Қозоғистон пойтахтида ўтаётган спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатининг иккинчи куни терма жамоамиз учун омадли ўтмоқда.
Бироз аввал юнон-рим кураши бўйича -87 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб бораётган вакилимиз Рустам Ассакалов ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Мусобақа регламентига кўра, ярим финал иштирокчилари келаси йили Токио Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Вакилимиз жаҳон чемпионатини панамалик курашчи устидан қозонилган ғалаба билан иштирок баҳсларни бошлади ва шундан сўнг Туркия, Россия ва чорак финалда Куба терма жамоаси вакилларини ҳам мағлубиятга учратди.
Ҳамюртимиз эндиликда финал йўлланмаси учун венгриялик Виктор Лоринсга қарши гиламга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, бу Ўзбекистон делегацияси учун Токио Олимпиадасига қўлга киритилган бешинчи йўлланма бўлди. Маълумот учун, Рустам Ассакалов 2015 йили Лас-Вегас мезбонлик қилган дунё биринчилигида кумуш медални қўлга киритиб Рио Олимпиадасига йўлланма олган эди.