Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Абрамов бизни жаҳон чемпионатига олиб чиқа оладими?

Баҳо:
+2 | -

Айни пайтда милллий терма жамоамизга кимнинг бош мураббий бўлиши футболга қизиққан ва қизиқмаганларни бирдек ўйлантирмоқда, десак ҳечам муболаға қилмаган бўламиз.

Тўғри-да, не-не умидлар билан Аргентинадай жойдан олиб келинган «олам узра донғи кетган» мутахассис билан ҳам ҳеч нарсага эришолмаганимиз бир алам қилса, ўша мураббийнинг навбатдаги ўйинга саноқли кунлар қолганда бир дунё пулни орқалаб, «қуённи суриб» қолгани икки марта алам қиляпти.

Бундай вазиятда одатда маҳаллий мутахассисларнинг ёрдамига таянилади. Чунки, айни пайтда хориждан янада таниқлироқ ва янада тажрибалироқ мураббийни олиб келиш деярли имконсиз. Катта эҳтимол билан «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамов терма жамоа бошқарувини ўз қўлига олади ва охир-оқибат мухлислар олдидаги юксак обрўсидан ҳам айрилади.

Негаки, миллий терма жамоамиз бу сафар ҳам мундиал йўлланмасини қўлга кирита олмайди. Барча жавобгарлик ҳар доимгидек бош мураббийнинг зиммасида қолади. Тарихига назар солсак, миллий терма жамоамиз айнан Вадим Карленович бошчилигида ўз тарихидаги энг чиройли ва тажовузкор футболни намойиш этганини кўрамиз. Энг яхши натижага ҳам айнан Абрамовга тегишли (Осиё кубогининг ярим финали). Агарда мутлақо кутилмаган вазиятда истеъфога чиқарилмаганда, балки Бразилиядаги жаҳон чемпионатига ҳам борган бўлармидик?!

Шу кунларда тақдир бизга, тўғрироғи, Вадим Абрамовга яна бир карра имконият бераётгандай, гўёки у терма жамоага қайтса ҳаммаси жойига тушиб кетадигандай туюлмоқда мухлисларимизга.

Аммо 2011-2012 йилларда футболимизда эришилган муваффақиятларни фақат Абрамов номи билан боғлаш, юмшоқ қилиб айтганда, инсофсизлик бўларди.

Айнан ўша йилларда раҳматли Мираброр Усмонов амалга оширилган ишлар ўзининг илк самараларини бера бошлаган эди. Ўсмирларимиз Мексикада шов-шув кўтарган, «Насаф» ОФК кубогини қўлга киритган, «Бунёдкор» ва «Пахтакор» Осиё чемпионлар лигасида ҳар қалай ҳозиргидан анча яхши иштирок этишган ва квоталаримиз ҳам анча кўпайган эди. Кейинчалик Дилшод Нуралиев бошлигидаги ўсмирларимиз ўз тенгқурлари орасида Осиёда тенгсиз эканлигини исботлашди. Аҳмаджон Мусаев бош мураббий бўлган ёшларимиз ҳам қитъа биринчилигида муваффақиятли иштирок этиб, Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.

Айтмоқчиманки, Вадим Абрамов миллий ва олимпиа терма жамоаларимизни биргаликда бошқарган йиллар ўзбек футболи тарихидаги энг кўтаринки давр эди. Аммо ўшадан сўнг яна ҳаммаси негадир орқага кета бошлади. 2015 йилдан буён бирорта терма жамоамиз жаҳон чемпионатларига чиқа олмаяпти. Клубларимиз учун ОЧЛда гуруҳдан чиқиш, ҳатто плей-оффдан ўтиш тобора қийинлашиб бормоқда. Ўсмирларимиз билан Осиёни титратган Алексий Евстафиев, Дилшод Нуралиев каби мураббийлар кейинчалик ўзларига топширилган масъулиятли вазифаларни уддалай олишмади.

Вадим Абрамов шубҳасиз малакали мутахассис. Балки Ўзбекистон ундан кучлироқ мураббийнинг ўзи йўқдир. Афсуски, унинг салоҳияти ҳам бизни жаҳон чемпионатига олиб чиқолмайди. Унинг терма жамоа рулиги келиши чиройли ўйин ва шиддаткорликни таъминлаши мумкин, натижани эмас.

Агар терма жамоа унга ишониб топшириладиган бўлса, Яман, Сингапур каби жамоаларни ортиқча қийинчиликсиз мағлуб этишимиз, ҳатто ҳал қилувчи учинчи босқични ҳам юқори кайфиятда бошлашимиз мумкин. Аммо, минг афсуски, мундиал йўлланмаси тақдирини ҳал этадиган учрашувларда жамоамизга нимадир етишмай қолади. Яъни, кимнингдир қўпол хатоси ёки ҳакамнинг рақибларга очиқча ён босиши жаҳон чемпионати ҳақидаги орзуларимизни яна тўрт йилга кечиктириб юборади.

Таассуфки, Вадим Абрамов футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам дунё миқёсидаги йирик мусобаларда иштирок этмаган. Асосий рақибларимиз Япония, Жанубий Корея, Эрон, Австралия каби терма жамоаларда эса шундай савиядаги мураббийлар ишлашмоқда. Ўша тажриба уларга энг муҳим, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласини ҳал қиладиган ўйинларда қўл келади. Чунки бундай мураббийларда ҳар қандай ҳолатда, айтайлик, иккита тўп билан орқада қолаётганда ёки кимдир қизил карточка билан майдонни эрта тарк этганда қўлланадиган захира режалар албатта бўлади.

Характер ва тажриба ўз сўзини айтадиган ўйинлар 2021 йилнинг тахминан шу пайтларида бўлиб ўтади. Биз эса вақтда «Эҳ, Суюнов ўша тўпни қайтарганда ютардик», «Шомуродов ўша вазиятни голга айлантирганда ютқазмас эдик» деган гаплар билан овуниб қолаверамиз. Тан олиш олиш керак, Абрамов жамоалари осонликча таслим бўлмайди, охирига курашиб, ютқазса ҳам чиройли ўйнаб ютқазади. Бироқ чиройли ва хунук ўйиндаги мағлубият бирдек аламли.

Камина ходимингиздаги бадбин хаёллар ўзбек футболида олиб борган қарийб чорак асрлик кузатувларнинг аччиқ ҳосиласи. Негаки, шунча йиллардан буён бизда мураббийларни тайёрлаш, уларнинг тажрибасини ошириш борасида ҳеч қачон тизимли ишлар амал оширилмаган. Турли ёшдаги терма жамоалар ўртасида узвийлик таъминламаган. Узоқ йилга мўлжалланган истиқболли режалар ҳеч қачон бўлмаган.

Қолаверса, ишонган тоғимиз Абрамов «Локомотив» ва «Нефтчи»дан қониқарсиз натижалар учун ишдан бўшатилган. Яъни футболимиздаги умумий тушкунлик унга ҳам таъсир этмасдан қолмаган.

Агар сайт ушбу қайдларни эълон қилган ва сиз уни ўқиган бўлсангиз, терма жамоа тақдирига бефарқ эмассиз. Сиздаги некбин кайфиятни сoндириб қўйганим учун узр, қадрдон мухлис. Агар терма жамоамиз мундиалга чиқса, яна бир марта узр сўрашга тайёрман. Ва ўша узрни сўраётганимда мендан бахтиёр одам бўлмайди.

Элбек ЖУМАНОВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 16:37, 23.09.2019.
Ўқилди: 9954 марта.
Фикрлар: 29 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.