Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов ФИФА расмий сайтига интервью берди.
"Биз бутун саралаш босқичи давомида қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз ва турнирни юқори савияда ўтказишимиз керак. Илк марта жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритишни истасак, аввалги хатоларни такрорламаслигимиз керак.
Биз йўлланмани қўлга киритишга қодирмиз. Аввалги ЖЧлари саралашининг дастлабки босқичлари яхши ўйнаганмиз. Россиядаги Мундиалга чиқиш учун яхши имкониятга эга эдик, аммо ҳал қилувчи учрашувларда юқори савияда ўйнай олмадик. Шу боис, омадсизликка учрадик. Бу футбол", — деди "Шангхай СИПГ" клубининг 32 ёшли футболчиси.
ЖЧ-2022 саралашининг дастлабки баҳсида Ўзбекистон сафарда Фаластинга ютқазиб қўйди. Натижада Эктор Купер истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига Вадим Абрамов бош мураббий этиб тайинланди. Октябрь ойида ўзбекистонликларни Яман ва Сингапурга қарши ўйинлар кутиб турибди. Аҳмедов терма жамоа футболчиларидан бу рақибларга нисбатан енгил қарамасликни сўрамоқда.
"Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритмоқчи бўлган ҳар бир жамоанинг ўзига яраша кучли томонлари мавжуд. Уларга нисбатан менсимаслик назари билан қараб бўлмайди. Биз ҳар бир рақибни ҳурмат қилишимиз керак. У Саудия Арабистони ёки гуруҳда 3та бошқа рақиблар бўладими — фарқи йўқ".
Одил Аҳмедов фаолияти давомида 3та жаҳон чемпионати саралаш босқичида иштирок этган. Мазкур ўйинлар давомида у 9та гол урган. Қатарда ўтадиган Мундиал эса ярим ҳимоячи учун сўнгги имконият бўлиши мумкин.
"Мақсадимиз аниқ — Қатардаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш. Мен "Шангхай" сафида иккита мавсумни ўтказиб, ўтган йили Хитой суперлигаси ғолиблигини қўлга киритдим. Халқаро даражада эса терма жамоамизга ёрдам бериб, илк марта ЖЧда иштирок этишни истайман.
Терма жамоада иқтидорли ёшлар кўп. Умид қиламан, улар юқори савиядаги футболчига айланиб, терма жамоага ўз ҳиссасини қўшадилар. Олдиндан нима бўлишини айтиш қийин, лекин биз ҳамиша кутилмаган воқеага тайёр бўлишимиз керак", — деди Одил Аҳмедов.