Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Қирни унут, тоққа интил, Вальверде

Баҳо:
+ | -

Қирни забт этишни юқори натижа деб ҳисоблайдиган инсон учун тоққа чиқиш фантастикадек гап, унинг учун тоққа чиқа олмаслик фожиа эмас. Тоғни забт этиш учун эса инсонда ўшанга етадиган ақл, салоҳият, даража бўлиши керак. Фақат хоҳиш билан иш битмайди.

Айни дамда Ла Лигада “Барселона”нинг ишлари юришмаяпти. Тан олиш керак, жорий мавсум старти сўнгги йиллардаги энг ёмонларидан бири бўлди. Бу борада эса энг катта айб Эрнесто Вальвердеда. Айнан Вальверде келганидан кейин “Барселона”да кўп нарса қоришиб кетгандек.

ОЧИҚ ЭШИКЛАР

“Барселона” деганда кўз олдимизга кучли, тажрибали футболчилардан иборат жамоа келади. “Барселона”да ўйнаш шу пайтга қадар унча-бунча футболчига насиб қилмаган. Каталония клубида фақат ўз позициясининг усталаригина тўп суришган. Аммо кейинги йилларда “Барселона” исталган футболчи эшигини бир очиб-ёпадиган айвонга ўхшаб қолгандек. Фикримизни исботлашга ҳаракат қиламиз.

Артуро Видаль. Чилилик футболчининг иқтидорига шубҳа йўқ, аммо бу иқтидор “Барселона” даражаси билан таққосланса, тафовут сезилиб қолади. Қолаверса, Видаль 19-22 ёшлардаги футболчи эмас, ёши ҳам ўтиб боряпти. “Барселона” ана шу футболчини сотиб олди. Нега? Яқин ўтмишда “Барселона” Видалнинг ҳолатидаги футболчиларга камдан-кам мурожаат қилган. Ёки Боатенг, Кевин Принц-Боатенг. Бутун фаолияти давомида ўртамиёна ўйин кўрсатган футболчи. Ёки Андре Гомеш. Буларни шунчаки ўйини қовушмади, деб баҳона қилиб бўлмайди, булар аслида ҳам “Барса” даражасига мос бўлмаган футболчилар. Хўш, Вальверде нега бу трансферларга розилик билдирди? Чунки у фаолияти давомида “Нексия”, борингки, “Ласетти” миниб юрган, шунга ўрганган ҳайдовчи. Унинг кўзига бошқа “Нексия” ҳам яхши кўринади. “Барселона”га эса камида “Малибу” ёки “иномарка” ҳайдайдиган ҳайдовчи керак. “Нексия” ёки “Ласетти”га қаноатланмай, яхшироғини хоҳлайдиган, яхшироқ машина миниб ўрганган ҳайдовчи керак. Вальверде эса буни истади, аммо хоҳишнинг ўзи камлик қилди. “Нексия”ни 100 тезликда бошқариб ўрганган мутахассис “Малибу”ни ҳам беихтиёр шу тезликда бошқаряпти. Рефлекс. Тамом-вассалом.

НОҚУЛАЙ ТАКТИКА

Бу олдин ҳам танқид қилинганди, ҳозир ҳам шундай. “Барселона” айрим футболчиларни “жувонмарг”  қилди. Масалан, Филиппе Коутиньонинг ўйнаб кета олмагани омади келмаганидан эмас, ундан нотўғри фойдаланишганидан. Марказда ўйнаб ўрганган футболчини Вальверде қанотга қўйди, оқибатда бразилиялик футболчининг самарадорлиги сезиларли даражада пасайди. Охир-оқибат жамоадан кетди.

“Барселона”нинг тактикасидаги даража пасайди. “Барселона” даражасидан Вальверде даражасига тушди. Вальверде “Барселона”нинг даражасига кўтарилишга қийналяпти, натижада “Барселона” Вальвердега мослашиб бораётгандек. Агар-ку шиддаткорликка эътибор бериб, ўйин ва тактикани яхшиласа, нур устига нур, акс ҳолда “Барселона” мураббий билан хайрлашишига тўғри келади.

ПСИХОЛОГ ЭМАС

Ҳар битта бош мураббий психолог бўлиши керак. Хосеп Гвардиолага эътибор беринг, футболчилар билан жуда яхши муносабатда. Юрген Клоппга қаранг, кези келса, дўстлардек, тенгдошлардек бирга қувонади, ҳазиллашади, хатога йўл қўйилганида эса аямасдан койийди. Керак пайтда мураббий, керак пайтда дўст, улфатдек.

Жозе Моуриньо ҳам фикримизни исботлайди. Психология борасида нўноқ бўлган мутахассис айнан характери туфайли футболчиларнинг эътирозига дуч келди, ўйин қовушмади ва ўзи бошқарган жамоалардан ҳайдалди. Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Вальвердеда ҳам ана шундай психологик маҳорат етишмаётгандек, назаримда.

БАРҚАРОР ТАРКИБ

Айни дамда Вальверденинг асосий вазифаси барқарор асосий таркибни танлаб олиш. Жамоада эса кераксиз ўйинчилар меъёридан кўпроқ. Ҳозирда жамоанинг ашаддий ишқибозлари ҳам “Барселона”да ўз ишининг устаси бўлган 11 та футболчидан иборат таркибни топиб бера олишмайди. Вазият шу даражага етдики, ўйинлардан бирида Артуро Видални мураббий “Барселона”нинг нажоткори сифатида майдонга туширди, ўйинни кучайтириш, омадсизликдан қутулиб қолиш учун Видални танлашга мажбур бўлди, чунки захирада ўйинни кучайтира оладиган футболчи йўқ эди. Натижа нима бўлди, Видаль тушди, аммо ҳеч нарса қила олмади. “Барселона” шундай жамоаки, ундаги ҳар битта футболчи ўз ишини қойиллатиши, керак пайтда жамоани торта олиши лозим. Вальверде эса раҳбариятга харид қилиш учун керакли футболчини топиб бера олиши, кераксиз футболчини харид қилиш фикридан эса қайтариши керак.

Тоққа чиқиб ўрганган инсон бундан камига кўнмайди, ҳар сафар янада баландроқ тоғни забт этгиси келаверади. “Барселона” эса қирга кўникиб қолган Вальвердени тоғни забт этишга ундаши, агар мутахассис бунга ўргана олмаса, тоққа чиқишни хуш кўрадиган мутахассисни олиб келиши керак.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 19:56, 30.09.2019.
Ўқилди: 6644 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.