келди – 1:1.
Ўйиндан сўнг Ўзбекистон U-16 терма жамоаси устози Азамат Абдураимов қуйидагича фикр билдириб ўтди:
"Саралаш баҳсларида ёмон ўйнагандан кўра бугунгидек ўртоқлик ўйинида ёмон ўйин намойиш этган маъқул, назаримда. Бугун асосий таркиб футболчилари майдонга тушишди. Аммо энди ўйланиб қолдик, асосий таркибмиз бугунги баҳсда майдонга тушган футболчиларми ёки ўтган сафарги учрашувда ўйнаганларми. Бугундан ушбу йиғин якунланади ва 14 сентябрдан яна йиғиламиз. Якуний таркиб мусобақа олдидан эълон қилинади.
Ўтган сафарги учрашувда кўпинча ўйин амалиётига эга бўлмаётган футболчилар майдонга тушишган эди. Бугун эса Душанбе ҳамда Москвада ўтган мусобақада ўйнаган футболчилар майдонда ҳаракат қилишди. Йигитларга ўйин олдидан ҳам тўлиқ диққат-эътиборни жамлаган ҳолда ҳаракат қилиш лозим эканини таъкидлаган эдим. Зеро, рақибни менсимаслик ва ўйиндан олдиноқ ғалаба қилдик, деб ўйлаш – нотўғри. Майдонда ҳамиша бор маҳоратни ишга солган ҳолда ўйнаш зарур. Шу жиҳатдан ҳам бугунги учрашув биз учун яхши дарс бўлди.
Нега мен биринчи бўлимни захира ўриндиғидан кузатмадим? Мен ҳар доим биринчи таймда трибунада ўтириб ўйинни кузатаман. Трибунадан ўйиннинг тўлиқ суратини кўриш осонроқ. Иккинчи таймда эса захира ўриндиғида ўтираман. Чунки иккинчи бўлимда кўпроқ футболчиларга кўрсатмалар бериб боришим талаб этилади", — деди мутахассис.