Россияда давом этаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида чорак финал босқичи жанглари бошланди. Ҳозиргина энг енгил вазнли (52 кг.) спортчимиз Шаҳобиддин Зоиров кучли боксчи — болгариялик Даниел Асеновга қарши жанг олиб борди.
Терма жамоа мураббийлар Асеновнинг услубини яхши ўрганиб, шунга яраша тактика танлагани жанг бошидан охиригача сезилиб турди. Шаҳобиддин ринг марказини рақибга топшириб, ўзи оёқда яхши ишлади. Болгариялик боксчи босим уюштираётганда Зоиров қарши ҳужумда кўп зарбалар берди. Барча раундларда ўзбекистонлик боксчи кичик устунликка эришди. Ҳакамларнинг баҳолари шунга яраша бўлди — 5:0 (30:27, 30:27, 29:28, 29:28, 29:28).
Шаҳобиддин Зоиров ярим финалда франциялик Билол Беннамага қарши рингга кўтарилади. ЖЧда эртага дам олиш куни. Ярим финал жанглари 20 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Зоиров ҳисобида битта олимпиада чемпионлиги ва битта Осиё ўйинлари олтин медали мавжуд. У фаолияти давомида илк марта жаҳон чемпионати медалига сазовор бўладиган бўлди.