Испания Ла лигасининг 8-турида айни пайтда пешқадам бўлиб турган "Реал" ва "Гранада" клублари ўзаро тўқнаш келишди.
Ўйин 1:0 ҳисоби билан бошланди. Боиси, баҳснинг 2-дақиқасида Бэйлнинг аниқ узатмасидан кейин Бензема яқин масофадан зарба бериб, ҳисобни очди.
Мазкур "зарба" меҳмонлар учун анча сезиларли бўлди шекилли, улар биринчи бўлим "Қироллик клуби" дарвозаси олдида хавфли вазият ярата олишмади. Аксинча, бўлим тугаши арафасида мезбонлар ҳисобдаги фарқни оширишди. Федерико Вальверденинг саъй-ҳаракатларидан сўнг Эден Азар кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди. Бу бельгиялик футболчининг Испания чемпионатидаги дастлабки голи бўлди.
"Мадрид"нинг учинчи голида ҳам Вальверде муҳим вазифани бажарди. У ён чизиқда тўпни майдонда сақлаб қолиб, ҳужумга асос солди. Азардан узатма қабул қилган Модрич 26 метрлардан кучли зарба бериб, "тўққизлик"ни нишонга олди.
Бу пайтда ўйиннинг 61-дақиқаси ўтиб бораётган ва барчаси ҳал бўлгандек эди. Аммо орадан кўп ўтмасдан Ареола хатога йўл қўйди. У ҳимоячидан тўпни қабул қилиб, тепиб юбормоқчи бўлганида, ҳужумчи етиб келиб тўпга оёқ узатди. Дарвозабон эса Карлос Фернандеснинг оёғидан тепиб юборди. Пенальти ва сариқ карточка. Давид Мачис аниқ зарба билан "Гранада"нинг дастлабки голини урди.
Учрашувнинг 77-дақиқасига келиб меҳмонлар иккинчи тўпни "Реал" дарвозасига киритишди. Бурчак зарбаси амалга оширилганидан кейин Дуарте дарвозани забт этди — 3:2.
Ўтказиб юборилган 2та голдан кейин Зидан жамоаси дарҳол хушёр тортди ва яна ҳужумлар ташкил қила бошлади. Бензема биринчи голнинг "нусхаси"ни такрорлаши мумкин эди. Бу сафар "Гранада" посбони сэйв намойиш қилди.
Қўшиб берилган дақиқаларда эса "Реал" қарши ҳужум ташкил қилиб, рақибни жазолади. Одриосоланинг узатмасидан кейин Хамес Родригес дарвозани ишғол қилди.
Шу тариқа, мадридликлар осон бўлмаган ғалабани қўлга киритишди ва Ла лигада пешқадамликни давом эттиришади.
Ла лига, 8-тур
РЕАЛ МАДРИД – ГРАНАДА - 4:2 (2:0, 2:2)
Голлар: 1:0 – 2 Бензема, 2:0 – 45 Азар, 3:0 – 61 Модрич, 3:1 – 69, пенальти Мачис, 3:2 – 77 Дуарте, 4:2 – 90 Хамес.
Реал Мадрид – Ареоля, Рамос, Карвахаль, Варан, Одриосола, Вальверде, Каземиро, Бэйл (Хамес, 83), Кроос (Модрич, 34), Азар (Иско, 69), Бензема.
Гранада – Руй Силва, Дуарте, Нева, Диас, Херман Санчес, Азиз (Вадильо, 51), Монторо (Гоналон, 6), Пуэртас, Эррера, Мачис, Сольдадо (Фернандес, 64).
Огоҳлантиришлар: Каземиро (43), Карвахаль (54), Херман Санчес (54), Сольдадо (56), Ареоля (68), Эррера (72), Дуарте (73), Пуэртас (81), Хамес (90).